Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дала четларидаги суғориш тармоқлари атрофидаги майдонлар 10 йилгача иккиламчи ижарага берилиши мумкин
15:35 / 2024-07-18

Президент томонидан имзоланган янги қонун билан Ер кодексига ҳамда “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонунга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Унга кўра, эндиликда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларининг дала четларидаги каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги майдонлар 10 йилгача бўлган муддатга иккиламчи ижарага берилиши мумкин бўлади.

Шунингдек, ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар томонидан мазкур ер участкаларида ҳамда боғлар ва токзорларнинг қатор ораларига мақбул экинлар экилишини ёки тут кўчатлари ўтқазилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.  

Бундан ташқари, Ер кодексига киритилган қўшимчаларга кўра, пиллачилик ва тутчиликка ихтисослашган фермер хўжаликларига, агросаноат кластерларига ва бошқа юридик шахсларга майдони 10 гектаргача бўлган ер участкалари ажратилиши мумкин. Илгари бундай норма мавжуд эмас эди.  

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартириш ва қўшимчага кўра, Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ҳамда Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияларига маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга доир ваколатлар берилди.  

М.Комилова,

ЎзА