ФОТОРЕПОРТАЖ
Андижон вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси томонидан Бўстон туманидаги “Бўз ҳосилдори” фермер хўжалигида дала четларидан самарали фойдаланиш масалаларига бағишланган навбатдаги кўргазмали семинар бўлиб ўтди.
Тадбирда Бўстон, Балиқчи ва Улуғнор туманларидан фермер ва деҳқон хўжаликлари вакиллари, боғбонлар, деҳқонлар, карантин инспекторлари ва соҳа мутахассислари иштирок этди.
Вилоят ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари М.Исроилов сўзга чиқиб, Президентимизнинг 2024 йил 30 декабрдаги “Қишлоқ хўжалиги майдонларидаги қўшимча имкониятлардан фойдаланган ҳолда маҳсулот етиштиришни кўпайтиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Шу билан бирга, қарорда белгиланган вазифалар ва имтиёзлар атрофлича тушунтирилди.
Бўстон туманидаги “Бўз ҳосилдори” фермер хўжалиги семинар иштирокчилари учун намуна сифатида кўрсатилди. Паxта ва ғалла етиштиришга ихтисослашган мазкур хўжаликнинг умумий ер майдони 86,4 гектарни ташкил этади. Дала четларига гилос, олхўри, узум, бодом ва бошқа экспортбоп мевали кўчатлар экилиб, юқори ҳосил олишга асос яратилган.
[gallery-26250]
Шунингдек, семинар давомида иштирокчиларга мутахассислар томонидан кузги дарахт экиш ишларини самарали ташкил этиш бўйича тавсиялар берилди. Хусусан, экспортбоп олча (аччиқ гилос), беҳи, бодом, узум ва бошқа ҳосилдор дарахт турларини экиш, сифатли уруғлик ва кўчат танлаш, сув тежовчи усулларда суғориш ҳамда зарарли организмлардан муҳофаза қилиш бўйича амалий кўрсатмалар берилди. Шунингдек, куз ойларининг охирида тўқсонбости экинлар сифатида саримсоқ, пиёз, сабзи, турп, қизил лавлаги, кўкатлар ва бошқа турдаги сабзавотларни экиш бўйича тавсиялар илгари сурилди.
Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ (сурат), ЎзА