Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Даладан – омборга, омбордан – хорижга
14:29 / 2024-07-26

Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йилнинг 17 июль куни ўтказилган ҳудудлар ва тармоқларда иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича биринчи ярим йиллик таҳлили ҳамда йил якунига қадар устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилишида ички бозорда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш билан бирга хорижга мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини кўпайтириш зарурлиги таъкидланди.

Бунда биринчи галда мева-сабзавотни сақлаш, саралаш ва қайта ишлаш қувватларини ошириш, хорижга қайта ишланган маҳсулотлар экспортини ошириш кераклиги қайд этилди. Бу борада амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб берилди. Маълумотларга кўра, жорий йилнинг биринчи ярмида Самарқанд вилоятида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 18,3 триллион сўмни ташкил этиб, мазкур тармоқнинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши қарийб 29 фоиз, аҳоли жон бошига 4,3 миллион сўмга етди. Йил якунига қадар яна 53,5 триллион сўмлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши кутилмоқда.

– Ҳозирда вилоятда қуввати 211 минг тонналик 10 та агрологистика маркази фаолият кўрсатмоқда, – дейди Самарқанд вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Бекзод Тугалов. – Бу субъектларда 11,5 минг гектар интенсив боғ, иссиқхона ва экин майдони, 65 минг тонналик музлаткич ва омборхона, 70 та махсус техника мавжуд. Шунингдек, 200,2 минг тонна сиғимга эга бўлган 251 та сақлов омбори ташкил этилган. Йилнинг биринчи ярмида қуввати 4,8 минг тонна бўлган 3 та музлаткич қурилиб, маҳсулот қабул қила бошлади. Жумладан, Булунғур туманида “Нурсултон Камронбек Савдо” масъулияти чекланган жамияти томонидан 2,8 миллиард сўмлик лойиҳа асосида 500 тонна маҳсулот сақлаш имкониятига эга омборхонаси ташкил этилди. Айни пайтда эса Самарқанд туманида “MULTI FRUIT KOREA” масъулияти чекланган жамияти 19 миллиард сўм маблағ эвазига 3 минг тонна қувватга эга замонавий агрологистика маркази ташкил этмоқда. Жорий йилнинг олти ойи давомида 136,4 миллион сўмлик мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти амалга оширилди. Экспортда анъанавий қишлоқ хўжалик экинлари, мева-сабзавот билан бирга паррандачилик, чорвачилик маҳсулотлари улуши ошмоқда. Хусусан, Самарқанд туманидаги “Навобод наслли парранда” корхонаси Хитойга 6 миллион долларлик парранда оёқларини сотган.
Оқдарё тумани Пичоқчи маҳалласидаги “Баракасини берсин томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамияти эса 700 тонна дуккакли ва қуруқ мева маҳсулотларини Туркия ва Саудия Арабистонига экспорт қилди. Мазкур корхона хорижлик ҳамкорларига йил якунига қадар яна 1,5 минг тонна маҳсулот етказиб бериш бўйича шартнома имзолаган.

Умуман, вилоятда йилнинг иккинчи ярмида қуритилган мева-сабзавот, узум, дуккакли экинлар ҳисобига экспорт ҳажми анча юқори бўлиши кутилмоқда.

Соҳани янада ривожлантиришда янги лойиҳаларни амалга ошириш, хорижий инвестицияларни жалб этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бошқарма масъулининг таъкидлашича, инвестиция дастури асосида жорий йилда 4,7 триллион сўмлик 288 та лойиҳа амалга оширилиш белгиланган. Бу лойиҳаларнинг 15 таси хорижий инвестиция ҳисобланади. Бунга қўшимча равишда маҳаллий ва хорижий инвестиция ҳисобига умумий қиймати 52 миллион доллар бўлган яна 27 та лойиҳа шакллантирилган. Жумладан, йилнинг дастлабки олти ойида Булунғур туманида “Qiyang international agroinvest” МЧЖ томонидан 5 миллион долларлик маккажўхори етиштириш лойиҳаси доирасида 670 минг доллар инвестиция ўзлаштирилди. 

