Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманида дала четлари, каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқларининг атрофларидаги майдонларда, аҳоли томорқаси, хонадонлар ва кўп қаватли уйлар олди ҳамда маҳалланинг ички кўчаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилишини ташкил қилиш масалаларига бағишланган илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.
Президентимизнинг 2024 йил 30 декабрдаги “Қишлоқ хўжалиги майдонларидаги қўшимча имкониятлардан фойдаланган ҳолда маҳсулот етиштиришни кўпайтиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлашга қаратилган ушбу тадбирда Карантин агентлиги вакили, Мирзачўл туман фермерлар кенгаши раиси ҳамда тумандаги қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари, деҳқон-фермер хўжаликлари раҳбарлари ва томорқа ер эгалари иштирок этди.

Семинарда давлатимиз раҳбарининг юқорида номи зикр этилган 2024 йил 30 декабрдаги ПҚ–465-сонли қарорининг мазмун-моҳияти, унда белгилаб берилган имтиёзлар тушунтирилиб, дала чети ва коллектор-дренаж атрофларидан самарали фойдаланиш, экилган мева кўчатлари ва полиз экинлари парвариши хусусида ҳам батафсил маълумотлар берилди.
Юртимизда етиштирилаётган катта-катта пахта, ғалла ва асосий экин майдонлари четларида, шу билан бирга каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги майдонларда ҳамда аҳоли томорқаси, хонадонлар ва кўп қаватли уйлар олди, маҳалланинг ички кўчаларидан самарали фойдаланиш қўшимча маҳсулот ишлаб чиқириш ва аҳоли даромадини оширишга замин бўла олиши алоҳида таъкидланди.

Бунда асосий экинга қўшимча тарзда, дала четларида сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштириш тавсия этилди. Ана шу кичик майдонларда қандай ва қайси муддатларда, қайси сабзавот ва полиз экинларини экиш, қандай парваришлаш ва ушбу экинларини етиштириш технологияси бўйича батафсил тушинчалар берилди.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири