Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Далаларда пахта терими бошланди
12:22 / 2025-09-04

Бу йилги мавсумда Бухоро тумани пахтакорлари биринчилардан бўлиб ҳосилни йиғиб-териб олишга киришди. “Кунжи Қалъа” маҳалла фуқаролар йиғинидаги “Янгиобод” пахта қабул қилиш маскани дастлабки пахта карвонини қабул қилди.

Бухоро тумани пахтакорлари бу йил 32 минг тоннага яқин пахта хомашёсини йиғиб олиб, катта “оқ олтин” хирмонига барака киритиш, фермер хўжаликлари меҳнатига яраша моддий манфаатдорликка эришиш ҳаракатида. Бунинг учун ҳар бир ҳудуд ва фермер хўжалигида терим отряди аъзоларини далага келтириш, улар учун дала бошида тушлик, иссиқ овқат, тоза ичимлик суви, зарур меҳнат шароитларини яратиб бериш, ҳосилни қабул масканига ташиш учун етарли техника воситаларини шай ҳолатга келтиришга эътибор қаратилмоқда. 

Пахта йиғим-теримига киришилгани ва дастлабки ҳосил карвони қабул қилингани муносабати билан бугун “Янгиобод” пахта қабул қилиш масканида туман раҳбарияти, илғор фермерлар, жамоатчилик вакиллари жам бўлди.  Нуронийлар “оқ олтин” хирмонига ўз ҳиссасини қўшаётган барчага куч-ғайрат ҳамда баракали ҳосил тилаб дуога қўл очди.

Шунингдек, Қоровулбозор тумани деҳқонлари 5 минг 282 гектар майдонда мўл ҳосил етиштирди. Деҳқонлар олдида турган бугунги вазифа 15 минг тонналик “оқ олтин” хирмонини тезроқ бунёд этишдан иборат. “Арк эко кластер” МЧЖ ҳамда “Бухоро агрокластер” МЧЖларга қарашли пахта қабул қилиш пунктларида пахта мавсумига бошланишига бағишланган тадбир ташкил этилди.

Тадбирда туман ҳокими, ИИБ бошлиғи, ҳоким ўринбосарлари, Солиқ инспекцияси бошлиғи, кластер раҳбарлари, фермер хўжаликлар раҳбарлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Биринчилардан бўлиб пахта ҳосилини олиб келган фермер хўжалиги раҳбарлари ҳамда тракторчиларига эсдалик совғалар топширилди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.