Бугунги кунда вилоятдаги 631,4 минг аҳоли томорқа хўжаликларида 69,6 минг гектар томорқа ерлари мавжуд. Томорқада “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида йилига бир неча марта маҳсулот етиштиришга ихтисослашган маҳаллалар сони 576 тага етди. Йил бошидан буён 127 маҳалла драйвер йўналишларидан келиб чиқиб, муайян маҳсулот етиштиришга ихтисослаштирилди. Аҳоли томорқаларида етиштирилган маҳсулотлар ҳам бугун томорқа хизмати томонидан экспортга йўналтирилмоқда. Ишсиз аҳоли бандлигини таъминлаш учун уларга ижара асосида ер майдонлари ажратиб берилмоқда. Ҳозирда вилоят бўйича 73,6 минг нафар фуқарога 24,5 минг гектар ер майдони бириктирилган. Жорий йилда ҳам 20,2 минг нафар ишсиз фуқарога 8,3 минг гектар ер майдони ажратилди. Ушбу ерлардан йилига 2-3 марта ҳосил олиш ҳисобига 661 минг тонна маҳсулот етиштирилади.

Йиғилишда самарасиз боғлар ҳамда паст ҳосилли ерлар ўрнида саноатлашган боғ ва токзорлар барпо қилиш бўйича уч йиллик дастур ишлаб чиқилиши, бу боғлар учун Қишлоқ хўжалиги жамғармаси орқали имтиёзли кредит ажратилиши белгиланди. Ушбу йўналишда ҳам вилоятда аниқ дастурлар асосида иш олиб борилмоқда. Айни пайтда вилоятдаги 28 минг гектар боғнинг 21 минг гектари, яъни 75 фоизи интенсив боғ ҳисобланади. Кейинги тўрт йилда янги талаб асосида 27,3 минг гектар токзор ва 15,3 минг гектар боғ барпо этилди. Биргина жорий йил бошидан буён 5,6 минг гектар боғ ва 4,2 минг гектар токзор ташкил этилди. 

– Пистачилик сердаромад тармоқ бўлса-да шу пайтгача бу имкониятдан етарли даражада фойдаланилмас эди, – дейди Б.Тугалов. – Давлатимиз раҳбарининг вилоятга ташрифи чоғида берилган топшириқлар асосида кейинги йилларда тоғли ва тоғолди ҳудудларда маҳаллий ҳамда хориждан келтирилган навлар асосида пистазорлар ташкил этишга киришилди. Чунки писта денгиз сатҳидан 500-1200 метр баланд бўлган, қурғоқчил жойларда ўстириш учун қулай дарахт ҳисобланади. Вилоятда эса 120 минг гектар шундай ерларда писта етиштириш мумкин ва бу жойларда пистазорлар барпо қилиш бўйича режалар тузилган. Дастлабки босқичда 10 минг гектар майдонда пистазор ташкил этиш кўзда тутилган ва жорий йил баҳор ойларида 1,2 минг гектар ерда хандон писта кўчатлари ўтқазилди. Бу йил вилоятдаги кластер корхоналари ва фермер хўжаликлари 94,2 минг гектар майдонда ғалла парваришлаб, 820 минг тонна ҳосил етиштирди. Даромад ҳам ҳар йилгидан анча юқори бўлди. Ғалладан бўшаган майдонларнинг тўқсон фоизига такрорий экин экилди.
Пахтачиликда ҳам хориждан келтирилган ва янги навлар ҳисобига бу йил ҳосилдорлик аввалги йилларга нисбатан ўртача 2,5 центнерга юқори бўлиши кутилмоқда.

Айтиш мумкинки, бугун мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини аҳоли бандлигини таъминлайдиган асосий тармоқдан, саноатлашган, сердаромад соҳага айлантириш борасидаги ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Бу оддий томорқачи ҳаётидан тадбиркор фаолиятигача ўз ифодасини топмоқда.

Ғ.ҲАСАНОВ,

 А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА мухбирлари