Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"COVID-19"га қарши «реминдевир» препарати Карманадаги янги корхонада ишлаб чиқарилади
12:05 / 2021-08-27

Бугунги кунда дунё олимлари "COVID-19" вирусига қарши самарали дори воситаларини яратиш бўйича бош қотираётгани, илмий-тадқиқот институтларида илмий изланишлар олиб борилаётгани барчамизга маълум. Бу борада Ўзбекистонда ҳам муайян чора-тадбирлар, ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлар амалга ошириб келинмоқда.

Ўзбекистон инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Хитой Фанлар академияси Шанхай материя институти, Шинжон физика ва кимё техника институти, Хитой–Ўзбекистон тиббиёт технологик парки вакиллари билан онлайн-мулоқот ўтказди. Тадбирда Шанхай материя институти томонидан яратилган "COVID-19" вирусига қарши VV116 («реминдевир») препарати ҳақида ушбу институт профессори Шен Жингшан тақдимот ўтказди ва дори воситасининг самарадорлиги тўғрисида маълумот берди. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Хитой олимлари томонидан яратилган «реминдевир» препарати ҳозирда инъекция шаклида ишлатиладиган «ремдесивир» препаратининг янги шакли бўлиб, ножўя таъсирларининг камлиги ва таблетка шаклида эканлиги билан диққатга молик. Айни пайтда ушбу препарат клиник синовлар ўтказиш босқичида бўлиб, тадқиқотлар якунлангач, Навоий эркин иқтисодий зонасида Шанхай фармакология институти билан ҳамкорликда қуриладиган дори препаратлари субстанциялари синтези заводида ишлаб чиқариш режалаштирилган.

– Навоий вилояти Кармана туманида қурилиши режалаштирилаётган фармацевтика заводи дори препаратлари субстанцияларининг кимёвий синтезини амалга оширувчи Ўзбекистондаги илк корхона бўлади, – дейди инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов. – Ўзбекистонда иқтидорли, малакали кимёгарлар кўп, улар шу пайтгача субстанциялар синтезини фақатгина илмий-тадқиқот институтлари қошидаги лабораторияларда амалга ошириб келган, лекин бу субстанцияларнинг синтези саноат даражасига олиб чиқилмаган. Бу заводнинг ташкил этилиши илмдан капитал олиш имконини беради, янги ишчи ўринлари яратиш, рақобатбардош юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга шароит яратади.

Музокаралар натижасида томонлар Навоий вилоятида доривор моддалар синтез қилиш бўйича Ўзбекистон–Хитой тиббиёт технологиялари паркини яратиш лойиҳасини амалга ошириш ишларини  жадаллаштириш бўйича келишиб олди.

 

Муҳтарама Комилова, ЎзА