Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Craft Fair Tashkent 2021” кўргазма-ярмаркаси иш бошлади
17:42 / 2021-12-03

Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида Британия Кенгашининг “The Crafting Futures Uzbekistan 2021” уч йиллик дастури доирасида “Craft Fair Tashkent 2021” ҳунармандлик кўргазма-ярмаркаси очилди.

Британия кенгаши, Ҳунарманд уюшмаси, “Human House” галереяси, Маърифат манбаи нодавлат ташкилоти ва Лестер университети ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда барча вилоятлардан ҳунармандлар иштирок этяпти.

Бутунжаҳон ҳунармандлар кенгаши Осиё-Тинч океани минтақаси раҳбари, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов маросимни очаркан, юртимизда маданият ва санъатни ривожлантириш, хусусан, ҳунармандликни қўллаб-қувватлаш, ушбу қадриятнинг жамият ҳаётидаги ўрнини янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

— Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қадимий ва бой тарих, урф-одат ва анъаналарни ўзида мужассам этган халқ амалий санъатини ривожлантириш борасида мақсадли ва тизимли ишлар амалга оширилмоқда, — деди А.Икромов. — Бугунги тадбир бунинг яна бир исботи.

“Craft Fair Tashkent 2021” кўргазмаси доирасида меҳмонлар қўлда тайёрланган ҳунармандлик буюмларини экспорт қилиш ва ташқи бозорга чиқариш бўйича махсус тайёргарликдан ўтган 15 нафар ҳунарманд аёл томонидан яратилган сифатли маҳсулотлар билан танишди.

— Эсимда, 1996 йил “Ҳунарманд” ташкил этилганда биринчилардан бўлиб аъзоликка қабул қилингандим, — дейди кўргазмага ўз кашталарини олиб келган бухоролик Зуҳра Облабердиева. — Мен тўртинчи авлод вакили сифатида қадимий ҳунаримизни асраб келяпман, анъанани қизларим ҳам давом эттиряпти. Уюшма ёрдами билан Европа ва Осиёнинг 20дан зиёд давлатида бўлдик, Ҳиндистонда, Ҳайдаробод шаҳрида малака оширдик.

[gallery-4936]

Ярмарка доирасида Ўзбекистоннинг турли ҳудудидан келган ҳунармандлар яратган энг сара маҳсулотлар намойиш этилди. Шунингдек, ҳар хил буюмлар яратиш бўйича маҳорат дарслари ташкил этилди.

Ҳунарманд уюшмаси раиси Улуғбек Абдуллаевнинг айтишича, эндиликда ўзбек дўпписи бренди жаҳон бўйлаб кенг тарғиб қилинмоқда. Бундан ташқари Чуст ва Шаҳрихон пичоғи, Фарғона ва Марғилон адраси ҳам дунёга чиқа бошлади.

— Чет эллик сайёҳлар дўппи ва бошқа миллий кийимларимизга қизиқади. Ўтган йил Ҳиндистонда бўлиб ўтган Суражпур кўргазмасида кўпчилик маҳаллий аҳоли вакиллари фарзандларига ўзбек дўпписини олиб берди, — дейди уюшма раҳбари.
Илк бор Ўзбекистон ҳунармандлик кўргазмасида қатнашаётган Британия Кенгаши раҳбари Дениса Уэддингхэм юртимиз маданий-иқтисодий ҳаётида муҳим ўрин тутган ҳунармандликни ривожлантиришга кўмаклашишдан тўхтамаслигини таъкидлади.

— Менга ўзбек миллий ҳунармандлик буюмлари жуда ёқади. Айниқса, шундай санъат асарларини яратадиган қўли гул уста, чеварлар меҳантига қойил қоламан, — дейди “Human House” галереяси директори Лола Сайфий. — Бундай тадбирлар мен учун мисоли оилавий байрам. Сабаби ўзим шу соҳада анча йилдан буён ишлайман.

Анжуман давомида иштирокчилар учун Лестер университети экспертлари томонидан онлайн дарс ҳам ўтказилди.
Шубҳасиз, дастур доирасида ҳунармандлар янги билим, кўникмага эга бўлиши учун ажойиб имконият яратилди.
— Ярмаркага йирик компания, ташкилот ва идоралар вакиллари таклиф этилган, — дейди Ҳунарманд уюшмаси раиси ўринбосари

Азизбек Муртазаев. — Шанба ва якшанба кунлари Ёшлар ижод саройи эшиклари кенг омма учун очиқ бўлади. Ёшлар учун алоҳида маҳорат дарслари ташкил этиш режалаштирилган.
Кўргазма 5 декабрга қадар давом этади.

 

Улуғбек Маҳмирзаев, ЎзА