2022 йилнинг 10 март санаси. Бу кун ўзбек пахта-тўқимачилик саноатида янги давр бошланган тарихий кун.
Зотан, ушбу кунда узоқ йиллар давомида муҳим саноат хом ашёмиз ва у асосида ишлаб чиқарилган маҳсулотларимизга қўйилган глобал тақиқ ечилди. Яъни “Cotton Campaign” халқаро коалицияси томонидан ўзбек пахтасига нисбатан бойкот бекор қилингани расман эълон қилинди.
Бу қишлоқ хўжалиги соҳаси тубдан модернизация қилиниб, унга бозор тамойиллари татбиқ этилгани, пахта йиғим-теримида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга буткул барҳам берилгани жаҳонда тан олинганининг ёрқин тасдиғидир.
Ислоҳотларнинг янги даври бўлмиш охирги беш йилликда пахтадан «сиёсий экин» туси том маънода олиб ташланди. Пахта далаларига сочилиб кетган миллат болалари эгатлардан қайтариб олинди. Унинг эгилган боши, тупроққа қоришиб кетган қадр-қимматини қайта тикланди. Пировардида мамлакат халқаро ҳамжамият олдида «Болалар меҳнати», «Аёлларни оғир ва хатарли меҳнатга жалб қилиш», «Мажбурий меҳнат» деган таъна-дашномлар, исноддан қутулиб, турли иқтисодий чекловлардан озод бўлмоқда.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон “Cotton Campaign«нинг «қора рўйхати»дан чиқарилгани ҳақида тўхталар экан, жумладан, шундай деди: «Неча йиллардан бери манфаат қилмадик. Пахтамизнинг ранги оқ эди, лекин «қора» бўлиб юрди. Биз бунинг учун қанча қийналдик. Агар сиёсий ирода бўлмаганида шу нарсалар бўлармиди? Лекин бу — кураш. Кеча телевизорда кўрсатди, қадрига етган одам хурсанд бўлиб йиғлади. Миллатимизнинг қиймати бу».
Очиғини айтиш керак, 12 йил давомида амалда бўлган чекловни олиб ташлаш осон бўлгани йўқ. Негаки, яқину йироқдагилар Янги Ўзбекистонда юз бераётган инқилобий ўзгаришларни, айниқса, пахтачиликдаги ижобий ўнгланишларни ҳазм қилиши, эътироф этиши силлиқ кечмади.
Шу боис бу борадаги халқаро ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Халқаро меҳнат ташкилоти, АҚШ Давлат департаменти ва Меҳнат вазирлиги, шунингдек, “Cotton Campaign” коалицияси билан ҳамкорликда одам савдоси, мажбурий меҳнатга қарши курашиш ва ишчилар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича ишлаб чиқилган комплекс чора-тадбирлар режалари муваффақиятли амалга оширилди.
Шу билан бирга, мамлакатимизда миллий қонунчилик такомиллаштирилиб, улар халқаро стандартларга мувофиқлаштирилди. Аниқроғи, 2019-2021 йилларда 32 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди, Халқаро меҳнат ташкилоти ва Халқаро миграция ташкилотининг қатор конвенция ҳамда баённомалари ратификация қилинди. Болалар меҳнатидан ва мажбурий меҳнатдан фойдаланганлик учун жиноий жавобгарлик кучайтирилди. Шу тариқа пахта-тўқимачилик саноатининг бамисоли пешонасига босилган тамға олиб ташланди.
БОЙКОТ ВА УНИНГ ТАЪСИРИ ҚАНДАЙ БАРТАРАФ ЭТИЛДИ?
Маълумки, ўзбек пахтасига илк 2009 йилда бойкот эълон қилинган эди. Орадан бир йил ўтгач, “Cotton Campaign” коалициясининг ушбу чақириғига 60 дан ортиқ компаниялар қўшилди. 2022 йилга келиб эса ўзбек пахтасини бойкот қилган халқаро бренд ҳамда ритейлерлар сони 331 тага етди. Улар орасида “C&A”, “Gap Inc.», “H&M”, “Levi Strauss & Co.», “Tesco”, “Walmart”, “Nike”, “Zara” каби дунё тўқимачилик бозорида етакчи бўлган йирик брендларнинг ҳам борлиги ўзбек пахта-тўқимачилик саноати ва унинг экспортига салбий таъсирини ўтказмай қолмади.
“Cotton Campaign” халқаро коалицияси вакилларининг бир овоздан айтишича, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан қишлоқ хўжалиги соҳаси, хусусан, пахтачиликда ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва бошқаришнинг кластер усулига ўтилгани энг тўғри йўл бўлди. Бунинг натижасида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам берилди.
