Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Фурқат Санаев иштирокида ўтказилган брифингда таъкидланишича, шу йилнинг 31 май ҳолатига кўра, мамлакатимиз бўйлаб икки ой давомида юртдошларимиз 646 минг 116 доза AstraZeneca, 1 миллион 351 минг 807 доза ZF-UZ-VAC 2001, 1 минг 595 доза “Спутник V” вакцинаси билан эмланган.
Юртимизда эмлаш жараёнлари бошланганда биринчи галда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари, Тошкент шаҳри ва бошқа катта шаҳарларда, кейинчалик туман марказлари ва кичик шаҳарлар аҳолисини, ундан сўнг эса бошқа ҳудудларни оммавий эмлаш тадбирлари билан қамраб олиш кўзда тутилган эди.
Ушбу режа асосида апрель ойида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари, Тошкент шаҳри ва бошқа катта шаҳарларда 65 ёш ва ундан ошган фуқаролар ва тиббиёт ходимлари оммавий эмлаш тадбирларига жалб қилинган бўлса, кейинчалик туман марказлари ва кичик шаҳарларда яшовчи аҳоли ҳам эмлашга жалб этилди.
Кейинчалик яна учта аҳоли қатлами, яъни мактаб ва мактабгача таълим муассасалари ходимлари ҳамда сурункали касаллиги бор фуқаролар ҳам эмлана бошланди.
31 май ҳолатига кўра, улар орасида энг кўп эмланган аҳоли қатлами бу 65 ёш ва ундан ошган фуқаролар бўлиб, уларга икки ой мобайнида 747 минг 201 доза вакцина қўлланилган.
Икки ой мобайнида 2 миллион 069 минг 518 доза вакцина қўлланилган бўлса, шундан 348 минг 302 нафар киши тўлиқ босқичларда эмланиб бўлинди.
Шундан AstraZeneca билан 321 минг 906 нафар киши, ZF-UZ-VAC2001 билан 494 нафар киши, "Спутник V" вакцинаси билан эса 25 минг 902 нафар киши барча босқичларда тўлиқ эмланди.
Маълумот учун: ҳозир Ўзбекистоннинг вакцина захираси 4 миллион 330 минг дозани ташкил этади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА