Пойтахтимизда «Пандемия даврида соғлиқни сақлаш: “COVID-19»га қарши курашда тажриба ва ютуқлар» мавзусида биринчи халқаро илмий анжуман (онлайн шаклда) ўз ишини бошлади.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ташкил этилган анжуман – бутун дунёдаги “COVID-19"га қарши долзарб масалаларга бағишланган бўлиб, унда АҚШ, Жанубий Корея, Япония, Хитой, Ҳиндистон, Европа давлатларидан Италия, Австрия, Чехия, Буюк Британия, Германия, Швеция, Россия Федерацияси, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон бошқа бир қатор чет эл мамлакатларининг етакчи мутахассислари иштироки режалаштирилган.
Анжуманнинг очилишида сўзга чиққан Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев ва бошқа соҳа мутасадди раҳбарлари пандемия даврида республикамизда амалга оширилган ишлар хусусида сўз юритди.
Қисқа вақт ичида 20 минг ўринли «Карантин маркази» қурилгани, шунингдек, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида жами 7 минг 85 ўринли «Карантин марказлари» фойдаланишга топширилгани қайд этилди. Таъкидланишича, республикада жами 159 та муассасада 25 минг 200 та шифо ўрни, шу жумладан, 2 минг 500 та реанимация ўрни ташкил этилди. Тошкент вилояти Зангиота туманида замон талабларига тўлиқ жавоб берадиган 4 минг ўринли махсус юқумли касалликларга қарши шифохона қад ростлади.
«Инқирозга қарши курашиш» жамғармаси ҳисобидан коронавирус инфекциясининг олдини олиш тадбирларига жами 4 825,0 миллиард сўм маблағ ажратилган. Ушбу маблағ эвазига тиббиёт муассасалари моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, замонавий асбоб анжомлар ва зарур тиббий воситалар билан таъминланган.
Миллий референс лабораторияси барпо этилди ва санитария-эпидемиология хизмати таркибидаги лабораториялар 170 та ПЗР ускунаси билан жиҳозланган. Шунингдек, коронавирус инфекциясига қарши дори воситалари, шахсий ҳимоя воситалари, тест-диагностикумлар, дезинфекцион ва антисептик воситалар маҳаллий ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилиб, бугунги кунда амалиётга кенг кўламда жорий этилди.
Коронавирус инфекциясини ташхислаш, даволаш ва олдини олиш бўйича дунё тажрибасига асосланган ҳолда 8 та клиник стандарт ишлаб чиқилди, 36 минг 280 нафар тиббиёт ходимининг билим савияси оширилишига эришилди. Шунингдек, жорий йилда республикамиз бўйича 4,1 миллин нафар хавф остидаги аҳолини коронавирус инфекциясига қарши эмлаш тадбирлари тизимли равишда давом эттириб келинмоқда.
2020-2021 йилларда тиббиёт соҳасига алоҳида эътибор қаратилиб, 55 та ҳуқуқий меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди, жумладан, 5 та Ўзбекистон Республикаси қонуни, 25 та Президент фармони ва қарори, 25 та ҳукумат қарори қабул қилинди.
Осиё тараққиёт банки ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банклари иштирокида «Ўзбекистон Республикасида коронавирус “COVID-19» инфекциясига қарши шошилинч чораларни кўриш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарорининг қабул қилиниши эвазига Санитария-эпидемиология хизмати салоҳиятини янада оширишга эришилади.
Илмий-амалий анжуман давомида олинган билим ва тўпланган тажрибалар алмашинуви республикамизда коронавирус инфекцияси бўйича вазият янада барқарорлашишига хизмат қилади.
Халқаро илмий анжуман 4 июнга қадар давом этади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА