Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Цзян ЯНЬ: Ўзбекистон – минтақавий ҳамкорлик муҳитини яхшилашда “етакловчи куч”
17:33 / 2022-10-23

Хитой Халқ Республикаси сиёсат майдонида ўз ўрнига эга, ривожланган давлат сифатида иқтисодий юксалиш ва ялпи ижтимоий маҳсулот ҳажми бўйича жаҳонда етакчи ўринлардан бирини эгаллаб келмоқда. Хитой билан муносабатни ҳар томонлама ривожлантириш Ўзбекистон манфаатига тўлиқ мос келади. Бугунги кунда ушбу мамлакат билан ҳамкорлигимиз кенг кўлам вабеқиёс аҳамият касб этиб, стратегик шериклик даражасига кўтарилган.

ХХРнинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Цзян Янь билан суҳбатимиз давлатларимиз ўртасидаги муносабатнинг жорий ҳолати ва истиқболи хусусида кечди.

 Ассалому алайкум! Цзян Янь хоним, келинг суҳбатимизни Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг Ўзбекистон Республикасига давлат ташрифи, хусусан, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммитидаги иштироки ҳақидаги мулоҳазалардан бошласак. Сизнингча, умуман, ушбу ташриф давомида қандай натижаларга эришилди? Турли соҳаларда эришилган икки томонлама келишувлар ҳамкорлик ривожига қай даражада таъсир кўрсатади?

– Шуни алоҳида қайд этиш керак, Си Цзиньпиннинг 15-16 сентябрь кунлари Президент Шавкат Мирзиёев таклифига биноан давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлиши ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Самарқанд саммитида иштирок этиши Хитой раҳбарининг CОVID-19 пандемияси бошлангандан кейинги биринчи хорижий сафаридир.

Шу билан бирга бу ташриф Хитой ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик муносабат ўрнатилганининг 30 йиллиги ҳамда Хитой-Ўзбекистон стратегик шериклиги йўлга қўйилганининг 10 йиллиги муносабати билан ташкил этилган йирик дипломатик тадбирдир.

Ўша кунларнинг энг ёрқин дақиқалари Си Цзиньпинга мамлакатингизнинг олий давлат мукофоти – “Олий Даражали Дўстлик” ордени топширилиши маросими бўлди.

Ташриф чоғида 30 йиллик муносабатни ривожлантириш натижаси ва тажрибаси ҳар томонлама сарҳисоб қилинди. Икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди. Давлатларимиз раҳбарлари олий даражадаги алоқани янада фаоллаштириш, давлат бошқаруви соҳасида ўзаро тажриба алмашишни чуқурлаштириш каби асосий манфаатларга дахлдор масалалар бўйича бир-бирини қатъий қўллаб-қувватлаш зарурлиги тўғрисида келишиб олди. Икки давлат миллий ривожланиш стратегиясини боғлаш бўйича ишни жадаллаштириш, савдо, қишлоқ хўжалиги, энергетика, кадрлар тайёрлаш ва бошқа кўплаб соҳаларда янги ютуқларга эришиш бўйича фикр алмашилди. Хусусан, рақамли иқтисодиёт, яшил энергетикани ривожлантриш, Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўлининг тезроқ қурилишига кўмаклашиш учун технология етказиш режалаштирилди. Шу билан бирга таълим, маданият, туризм, атроф-муҳит муҳофазаси, археология, оммавий ахборот воситалари, минтақалараро алоқалар соҳасида шерикликни кенгайтириш кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари ўзбекистонлик ёшларни Хитойга ўқишга таклиф қилиш, соғлиқни сақлаш, фармацевтика ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни ошириш, вакцина ишлаб чиқариш бўйича Инновацион марказ ташкил этиш қўллаб-қувватланди.

БМТ, ШҲТ, Хитой – Марказий Осиё механизми, БРИКС+ сингари тузилмалар доирасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Глобал хавфсизлик ва глобал ривожланиш ташаббусини фаол амалга ошириш, янада адолатли жамият қуриш йўлида ривожланаётган мамлакатлар умумий манфаатини биргаликда ҳимоя қилишга келишиб олинди.

