Ижтимоий ҳимоя тизимини тубдан янгилашга қаратилган "INSON" лойиҳаси орқали фуқароларни қўллаб-қувватлашга қаратилган янги хизматлар, бошқарув моделлари ва институционал механизмлар жорий этилмоқда.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузурида Ижтимоий сиёсат лабораторияси фаолият юритиб, лойиҳа доирасидаги ташаббусларни таҳлил ва мониторинг қилмоқда.
"INSON" лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган кўплаб дастурлар инновацион хусусиятга эга. Янги ёндашувлар эса ўз-ўзидан юқори самара беради, деб ҳисоблаш етарли эмас. Шу боис уларнинг таъсирини аниқ ўлчаш ва таҳлил қилиш долзарб вазифага айланмоқда.
Илмий баҳолаш ислоҳотларни босқичма-босқич ва масъулият билан кенгайтириш, энг самарали ечимларни аниқлаб, бюджет маблағларидан оқилона фойдаланиш, хавф ва камчиликларни эрта босқичда аниқлаш, давлат сиёсатини далилларга асосланган ҳолда шакллантириш каби имкониятларни беради.
Бу жараёнда тасодифий назорат синовлари (RCT) методологияси муҳим ўрин тутади. У муайян дастур натижасида юзага келган ўзгаришларни бошқа омиллардан ажратиб, аниқ баҳолаш имконини беради.
Илмий баҳолашни юқори стандартлар асосида амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон халқаро тадқиқот марказлари билан ҳамкорликни кучайтирмоқда. Хусусан, J-PAL Europe билан стратегик ҳамкорлик йўлга қўйилди.
Бу марказ Abhijit Banerjee ва Esther Duflo томонидан асос солинган бўлиб, унинг асосий мақсади — ижтимоий сиёсатни илмий далилларга таянган ҳолда шакллантириш орқали камбағалликни камайтиришдир.
Марказ иштирокида баҳоланган дастурлар бугунги кунга қадар дунё бўйлаб 850 миллион нафардан ортиқ инсонни қамраб олган.
Ҳамкорлик доирасида "INSON" лойиҳасида иштирок этувчи барча асосий тузилмалар билан учрашувлар ўтказилди, 28 та эҳтимолий интервенция таҳлил учун дастлабки рўйхатга киритилди, Жаҳон банки ва J-PAL билан биргаликда 8 та устувор дастурни илмий баҳолаш режалаштирилди.
Мазкур ҳамкорлик нафақат миллий ислоҳотларни самарали амалга ошириш, балки институционал ўрганиш ва тажриба алмашиш учун ҳам муҳимдир.
Шу тариқа, Ўзбекистон нафақат ўз ижтимоий ҳимоя тизимини модернизация қилаётган давлат сифатида, балки замонавий ижтимоий сиёсат самарадорлиги бўйича глобал билимлар яратаётган мамлакат сифатида ҳам намоён бўлмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА