Янгиер шаҳридаги “Жанубий Мирзачўл” каналининг ҳар икки қирғоғи бўйлаб, умумий узунлиги 12 километр бўлган замонавий дам олиш ва маданий маскан барпо этилади.
Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов ушбу ҳудудда олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишиб, лойиҳанинг аҳамиятини таъкидлади:
– Янгиер аҳолиси учун замонавий инфратузилма, дам олиш ва спорт учун қулай масканлар зарур. Шу боис каналнинг ҳар икки қирғоғи бўйлаб замонавий дам олиш масканини барпо этишимиз керак. Бу ер нафақат шаҳримиз, балки бутун вилоят аҳли учун маданий марказ бўлиши лозим, – деди у.

Лойиҳа доирасида дарахтлар ва гулзорлар аҳолига соя ва тоза ҳаво тақдим этади. Газонлар ва яшил майдонлар эса эстетик кўриниш билан бирга, дам олиш имкониятларини ҳам кенгайтиради. Декоратив фавворалар масканга нафосат ва салқинлик бағишлайди. Югуриш ва велосипед йўлаклари соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватласа, 150 дан ортиқ замонавий ўриндиқлар аҳолининг тинч дам олиши учун хизмат қилади.

Шунингдек, санитария талабларига жавоб берадиган енгил конструкцияли хизмат кўрсатиш нуқталари, китоб ўқиш бурчаклари ва кичик кутубхоналар ташкил этилади. 50 та чиқинди қутилари ва 300 та замонавий ёритиш чироқлари ўрнатилади. Асосий йўлаклардан видеоназорат камералари, қутқарув хизмати постлари ўрин олади.
Маскан маҳаллий маданият ва тарихни акс эттирувчи ҳайкаллар, арт-объектлар ва фото-зоналар билан бойитилади. Шу билан бирга, энергия тежавчи технологиялар, жумладан, 100 киловатт қувватга эга қуёш панеллари ўрнатилиб, ҳудуднинг барқарор электр таъминоти таъминланади.

Ушбу лойиҳа нафақат янги дам олиш имкониятларини тақдим этади, балки табиат билан уйғунликда соғлом турмуш тарзи, спорт, маданият ва таълим учун кенг шароит яратишга хизмат қилади.
Янгиер шаҳар ҳокими Отабек Носиров ҳам лойиҳа аҳамиятини таъкидлаб, қуйидагича фикр билдирди:
– Янгиер шаҳри ўзининг саноат салоҳияти билан бирга аҳоли учун қулай ва замонавий дам олиш инфратузилмасига ҳам эга бўлиши зарур. Канал бўйида барпо этиладиган мазкур маскан шаҳримизнинг “яшил белбоғи”га айланади. Бу ерда нафақат юртимиз аҳли, балки ташриф буюрувчи меҳмонлар ҳам табиат бағрида ором олиш, спорт билан шуғулланиш ва маданий тадбирларда иштирок этиш имконига эга бўлади, – деди шаҳар раҳбари.
Шунингдек, ойиҳа маҳаллий аҳоли учун янги иш ўринларини яратишга, шаҳарнинг туризм салоҳиятини оширишга ҳам хизмат қилади. Шу билан бирга, экологик муҳит яхшиланиб, Янгиернинг замонавий ва обод шаҳар сифатида ривожланиши таъминланади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири