Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Дабусия”, “Жартепа”, “Кофирқалъа” ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилади(ми)?
15:23 / 2021-02-02

Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг яқинда ўтказилган навбатдаги сессиясида вилоят ҳокимининг туризм ва спортни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.Нуруллаев “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонун ижроси юзасидан вилоятда олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

Таъкидланишича, бугунги кунда мазкур қонун ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига кўра, Самарқанд вилоятида 1607 та моддий маданий мерос объектлари рўйхатга олинган. Бу объектларнинг 1011 таси республика аҳамиятидаги,  

596 таси маҳаллий аҳамиятдаги моддий маданий мерос объектларидир.

– Самарқанд шаҳрининг тарихий маркази 2001 йилда ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси қўмитаси қарори билан “Самарқанд – маданиятлар чорраҳаси” номи билан умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган, – дейди Б.Нуруллаев. – Бу ердаги тарихий обидалар, маданият ёдгорликларини асраб-авайлаш, келгуси авлодларга етказиш учун зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Жумладан, ҳозирга қадар вилоят бўйича 1513 моддий маданий мерос объектининг давлат кадастр ҳужжатлари шакллантирилиб, 874 таси давлат рўйхатидан ўтказилган. Бундан ташқари, Қўшработ туманида 3 та, Жомбой, Булунғур ва Нуробод туманларида 2 тадан, Самарқанд ва Иштихон туманларида 1 тадан жами 11 та янги моддий маданий мерос объектлари аниқланди.

2019-2020 йилларда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Миллий археология маркази томонидан вилоятдаги “Кофирқъала”, “Қўйтепа”, “Қулдортепа”, “Навбоғтепа”, “Мингтепа”, “Сазоғон”, “Мозорқўрғон” ва “Шерозқалъа” археологик маданий мерос объектларида илмий тадқиқот ишлари амалга оширилди. Самарқанд шаҳридаги “Афросиёб” археологик маданий мерос объектида консервациялаш ва музейлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, бугунги кунда вилоятдаги “Дабусия” (Пахтачи тумани), “Жартепа”, “Сулаймонтепа” (Ургут тумани) ҳамда “Кофирқалъа” (Самарқанд тумани) археологик маданий мерос кўчмас мулк объектларини “Ипак йўли: Зарафшон дарёси ва Қайроқум йўналиши” бўйича ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси рўйхатига киритиш бўйича лойиҳа-таклифининг муҳокама жараёни бўлиб ўтмоқда.

Аждодларимизнинг мерос обидалардан туристик объект сифатида фойдаланиш, ушбу масканларда сайёҳлар учун зарур шарт-шароит яратиш ҳам муҳим вазифалардан ҳисобланади. Шу мақсадда вилоятдаги 735 та моддий маданий мерос объектларига муҳофаза белгилари, 244 тасига йўл кўрсаткичлари ўрнатилган.  

Вилоятдаги туризим салоҳиятига эга маданий мерос объектлари, зиёратгоҳлар ҳамда музейлардан 13 тасида Wi-Fi ва QR-кодлар, 50 та аудиогидлар ва 25 тасига сайёҳлар ва аҳолининг киришини электрон ҳисобга олиш учун замонавий турникетлар жойлаштирилди.  

Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, моддий маданий мерос объектларининг қўриқланадиган ҳудудларида турли хил қурилиш ва хўжалик ишларини олиб борган 100 га яқин жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан оғзаки огоҳлантириш берилган. 20 ҳолат бўйича прокуратура ва суд органларига тегишли хужжатлар юборилиб, 14 ҳолат юзасидан маъмурий жавобгарлик чоралари кўрилган. 6 ҳолат бўйича камчиликлар жойида бартараф этилиб, ижобий ҳал қилинган. Икки ҳолат бўйича Самарқанд шаҳри ва Пастдарғом тумани ҳокимларининг қарорлари бекор қилинди.

ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган Самарқанд шаҳрининг тарихий маркази ва унинг қўриқланадиган ҳудудларида амалдаги талабларга зид равишда бажарилган 251 та ер қазиш, қурилиш, таъмирлаш-тиклаш ишлари аниқланган.

 

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА