Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дам олиш куни II Тошкент халқаро марафони ўтказилади
15:34 / 2020-12-04

Аҳолини оммавий спортга кенг жалб этиш орқали уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида 6 декабрь – якшанба куни пойтахтимизда “Бутун мамлакат билан югур” шиори остида II Тошкент халқаро марафони ўтказилади.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси маълумотига кўра, II Тошкент халқаро марафони икки хил масофа – узунлиги 42 километр 195 метрдан иборат марафон ҳамда 21 километр 97 метрни ташкил этувчи ярим марафон шаклида ташкил этилади.

Югуришнинг старт-финиш чизиғи Афросиёб ва Бешёғоч кўчаларининг кесишуви – «Ҳумо Арена» муз саройи олдида жойлашган. Спортчиларнинг натижаларини максимал даражада аниқ билиш учун вақт ўлчов чиплари ҳамда махсус транспондер тизимидан ҳам фойдаланилади. Марафон ва яриммарафон масофаларида вақт чеклови белгиланган бўлиб, спортчилар ушбу вақт давомида масофани якунлаши шарт.

Марафон ва ярим марафон баҳсларида маррага етиб келган ҳар бир иштирокчига марра медали топширилади. Шунингдек, тадбир ташкилотчилари ва хомийлар тарафидан мусобақа ғолиблари ва иштирокчиларига қўшимча совғалар ҳам кўзда тутилган. Марафон ва ярим марафон иштирокчилари 18 ёшдан кичик бўлмаслиги лозим.

Марафонда 1-ўрин соҳиби 30 миллион сўм, ярим марафон ғолиби эса 12 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланади.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА