Гулистон туманида баҳорги мавсумда картошка уруғини экиш, озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ҳамда аҳолини сифатли ва арзон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлашга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда. Шу мақсадда “Пахтаобод” сув истеъмолчилар уюшмаси ҳудудидаги “Мурод Мухтор нияти” фермер хўжалигида амалий дала семинари ташкил этилди. Унда туман ҳокими Олимжон Жўраев, туман прокурори Дилшод Сангиров, фермер хўжаликлари раҳбарлари, агрономлар ва соҳавий мутахассислар иштирок этишди.
Очиқ мулоқот тарзида ўтказилган семинарда баҳорда экилган картошканинг агробиологик хусусиятлари, тупроқ-иқлим шароитига мос навларни танлаш, уруғликни экишдан олдин саралаш ва ишлов бериш, минерал ҳамда органик ўғитлар меъёрини тўғри белгилаш, томчилатиб суғориш каби сув тежамкор технологияларни қўллаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Шунингдек, фитосанитар ҳолатни назорат қилиш, касаллик ва зараркунандаларга қарши интегратсиялашган кураш усулларини жорий этиш юзасидан амалий тавсиялар берилди.

Илмий манбаларга кўра, картошка эрта баҳорда, тупроқ ҳарорати 6–8°С га етганда экилса, унинг илдиз тизими барқарор ривожланади ва вегетатция даври самарали кечади. Агротехник тадбирлар тўғри ташкил этилганда, ўртача ҳосилдорлик гектарига 20–25 тонна, интенсив технологиялар қўлланилганда эса 30–40 тоннагача етиши мумкин. Ҳосилдорлик кўрсаткичи аввало сифатли уруғлик, ўғитлаш меъёри, суғориш режими ва парвариш ишларининг ўз вақтида амалга оширилишига боғлиқ.
Таъкидланганидек, ўтган йилда тумандаги 46 та фермер хўжалиги томонидан 250 гектар ер майдонида картошка етиштирилиб, ички бозорни таъминлашга муносиб ҳисса қўшилган. Жорий йилда ҳам шу миқдорда — 250 гектар майдонга картошка экиш режалаштирилган. Бу орқали нафақат туман аҳолисининг эҳтиёжини қондириш, балки вилоят ва қўшни ҳудудларга маҳсулот етказиб бериш, бозорларда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш кўзда тутилган.

Туман ҳокими Олимжон Жўраевнинг фикрича, картошка стратегик аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулоти бўлиб, уни етиштириш ҳажмини ошириш аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, фермер ва деҳқонлар даромадини кўпайтириш, қишлоқ ҳудудларида иқтисодий фаолликни кучайтиришга хизмат қилади.
Семинар якунида илғор тажрибаларни оммалаштириш, ресурс тежамкор ва инноватцион технологияларни кенг жорий этиш, юқори ҳосилдор навлардан самарали фойдаланиш орқали туманда картошка етиштириш самарадорлигини янада ошириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири