Central Asia Retail Week 2024 Халқаро электрон тижорат ва чакана савдо форуми доирасида алкоголсиз тетиклаштирувчи ичимликлар (энергетиклар) ишлаб чиқариш ва сотишни давлат томонидан тартибга солишга бағишланган махсус сессия бўлиб ўтди. Сессия якунида “CRPT TURON” истиқболли технологияларни ривожлантириш маркази ва “Energy Drinks Association” юридик шахслар бирлашмаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Махсус сессияда Ўзбекистон Республикаси техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитаси каби давлат идоралари экспертлари, шунингдек, Қозоғистон ва Россиядан спикерлар ҳамда маҳаллий бозорда машҳур алкоголсиз (энергетик) ичимликлар – Red Bull, Gorilla, Flash Up ва бошқаларни намойиш этувчи йирик ритейлерлар иштирок этди.
Мутахассислар томонидан алкоголсиз тетиклаштирувчи ичимликлар (АИТ) хавфсизлигига қўйиладиган талаблар, амалдаги регламент ва стандартлар, санитария-эпидемиологик хулосани расмийлаштириш тартиблари муҳокама қилинди. Шунингдек, Марказий Осиё мамлакатлари ва Россиядаги АИТ бўйича вазият таҳлил этилди. Тартибга солувчи давлат органлари вакиллари норматив ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш босқичларида муҳокама қилиш борасида Энергетик ичимликлар ассоциацияси ва бизнес вакиллари билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирди.

Сессияда Ўзбекистонда рақамли маркировка тизимини жорий этиш, ичимликлар ва сувни маркировкалашни тўлиқ йўлга қўйиш бўйича кейинги саъй-ҳаракатларга алоҳида эътибор қаратилди. Солиқ қўмитаси вакиллари аҳоли ўртасида алоҳида талабга эга, ишлаб чиқариш, логистика жараёнларининг хавфсизлиги ва шаффофлигини аниқ назорат қилишни талаб қиладиган маҳсулот сегментида технологик янгиликлар муҳим аҳамият касб этиши, бу ишларни ўз вақтида амалга ошириш зарурлигини таъкидлашди.
Сессия якунида “ASL BELGISI” маҳсулотларни рақамли маркировкалаш ва кузатиш миллий тизимини ифодаловчи CRPT TURON ҳамда Энергетик ичимликлар ассоциацияси (ENERGY DRINKS ASSOCIATION) ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
–Ушбу меморандумнинг имзоланиши Ўзбекистонда алкоголсиз тетиклаштирувчи ичимликларнинг очиқ ва тенг ҳуқуқли бозорини яратиш йўлидаги муҳим қадамдир, – деди CRPT TURON бош директори Анатолий Бачикалов. – Рақамли маркировка тизимини жорий этиш тармоқ ва савдо иштирокчиларини, шунингдек, бевосита истеъмолчиларнинг ўзини ишлаб чиқариш ва логистиканинг турли босқичларидан шаффоф ва ишончли маълумотлар билан таъминлаш имконини беради. Уюшма билан ҳамкорлигимиз ушбу сегментда маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва сотишда шаффофликни ошириш мақсадида саъй-ҳаракатларни бирлаштириш имконини беради. Бу эса истеъмолчиларнинг сифат ва хавфсизлик ҳуқуқини ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Маълумот учун, меморандум имзоланишини ўз ичига олган «Марказий Осиё бозорида алкоголсиз тетиклаштирувчи ичимликларни ишлаб чиқариш ва сотиш» махсус сессияси Central Asia Retail Week 2024 Электрон тижорат ва чакана савдо халқаро форумининг асосий воқеаларидан бирига айланди. Форум Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги кўмагида 16-17 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтди.
ЎзА.