Яна бир эътиборли томони, қулай агробизнес муҳити яратилиб, Ўзбекистонда замонавий жиҳозлар ва илғор технологиялар билан таъминланган йирик корхоналар пайдо бўлди. Уларда пахта толасини чуқур қайта ишлаш занжири яратилиб, барча жараёнларни кузатиш имконини берадиган шаффоф тизим яратилди. Меҳмонлар ўзбек тўқимачилари муваффақиятининг бош омили бўлган ушбу янгиликларни Бухоро вилоятидаги “BCT Cluster”, Тошкент вилоятидаги “TCT Cluster” пахта-тўқимачилик кластерларида бўлиб ўргандилар. Ва пахта-тўқимачилик саноати мажбурий меҳнат буткул холи бўлган жозибадор тармоққа айланганини яна бир марта эътироф этдилар.
2016 йилда юртимизда етиштирилган пахта хом ашёсининг 37 фоизи ўзимизда қайта ишланган бўлса, ҳозирги пайтда Ўзбекистон ўз пахта толасини 100 фоиз қайта ишлаш қувватига эга бўлди. Бунинг эвазига хом ашё экспорти батамом тўхтатилди. Аксинча, қайта ишланиб, қўшимча қийматга эга маҳсулот сифатида экспорт қилина бошланди.
Бошқача айтганда, толани ўзимизда чуқур қайта ишлаш ҳажми ортиб, калава ип йигириш 2 баробарга, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш 3 баробарга ошди. Ўз навбатида, экспорт миқдори муттасил ортиб, 2021 йил якунлари бўйича 3,1 миллиард долларга етказилгани қувонарлидир.
Ҳисоб-китобларимизга кўра, Ўзбекистон биргина пахта толасини чуқур қайта ишлаш эвазига йиллик экспорт ҳажмини 50 миллиард долларга чиқариш салоҳиятига эга. Биринчи марра яқин 2-3 йил ичида экспортни 10 миллиард долларга етказишдир. Бунда Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмаси тизимида фаолият юритаётган 122 та пахта-тўқимачилик кластери «драйвер» вазифасини ўтайди.
Чиндан ҳам, бугунги кунда пахта етиштириш ва уни қайта ишлаш билан Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган кластерлар шуғулланмоқда. Улар томонидан соҳани механизациялаштириш, қўл меҳнатини камайтириш, меҳнатга муносиб ҳақ тўлаш борасида тизимли чора-тадбирлар кўриляпти.
ҚЎЛ МЕҲНАТИДАН ВОЗ КЕЧИЛМОҚДА
Давлатимиз раҳбари ўзбек матбуотига берган илк интервьюсида куйиниб айтганидек, «Аҳвол шу даражага етиб борган эдики, уйимизнинг томигача пахта экдик, лекин косамиз оқармади. Мактаб болаларини ҳам пахтага ҳайдадик. Севимли шоиримиз Абдулла Орипов ўз даврида чуқур дард ва изтироб билан «Миллион эгатларга сочилган ўзбек», деб ёзганидек, юз йил эгилиб пахта тердик.
Яқин-яқингача ҳар йили тахминан 6-7 миллион одам пахта теримига мажбуран сафарбар этиларди. Мана, уч йилдан буён улар бу машаққатдан қутулди. Қанчалик қийин бўлмасин, бу соҳада биз бозор иқтисодиётининг синалган ва самарали усулларини, жумладан, кластер тизимини жорий этдик. Кластерлар ёрдамида гектаридан пахта бўйича 50 центнер, ғалла бўйича 100 центнердан ҳосил олишни кўзлаяпмиз ва бу марраларга, албатта, эришамиз».
Таъкидлаш керакки, 2017 йилда республикамизда етиштириладиган ялпи пахта ҳосилининг бор йўғи 0,9 фоизи кластерлар ҳиссасига тўғри келган бўлса, ушбу кўрсаткич 2018 йилда 15,1 фоизни, 2019 йилда 68 фоизни, 2020 йилда 91 фоизни ташкил этди. 2021 йилдан эътиборан пахта хом ашёси 100 фоиз пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан етиштирилди. Ҳосилдорлик эса охирги бир йил ичида ўртача 10 фоизга кўтарилди.
Энг муҳими, кластерлар томонидан амалиётга интенсив ва инновацион агротехнологияларни қўллаш, механизациялаштириш жараёнини жадаллаштириш ҳисобига қўл меҳнатидан босқичма-босқич воз кечиляпти. Бу ҳақда сўз юритилганда, 2019-2020 йилларда 21 минг гектардан ортиқ майдонда сув тежовчи технологиялари жорий этилгани, умумий қиймати 3,6 триллион сўмлик 14 мингдан ортиқ юқори унумли қишлоқ хўжалиги техникалари, шу жумладан, 660 та пахта териш машиналари сотиб олинганини айтиш жоиз.
Соҳада эришилаётган бу каби муваффақиятлар “Cotton Campaign” коалицияси ҳамда нуфузли халқаро ташкилот ва тузилмалар томонидан тан олиняпти, юксак эътироф этилмоқда.