Асосийси, музокаралар якуни бўйича Хитой Халқ Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, икки томонлама дўстлик ва шериклик риштасини мустаҳкамлаш тўғрисидаги Қўшма баёнот имзоланди. Бу “Муштарак тақдир” ташаббуси доирасида, мустаҳкам дўстлик, умумий манфаат ва фаровонликка асосланган янги давр сари стратегик шерикликни янада чуқурлаштиришга замин яратади.

Шунингдек, икки давлатнинг тегишли идоралари ўртасида қишлоқ хўжалиги, рақамли иқтисодиёт, яшил ривожланиш, маданият, оммавий ахборот воситалари ва бошқа соҳаларда ҳамкорликка оид ҳужжатлар имзоланиб, устувор йўналишлар, келгусидаги аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Кўпчиликни қизиқтирган сармоявий ҳамкорлик мавзусига ҳам тўхталсак. Хитойлик ишбилармонлар, тадбиркорлар мамлакатимизда қайси соҳаларга кўпроқ қизиқиш билдирмоқда? Хитойлик инвесторларни янада кўпроқ жалб қилиш учун нималарга эътибор қаратиш керак, деб ўйлайсиз?

– Ўзбекистондаги сиёсий ва ижтимоий барқарорлик хорижий сармояларни жалб этиш учун мустаҳкам замин яратди. Бундан ташқари, сўнгги йилларда мамлакатда кўплаб кластерлар, эркин иқтисодий зоналар ташкил этилиб, солиқ имтиёзлари жорий қилинмоқда. Қонунлар, меъёрий ҳужжатлар мунтазам такомиллаштирилмоқда. Бозор ҳаётийлиги сезиларли даражада рағбатлантирилди, инвестиция муҳити яхшиланди. Бу ислоҳотлар нафақат хитойлик, балки бутун дунё ишбилармонлари ва тарбиркорларида мамлакатингизга инвестиция киритиш, бизнес юритиш бўйича қизиқиш уйғотмоқда.

Шу кунгача Хитойнинг Ўзбекистонга киритган жами сармояси 10 миллиард AҚШ долларидан ошди. Бугунги кунда республикада Хитой сармояси иштирокида нефть-газ, кимё саноати, тўқимачилик, электр энергияси, кўмир, қурилиш каби йўналишларда фаолият кўрсатаётган икки мингдан зиёд корхона мавжуд.

Элчи хоним, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни, жумладан, ички ва ташқи сиёсатни қандай баҳолайсиз?

– Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг кўп аҳоли яшайдиган давлат. Охирги 31 йил давомида мамлакат давлат тараққиёти ва миллий тикланиш борасида ажойиб натижаларга эришди. Aйниқса, Президент Шавкат Мирзиёев  раҳнамолигида ўзбек халқи Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида улкан ҳаракат бошлаганини алоҳида таъкидлаш лозим. Турли соҳаларда олиб борилаётган ислоҳот ва тараққиёт жадал суръат олган. Мамлакат бутунлай янги қиёфа касб этди. Халқ учун муносиб турмуш шароити яратилиб, давлатнинг халқаро майдондаги мавқеи сезиларли даражада кўтарилди.

Мамлакатни халқ манфаати йўлида бошқариш, ҳукумат ташкилий тузилмасини изчил мувофиқлаштириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бу давлат бошқаруви самарадорлигини оширишга салмоқли ҳисса қўшади. Aгросаноат кластерлари, саноат парклари барпо этилмоқда. Эркин иқтисодий зоналар ташкил этиляпти, экспорт ва инвестиция ҳажми ортиб боряпти. Буларнинг бари иқтисодий ривожланиш учун янада кенг имконият очади.

Демократик ислоҳотлар ҳар томонлама чуқурлаштирилиб, фуқароларнинг сиёсий, диний, меҳнат ва таълим ҳуқуқини ҳимоя қилиш кучайтирилмоқда. Бутун жамиятнинг саъй-ҳаракати туфайли Ўзбекистон CОVID-19 пандемияси тарқалиши оқибати ва минтақавий вазият кескин ўзгариши билан боғлиқ муаммоларни муваффақиятли бартараф этмоқда.

2021 йил мамлакатда ялпи ички маҳсулот ўсиши 7,4 фоизни ташкил этган бўлса, жорий йил биринчи ярмидаёқ бу кўрсаткич 5,4 фоизга чиққанини алоҳида эътироф этиш керак. Бу минтақадаги энг юқори натижалардан бири.

Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари билан дўстлик ва яхши қўшничиликни изчил мустаҳкамламоқда. Чегара ва сув манбаларига доир муаммоларни фаол ҳал этмоқда. Aфғонистон бўйича халқаро конференциялар ўтказмоқда. Шу тариқа мамлакат минтақавий ҳамкорлик муҳитини яхшилашда “етакловчи куч” вазифасини бажармоқда. Минтақа давлатлари раҳбарлари маслаҳат учрашувларини ўтказиш ҳам айнан Ўзбекистон раҳбари ташаббуси туфайли яхши анъанага айланди.

Ўзбекистон турли давлатлар билан ўзаро манфаатли, амалий ҳамкорликни йўлга қўйиб, БМТ ва бошқа халқаро ҳамда минтақавий ташкилотлар доирасида хавфсизлик ва тинчликни сақлаш, барқарор ривожланишга кўмаклашиш, ёшлар ва аёллар ҳуқуқини таъминлаш бўйича самарали ташаббусларни илгари сурмоқда. Бу интилишлар жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳақди равишда эътироф этилиб, мамлакатнинг жаҳондаги обрў-эътибори ошмоқда.

Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислик қилишга катта аҳамият берди. Нафақат ШҲТ доирасида ўрнатилган ҳамкорлик йўналишлари, балки саноат кооперацияси, инновация, қашшоқликни камайтириш, рақамли трансформация ва бошқа турли янги йўналишларни ҳам қамраб олган 80 дан зиёд тадбир муваффақиятли ўтказилди. Қатор концепция ҳужжатлари ишлаб чиқилди. Натижада ШҲТнинг Самарқанд саммити иштирок этган давлат раҳбарлари сони, имзоланган якуний ҳужжатлар, ташкилотнинг кенгайиш кўлами бўйича рекорд ўрнатди ва ШҲТ тарихида ёрқин из қолдирди. Хитой томони буни юксак баҳолайди.

– Яқинда Хитойда муҳим тадбир - ХКП XX съезди бўлиб ўтди. Бу тадбир Ўзбекистон - Хитой муносабати ривожида қандай аҳамиятга эга бўлиши мумкин?

– Хитой Коммунистик партиясининг 20-Миллий қурултойида Бош котиб Си Цзиньпин маъруза қилди. Мамлакатни ривожлантириш билан боғлиқ асосий мақсадлар, Хитой Коммунистик партиясининг келгуси беш йиллик ва кейинги даврдаги фаолияти устувор йўналишлари белгилаб берилган ушбу маъруза Хитойнинг барча дўст давлатлар, жумладан, Ўзбекистон билан муносабатини ривожлантиришда ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Ҳисоботда таъкидланишича, Хитой доимий равишда дунё тинчлигини, барқарор ривожланишни, инсоният тақдири умумий бўлган ҳамжамият қуришни қўллаб-қувватлаш тарафдори. Доимий равишда мустақил ва тинчликсевар ташқи сиёсат олиб бориб, тинч-тотув яшашнинг беш тамойили асосида барча давлатлар билан дўстлик, ҳамкорликни чуқурлаштиради. Ташқи дунёга очиқлик сиёсатига амал қилади, глобал тараққиёт ва глобал хавфсизлик соҳасидаги ташаббусларни амалга ошириш учун халқаро ҳамжамият билан бирга зарур саъй-ҳаракатларни амалга оширишга тайёр.

Хитой ва Ўзбекистон бир хил ривожланиш мақсадига, уйғун қарашларга эга, ҳар икки давлат миллий қурилишнинг янги босқичига қадам қўймоқда. Мамлакатларимиз олдида ҳамкорликнинг кенг истиқболи очилмоқда. Хитой Ўзбекистон билан ўзаро қўллаб-қувватлашни, бир-бирига ишончни янада мустаҳкамлаш, умумий тараққиёт ва фаровонлик йўлида икки томонлама манфаатли шерикликни чуқурлаштириш, хавф, таҳдидларни енгиб ўтиш учун хавфсизлик соҳасида умумий интилишни кучайтириш ва фаоллаштиришга тайёр.

Бир сўз билан айтганда, 30 йил давомида эришилган натижа асосида биз биргаликда янги давр Хитой – Ўзбекистон ҳар томонлама стратегик шериклиги муносабатининг ёрқин келажаги сари йўл очамиз.

ЎзА мухбири

Гўзал Сатторова суҳбатлашди.