Ҳар йили баҳор келиши билан мамлакатимизда туризм мавсуми ҳам бошланади. Кўплаб маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар ҳаво ҳароратининг мўътадиллаши сабабли, тарихий масканлар, зиёратгоҳлар, диққатга сазавор жойларни бориб кўришга ошиқади.
Жорий йилги Рамазон ҳайити муносабати билан юртимизда эълон қилинган дам олиш кунлари ва яратилган шароитлар сабаб ҳозирги кеча-кундузда кўҳна ва боқий Бухорога ташриф буюраётганлар сони бир неча баробарга ошганини кузатиш мумкин.
Давлатимиз раҳбарининг бевосита кўмаги сабаб Бухорода ҳам сўнгги йилларда туризм соҳаси вилоятнинг драйвер йўналишларидан бирига айланди. Бугун бу кентга келишни, қадим обидалардан завқ олишни истаган сайёҳлар сони кун сайин ортиб бормоқда. Шунга мувофиқ, ҳудуднинг туризм салоҳияти ҳам сўнгги йилларда бир неча баробарга юксалди. Барча маданий мерос объектлари қайта жозиба касб этди. Бир вақтнинг ўзида 15 мингга яқин меҳмонни ўз бағрига олишга қодир 200 га яқин янги меҳмонхона фаолияти йўлга қўйилди. Транспорт, логистика хизматларини кўрсатиш бўйича янги инфратузилмага асос солинди. Бунинг натижасида яхшигина натижалар қўлга киритлмоқда.
–Бухорода 520 дан ортиқ жойлаштириш воситалари бевосита фаолиятини бошлади, –дейди Бухоро вилояти туризм бошқармаси бошлиғи ўринбосари Бобир Тўқсонов. –130 дан ортиқ айнан туристларга хизмат кўрсатувчи туристик компания фаолият кўрсатмоқда. Айнан туризмга ёндош соҳаларда 10 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Туристик инфратузилмаларнинг хизматини ошириш эвазига бугун кунда ҳам сайёҳларнинг ҳудудда бўлиш муддатини узайтирамиз, ҳам бюджетга солиқ тушумларини кўпайтирамиз. Пировард натижада янги иш ўринлари яратамиз.
Мамлакатимизда ички туризмни ривожлантиришга катта эътибор каратилиши баробарида юртимизда нишонланадиган байрамлар арафасида қўшимча дам олиш кунлари берилиши аҳолининг бетакрор манзилларда мароқли хордиқ чиқариши учун имкониятларни кенгайтирди.
–Биз бу ерга меҳмон бўлиб келганмиз, – дейди фарғоналик сайёҳ Дилнора Умидова. –Биз Ўзбекистон U17-U18 миллий қизлар терма жамоаси аъзосимиз. Дам олиш кунлари кўҳна ва боқий Бухорони томоша қилгани келдик. Жуда чиройли шаҳар экан. Бизга жуда ҳам ёқди.
–Бухорога келганимиздан жуда хурсандмиз, –дейди франциялик сайёҳ Франсуа Эссерик. –Дунёнинг ҳеч бир ерида бўлмаган гўзалликларни кўриб ҳайратланяпман. Зардўзлик, заргарлик, каштачилик ва наққошлик ҳунарлари, ҳунармандчилик маҳсулотларининг таърифига тил ожиз. Мен ўқитувчи бўлиб ишлаганман. Бошқа мамлакатлар маданиятини ўрганишни яхши кўраман. Бухорони чин дилдан севдим. Шу вақтгача сақлаб қолинган маданий меросингизни яна кўп асрлар асраб-авайлаб, авлодларга етказишингизни истардим.
–Энг аввало, Бухородан олган таассуротларимни меҳмонхонадан бошласам, –дейди АҚШлик сайёҳ Партхо Гош. –Очиқ чеҳра билан жуда яхши кутиб олишди. Айниқса, овқатлари мазали. Қадимий шаҳар бўйлаб саёҳатимизни энди бошладик. Гидимиз ёрдамида обидалар ва ҳунармандчилик тарихи ҳақида маълумотларга эга бўляпмиз. Шуни ишонч билан айта оламанки, Ўзбекистонга келиб, Бухорони кўрмай кетсангиз, ўзбеклар юртини саёҳат қилмай кетган бўласиз!
–Ўзбекистонга биринчи марта 1977 йилда келганман, –дейди австриялик сайёҳ Ҳелга Маер. –Ўшанда ҳам катта таассуротлар билан қайтгандим. Шундан буён бу эртакнамо мамлакатга яна келишни орзу қилардим. Мана ниҳоят орзуим ушалди. Юртингизга келишдан олдин Қозоғистон, Қирғизистонга саёҳат қилдик. Саёҳатимизнинг энг қизиқарли саҳифаси Ўзбекистон, Бухоро бўлади, деб ўйлаймиз. Мен энг гўзал хотиралар билан юртимга қайтаман.
Қадим Бухоро мамлакатимиздаги йирик туризм марказига айланиб улгурди. Айниқса, ҳудудда туризм инфратузилмаси халқаро даражада ташкил этилмоқда. Хорижий сайёҳларга кўрсатиладиган хизматлар орқали ўтган йили Бухоро вилоятида туризм хизматлари экспорти 339,1 миллион АҚШ долларга етказилди ва бу 2022 йилга нисбатан 2,4 бараварга кўпайганини кўрсатяпти. Шу билан бирга, республикамиз ҳудудларидан вилоятга 3 миллион 490 минг нафар маҳаллий аҳоли сайёҳ сифатида ташриф буюрди. Ўтган йили 23 та янги туристик ташкилот фаолияти йўлга қўйилиб, ҳозир 142 та турфирма иш олиб бормоқда. Ушбу ишлар натижасида 2023 йилда хорижий сайёҳлар оқими 2,5 бараварга ошганини кўриш мумкин. Албатта, эришилган натижаларнинг барчасида соҳа ривожи учун яратилган имкониятлар бош омил бўлмоқда.
[gallery-16899]
Мухтасар айтадиган бўлсак, сўнгги йилларда вилоятда кечаётган ўзгаришлар туризм имкониятларини ҳам оширгани бор гап. Боиси, янгиланаётган юртда муқаддас қадамжолар янада обод масканларга айланяпти, меҳмонларга сифатли хизмат кўрсатиш имкониятлари кенгаймоқда. Давлат раҳбарининг эътибори, бевосита кўмаги туфайли қадим воҳанинг ҳар бир ҳудудида алоҳида туристик брендлар яратиш ишлари қизғин давом этяпти. Бу ҳам юртимиз довруғининг янада кенгроқ ёйилишига сабаб бўлмоқда.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари