Сурия ҳукумати ва Друз кучлари мамлакат жанубидаги Сувайда шаҳрида ўтган йилги қонли тўқнашувдан сўнг илк бор маҳбусларни алмашди. Июль ойида юз берган мазҳаблараро зўравонликда юзлаб одам ҳалок бўлган, кенг қамровли ўт очишни тўхтатиш келишуви эса низони вақтинча жиловлаган эди. Ушбу музофот ҳануз марказий ҳокимият назоратидан четда.
Пойтахт яқинидаги Адра марказий қамоқхонасидан 61 нафар друз озод этилди, эвазига 25 нафар ҳукумат ходими қайтарилди. Мазкур амалиёт “International Committee of the Red Cross” воситачилигида ўтказилди. Ташкилот вакиллари энди йўқолганлар тақдири ва гуманитар масала юзасидан мулоқот давом этишига умид билдирган.
Расмийлар муваффақиятли ўтганини тасдиқлаган маҳбуслар алмашинувига АҚШдаги “Tim Ballard Foundation” жамғармаси ҳам кўмаклашгани айтилмоқда.
Сувайдада ўтган ёз друз жангчилари ва сунний бедуин қабилалари ўртасида кескин тўқнашув бошланган. Вазиятни бартараф этиш учун ҳудудга ҳукумат кучлари юборилгач, зиддият янада чуқурлашган. Можаро ортидан ўнлаб друз фуқаролари ҳибсга олинган, айримлари ҳануз “эҳтиёт чораси” ўлароқ, қамоқда сақланяпти.
Мусулмон Зиё, ЎзА