Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Даладан экспортгача” тамойили амалда
16:53 / 2025-09-30

Шу кунларда Тошкент вилоятининг ғалладан бўшаган майдонларида экилган қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосили пишиб етилди. Мазкур жабҳада аҳоли бандлигини таъминлаш, уларнинг даромадларини ошириш борасида ҳудуд масъуллари томонидан тизимли ишлар йўлга қўйилган.

Хусусан, жорий йил ҳудуд бўйича 36,6 минг гектар сабзавот, 14,3 минг гектар картошка, 2,2 минг гектар полиз, 49,2 минг гектар озуқа экинлар, 44,6 минг гектар боғ ва узумзорлар ва 34,1 минг гектарида бошқа экинлар етиштирилмоқда. Ўз навбатида Тошкент вилояти ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси ҳудудий бўлимлари томонидан жойларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва экспорт кўрсаткичларини ошириш борасида доимий ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Қуйи Чирчиқ туманида ҳам такрорий экин учун кўплаб далаларида мош етиштирилди. Деҳқонларнинг ҳосили ички бозорда сотилиши билан бирга, экспортга чиқаришга ҳам ҳаракат қилинмоқда. 

– Бу йилги мавсумда ўзим ишлаётган фермер хўжалигидан такрорий экин учун 10 гектар майдонга мош экдик, – дейди Охунжон Пардаев. – Мавсумда ҳудудимизга бириктирилган карантин инспекторлари биз билан доим бирга иш олиб борди. Ўсимликларни касалланиши ва зараркунандаларга қарши зарур тавсиялар берди. Шу кунларда эса ҳосилни йиғиш арафасидамиз. Кутаётган даромадимиз эса 70-80 миллион сўм. Хусусан, ҳудудда фаолият юритаётган мошни саралаб, қайта қадоқловчи Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси эса ҳудуддаги фермерлар ва деҳқонлар етиштирган ҳосилга асосий харидордир. Бу ерда сараланиб қопланган мош маҳсулотлари йил давомида Хитой давлатига экспорт қилинади. 

Бундан ташқари, Паркент туманида очиқ майдонларнинг  450 гектарида помидор, 366 гектарида пиёз, 109 гектарида бодринг, 22 гектарида булғор қалампири, 320 гектарида картошка, 30 гектарида полиз  103 гектар доривор ўсимликлар экилган. Ўсимликлар карантини ва ҳимояси вилоят бошқармасининг Паркент туманидаги фитосанитар давлат инспектори Нуриддин Насриддиновнинг таъкидлашича, жорий йил об-ҳавонинг иссиқ бўлишига қарамасдан тумандаги фермер, деҳқон хўжаликлари томонидан элимиз дастурхонига мўл помидор етказиб берилди.

Жумладан, сув таъминоти оғир бўлган ҳудудларда эса томчилатиб суғориш тизими орқали сабзавот етиштирилди. Ҳосилнинг кўп қисми қўшни давлатларга экспорт қилинган. Муҳими, “Даладан экспортгача” тамойили асосида қилинаётган саъй-ҳаракатлар ўз натижасини бермоқда. “e-Fitouz” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали барча жараёнлар қамраб олинди. 

Мутахассислар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига турли касаллик ва зараркунандаларга қарши минерал ўғит ва кимёвий воситалар билан таъминлаш, агрокимёвий хизматлар кўрсатиш чораларини кўрмоқда. 

А.Мусаев, ЎзА.