Патриция Журевич, “Responsible Sourcing Network” бош директори ва “Cotton Campaign” асосчиларидан бири:
– Мен Ўзбекистонни бетакрор мамлакат деб биламан. Кластерлар кўринишидаги вертикал интеграция орқали пахта билан боғлиқ барча жараёнлар шу ернинг ўзида амалга оширилиши имкони бор. Бунда пахта етиштирувчилардан тортиб то охирги маҳсулот тайёр бўлгунгача жараёнларда тўла шаффофлик ва кузатувчанликка эришиш мумкин. Бу жуда ноёб ҳодиса ва халқаро ҳамжамиятни ўзига жалб қила олади. Кластерлар уюшмаси эса, бу албатта яхши, у орқали кўплаб иш ўринларини яратиш, қолаверса, пахта саноатида ишловчиларнинг ҳаётини яхшилай олиш мумкин.
Беннет Фриман, “Cotton Campaign” асосчиларидан бири, АҚШ давлат котибининг демократия, инсон ҳуқуқлари ва меҳнат бўйича ёрдамчиси собиқ ўринбосари:
– Биз президент Шавкат Мирзиёевнинг давлат томонидан мажбурий меҳнатга барҳам бериш ва Ўзбекистон пахта секторини ислоҳ қилиш учун зарур бўлган тарихий ислоҳотлар ташаббуси ва амалга оширишдаги раҳбариятини юқори баҳолаймиз. Сўнгги йилларда Ўзбекистон томонидан эришилган натижалар “Cotton Campaign” халқаро коалицияси томонидан ўзбек пахтасига нисбатан эълон қилинган бойкотни олиб ташлаш учун асос бўлди. Энди биз Ўзбекистон ҳукуматини фуқаролик жамияти учун майдон очишга ва глобал брендларни жалб қиладиган ҳамда меҳнат ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган масъулиятли етказиб берувчилар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш учун зарур бўлган қулай муҳитни яратишга чақирамиз.
ЭНГ ЖОЗИБАДОР МАМЛАКАТГА АЙЛАНАМИЗ
Ўзбек пахтасига эълон қилинган бойкот бекор қилиниши, аввало, Ўзбекистонни пахта-тўқимачилик саноатида дунёнинг энг жозибадор мамлакатларидан бирига айланишига кенг йўл очиб беради. Бу эса тўқимачилик саноатида дунёдаги етакчи корхоналарнинг Ўзбекистон бозорига кириб келишига имкон яратади. Мамлакатда миллионлаб одамларга янги иш ўринларини яратишга, қишлоқ хўжалиги соҳасида халқаро стандартларни жорий этишга, тўқимачилик маҳсулотларининг экспорт ҳажмини оширишга ҳамда соҳада халқаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Қувонарлиси, ҳозирнинг ўзида “Adidas” ва “Nike” брендларининг спорт буюмларини аутсорсинг шартлари асосида, “Hugo Boss” ва “Inditex” гуруҳларининг “Zara”, “Massimo Dutti”, “Bershka”, “Stradivarius” ва бошқа брендлари шартнома асосида Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш таклифларини киритмоқда.
Бундан ташқари, янги бозорларнинг очилиши туфайли кластерларда «хом ашёдан — тайёр маҳсулотгача» тамойили асосида тўлиқ саноат занжири яратилиши орқали экспорт кўрсаткичларини 50,0 миллиард долларга етказиш учун реал имконият вужудга келмоқда. Шунинг учун Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмаси тизимида инвестициявий лойиҳалар изчил ижросига киришилди.
Маълумотларга қараганда, бугунги кунда мавжуд кластерларнинг 17 тасида пахтани қайта ишлашнинг бешта босқичи, 22 тасида тўртта босқич, 30 тасида учта босқич, 36 тасида 2 та босқич ва 16 тасида битта босқичи қамраб олинган. Аммо устувор режага кўра, яқин келажакда барча кластерлар беш босқичли чуқур қайта ишлаш тизимига тўлиқ ўтади. Шу мақсадда 2022-2026 йилларда пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан 300 дан ортиқ инвестициявий лойиҳалар амалга оширилиши белгилаб олинган. Пировардида хом ашёни чуқур қайта ишлаб бўйича қўшимча қиймат занжири йўлга қўйилиб, 350 мингта янги иш жойлари яратилади. Тўқимачилик маҳсулотлари экспортининг умумий ҳажми эса икки баравар ошиши кутилмоқда.
Чиндан ҳам, эндиликда ўзбек тўқимачилик саноатчилари 331 та халқаро бренд ҳамда ритейлерларнинг буюртмасини қабул қилиш имкониятига эга бўлдилар. Бу — ўзбек пахта толаси ва у асосида тайёрланган маҳсулотларга дунё бозорлари очилди, дегани! Бу саноатимизда тарихий ғалабадир!
Муртазо РАҲМАТОВ,
«Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари»
уюшмаси раиси, иқтисодиёт фанлари доктори, сенатор.