French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дала апробация кўриги – сифатли уруғлик омили
07:13 / 2022-08-05

Наманган вилоятининг Наманган туманидаги “Наманган элита уруғчилик” хўжалигида уруғлик учун экилган майдонларда дала апробациясини ўтказиш ва сифатли уруғлик жамғармасини шакллантиришга бағишланган кўргазмали ўкув-семинар ўтказилди.

Наманган, Андижон, Фарғона, Тошкент ва Сирдарё вилоятларидан келган пахта тўқимачилик кластер корхоналари, қишлоқ хўжалиги бошқармаси масъул мутахассислари, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси мутасаддилари иштирокидаги ушбу семинарда Республика Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов, Қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Тешаев Президентимиз ҳузурида ташкил этилган пахтачилик кенгаши томонидан ҳудудларда маҳаллий шароитларда яхши ҳосил бераётган навларни таҳлил қилиб, супер элита ва элита уруғларини кўпайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар, янги навларни яратиш, бу борада олимлар билан илмий ҳамкорликни янада кучайтириш тўғрисида сўз юритди.

- Ҳар йили пахта етиштирувчи фермер хўжаликларини келгуси йилда юқори ҳосилли ҳамда уруғлик чигити билан узлуксиз таъминлаб бориш мақсадида пахта экилган майдонларда апробация тадбирлари ўтказилади, - дейди “Ўзагроинспекция”нинг Наманган вилояти бошқармаси масъул ходими Илҳомжон Мусаев. - Ғўза апробацияси навларнинг элита ва авлодли экилган майдонларида навнинг ҳақиқий нав тозалиги (навдорлиги), нав аралашмалари, ўсимликларнинг касаллик ва зараркунандалар билан зарарланганлик даражаси ҳамда кутилаётган умумий пахта ҳосили, уруғлик пахта миқдори ва ундан олиниши кутилаётган уруғлик чигит миқдорини аниқлаб бериши билан муҳим тадбир ҳисобланади.  

Таъкидланганидек, жорий йилда Наманган вилоятида жами 63 минг 604 гектар майдонда ғўза парваришланаётган бўлиб, ўтказилган тендер танловларида ғолиб чиққан 236 фермер хўжалигининг 6 минг 88 гектар ерида уруғлик пахта етиштирилмоқда. Иқлим шароитига мос, серҳосил “Наманган-77”, “Андижон-35”, “С-6524”, “С-8295”, “Наманган-34”, “Бухоро-102” ғўза навларининг юқори авлодли уруғликларини олиш режалаштирилган.

Семинарда дала шароитида гўза навдорлигини аниқлаш бўйича апробация ўтказиш ва ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби, ғўза навларини тўғри жойлаштириш ва сифатли уруғлик жамғармасини яратишда ғўза апробациясининг мақсад ва вазифалари, уруғлик пахта майдонларида дала апробациясини норматив-ҳуқуқий хужжатлар талаблари асосида ўтказилишини назорат қилиб бориш, соғлом уруғлик фондини яратишда ўсимликларни химоя қилиш соҳаси олим ва мутахассисларининг асосий вазифалари, элита уруғчилик хужаликларига юқори навдорликка эга бўлган ғўза навларининг оригинал уруғлик материалларини етказиб берилишида институт ва нав муаллифларининг олиб бораётган ишлари, янги яратилаётган ва истиқболли ғўза навларини давлат нав синаш участкаларига топшириш ва синов ўтказиш тартиби, уруғлик майдонларида апробация кўрикларини ўтказиш, навга хос бўлмаган ғўза тупларидан тозалаш, ҳосилини териб олиш тартиби ва яроқсиз деб топилган майдонлардан уруғлик пахта теришга йўл қўймаслик ҳақида тушунчалар берилди.

Бундан ташқари “Ўзагроинспекция”нинг Наманган вилояти бошқармаси ва туман бўлимлари, “Агросаноат мажмуида хизматлар кўрсатиш” давлат унитар корхонаси, “Уруғчиликни ривожлантириш маркази” вилоят бошқармаси ҳамда қатор соҳага алоқадор ташкилотлар томонидан ташкил этилган апробация гуруҳлари эътибор қаратиши лозим бўлган жиҳатлар ҳақида батафсил тўхталиб ўтилди.

Ғўза уруғчилиги хўжаликларида ғўза агротехникаси бўйича олиб борилаётган ишлар, апробациянинг аҳамияти ҳақида сўз юритилди, уруғлик пахта майдонига эга фермер хўжалик раҳбарларига апробацияни сифатли ўтказиш бўйича маслаҳат ва тавсиялар берилди.  

 

Оқилхон Дадабоев, ЎзА