Ҳафта давомида ёмғир тўхтамай ёғиши ортидан юз берган кучли сув тошқини ва кўчки оқибатида Шри Ланка улкан талафот кўрмоқда. Энг сўнгги маълумотга кўра, камида 56 киши ҳалок бўлган, 21 киши йўқолган, минглаб аҳоли хавфсиз ҳудудга кўчирилган.
Фожианинг энг даҳшатли манзараси Бадулла туманида кечаси кузатилди: 21 киши тинч уйқуда ётган уйни улкан кўчки бўлаги босиб қолди. Ижтимоий тармоққа юкланган видео лавҳада бутун бошли уйлар оқиб кетаётгани, кўчалар бир зумда дарёга айлангани акс этган. Мамлакат бўйлаб поезд қатнови тўхтатилган, асосий автомобиль йўллари ёпилган.
Айни дам ушбу орол-давлат табиатнинг навбатдаги зарбасига тайёрланмоқда — “Дитва” номли кучли циклон мамлакат шарқий қирғоғи бўйлаб ҳаракатланмоқда. Об-ҳаво идоралари айрим ҳудудларда ёғингарчилик 200 миллиметрдан ортиши мумкинлиги, дарёлар сатҳи хавфли даражада кўтарилишидан огоҳлантирди. Келани дарёси оқими бўйлаб 48 соатлик қизил даражали огоҳлантириш берилган, хавф остидаги ҳудудлар рўйхатида пойтахт Коломбо ҳам бор.
Шу кунгача 44 000 дан ортиқ аҳоли фавқулодда об-ҳаво таъсирида қолган, 20 000 дан зиёд аскар қутқарув ишига жалб этилган. Ўқувчиларнинг А-левел имтиҳони номаълум муддатга қолдирилди.
Шри Ланка учун муссон мавсуми одатий бўлса-да, бу галги тошқин ва кўчки миқёси йиллар давомида кузатилмаган даражада оғир кечяпти. Сўнгги ўн йилликдаги энг йирик тошқин 2003 йил рўйхатга олинган бўлиб, ўшанда 254 киши ҳалок бўлган. Бугун эса орол яна синов қаршисида. Минглаб одам ҳаёти издан чиққан, табиатнинг қаҳрли зарбаси ҳали якунига етгани йўқ. Аҳоли бир-бирига кўмак бериб, навбатдаги тўлқинга тайёрланмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА