Хитойда бўлиб ўтган “Цзибода учрашув” халқаро ёшлар конференциясида 20 дан ортиқ мамлакатдан ёшлар, жумладан Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Халқ дипломатияси маркази делегацияси ҳам иштирок этди.
Мазкур нуфузли анжуман турли давлатлар ёш етакчилари ўртасида тажриба ва фикр алмашиш, ўзаро англашув ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун ўзига хос майдон сифатида таълим, фан, маданият, бизнес каби турли соҳалар вакилларини бир жойга жамлади.
Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази директори Қобилжон Собиров иштирокчиларга қутлов йўллаб, ўз мурожаатида ёшларни қўллаб-қувватлаш, халқаро лойиҳаларда фаол иштирок этиши учун уларга шароит яратиш Марказ фаолиятининг устувор йўналиши эканини таъкидлади. Давлатимиз раҳбарининг ёшлар ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, уларнинг ижодкорлигини рағбатлантириш, етакчилик фазилатини ривожлантиришга қаратилган “ШҲТ – ижодий ғоялар, ёшлар ташаббуслари макони” дастурини амалга ошириш ташаббуси нечоғли муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Ташкилотчилар томонидан турли мамлакатлар ёшлари ўртасидаги муносабатга оид кенг кўламли мавзулар танланган. Иштирокчилар замонавий дунёда ёшлар дуч келаётган долзарб масалаларни муҳокама қилиб, муаммоларни ҳал этиш йўлларини таклиф қилдилар.
Хусусан, мавжуд алоқаларни чуқурлаштиришга қаратилган умумтаълим мактаблари ҳамдўстлик ҳамжамиятини яратиш фикри маъқулланди. Шунингдек, миллий маданий мерос соҳасида фаолият юритаётган ёш тадбиркорлар иштирокида онлайн-воркшоп уюштиришга келишилди. Бундан кўзланган мақсад тадбиркорлик фаолияти орқали маданий меросни сақлаш ва тарғиб қилиш бўйича тажриба ҳамда ғояларни алмашиш.
Лойиҳаларни бошқариш, молиялаштириш, маркетинг, маҳсулот ва хизматни истеъмолчига тақдим этиш билан боғлиқ турли жиҳатлар муҳокама қилинди.
Бундан ташқари барқарор ривожланишнинг инновацион ечими бўйича “Ёшлар барқарор ривожланиш учун” медиа-алмашинув дастурини ишлаб чиқиш таклифи ўртага ташланди. Глобал муаммоларни ҳал қилишга янгича ёндашувлар акс этган видео материаллар яратишни назарда тутган ушбу лойиҳа дунё ёшлари кенг кўламда фойдаланиши ва ўз ғояларини тақдим этиши учун турли тилларга таржима қилинади.
Конференция ёшларнинг бошқа мамлакатларда йўлга қўйиш учун намуна бўла оладиган муваффақиятли ташаббус ва лойиҳалар илгари суриладиган муҳим майдонга айланди. Хусусан, Марказ ёшларининг бир неча эътиборга лойиқ ташаббуси, жумладан “Халқ дипломатияси мактаби” лойиҳаси ва ШҲТ ёшлар платформаси – “SCOLAR Network” Тошкент хаби фаолияти ҳақида маълумот берилди.
Мутахассислар ШҲТ Марказининг “Биз – болалар, биз – дунё” лойиҳаси муваффақиятли қабул қилинганини қайд этиб, “Замонавий ёшлар илҳоми” китоби нашр этилишини маъқулладилар. Ушбу тўплам ёшларнинг ижодий ишлари, қарашлари ҳамда маданият ва жамиятдаги замонавий тенденцияларни акс эттиради.
Тадбир якунида иштирокчилар таклиф этилаётган ғоя ва лойиҳалар турли мамлакатлар ёшлари ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш, маданият, фан ва тадбиркорлик соҳасида янги истиқболли ташаббусларни амалга ошириш учун хизмат қилишига ишонч билдирдилар.
Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Халқ дипломатияси маркази матбуот хизмати билан ҳамкорликда тайёрланди.
Ғ.Хонназаров,
ЎзА