Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
COVID-19, вакцина, бозор, рақобат: кимлар учундир ҳаммаси энди бошланмоқда
12:07 / 2020-07-27

Ким биринчи бўлади?


Ким биринчи бўлади?

Яқинда Россия соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко коронавирусга қарши биринчи вакцина яқин орада, аниқроғи август ойи ўрталарида давлат рўйхатидан ўтказилиши мумкинлигини маълум қилди. Айни пайтда вакцинанинг клиник синовлари ниҳоясига етмоқда.

Савол туғилади: дунёнинг юзлаб тиббий марказларида вакцина яратиш бўйича тадқиқотлар олиб борилмоқда. Улар ҳам эрта-индин вакцинаси тайёр эканини маълум қилади. Табиийки, барча илмий марказлар халқаро бозорда ўз ўрнини топишга интилмоқда. Чунки тадқиқот ишларига қанча ресурс, маблағ, вақт, асаб ва бошқа саъй-ҳаракатлар сарфланган. Бир сўз билан айтганда, «меҳнатнинг самараси қандай бўлади?» деган савол ҳозир вакцина яратувчиларнинг бошини энг кўп қотираяпти. Зеро, харидор бир ҳудуд, минтақа ёки мамлакат эмас, балки бутун дунё аҳли вакцинага кўз тикиб турибди.

Илм аҳли нима дейди?

Мутахассисларнинг таъкидлашича, вакцина ишлаб чиқарувчилар ўртасида рақобат бўлмайди. Чунки жаҳон бозорига самара бериш даражаси бир хил бўлган бир йўла бир нечта вакцина чиқарилади. Шуниси аниқки, бирорта ҳам компания барчага етадиган ҳажмда вакцина етказиб бера олмайди.

"Сайёрамиз аҳолиси етти ярим миллиарддан ортиқ. Уларнинг унчалик катта бўлмаган қисмигина коронавируснинг оғир формасига чалинади, уларда иммунитет пайдо бўлади. Касалликнинг енгил формаси оғриган беморлар эса шунчаки хасталаниб тузалиб кетади ёки уни юқтириб олади. Улар учун касалликдан қочишнинг ягона йўли эмлаш бўлади.

Мавсумий грипп нима бўлади?

Маълумки, ҳар йили мавсумий гриппга қарши ҳам эмлаш ўтказилади. Кузда бу иш анча мураккаб кечиши тайин, чунки мавсумий гриппнинг симптомлари амалда COVID-19 симптомларидан фарқ қилмайди.

Сентябрь, октябрь ва ноябрь ойларида аҳвол янада қийинлашади. Оддий мавсумий респираторли касалликлар кўпаяди. Касалхоналарга турли вирусларни юқтирган беморлар кела бошлайди, улардаги касаллик аломатлари COVID-19 симптомларига ўхшаб кетади. Токи микробиология текшируви ўтказилмас экан, уларнинг фарқини ажратиш жуда мушкул. Табиийки, соғлиқни сақлаш тизимлари жуда катта босим остида қолади.

Шу боис айрим мутахассислар коронавирус шароитида мавсумий гриппга қарши эмлашни бу йил эртароқ, яъни сентябрь-октябрь ойларида бошлаш кераклигини таъкидламоқда.

Илмий тадқиқотлар нима демоқда?

Чилилик олимлар COVID-19 қарши қўллаш учун интерферонларга асосланган препаратни танлаганини маълум қилди. Яқинда ушбу дори одамларда синаб кўрилади, деб хабар берди 24 Horas телеканали.

«Консепсьонда Чилининг COVID-19 га қарши дориси ишлаб чиқарилмоқда. У ингалятор орқали таъсир қилади. Унинг формуласи интерферонларга асосланган» дейилади хабарда.

Ушбу препаратни яратувчи Консепсьон университети физиология кафедраси мудири Хорхе Толедонинг изоҳ беришича, "агар бемор интерферон билан рағбатлантирилса, вирус юкламаси организмда оз бўлади".

Чилилик олимларнинг ишланмаси дори ҳисобланмайди, балки қўшимча бўлиб, касалликнинг дастлабки босқичида яхши самара бериши мумкин.

Франциялик олимлар коронавирус билан хасталанган беморда ўзига хос аломат пайдо бўлганини аниқлади. Улар тадқиқот натижаларини Science журналида эълон қилди.

Изланишлар давомида олимлар касаллик енгил йўталдан нафас олиш қийинлашгунгача бўлган жараёнда турли симптомлар билан кечган 50 нафар беморни ўрганди. Тадқиқотчилар беморлардан олинган намуналарни таҳлил қилиб, коронавируснинг оғир формаси билан оғриган барча беморларда интерферон етишмаслиги ва кучли шамоллаш кузатилганини аниқлади.

Хусусан, оғир ётган беморларда организмда вирусга қарши курашиш учун ажралиб чиқувчи I тоифадаги интерферон танқислиги намоён бўлган. Организм ишлаб чиқарган интерферон коронавирус инфекцияси кучайиб кетишининг олдини олади.

Коронавирус пандемияси яна қанча давом этади?

Яна бир экспертнинг таъкидлашича, коронавирус вақт ўтиб йўқолмайди, балки патогенлик (юқувчанлик) хусусиятидан айрилади. Одамларда эса ўрта муддатга иммунитет ҳосил бўлади.

Масалан, Россия иқтисодий тадқиқотлар марказининг статистика ва моделлаштириш бўйича эксперти Агаси Тавадяннинг “РИА Новости”га маълум қилишича, россияликларнинг тахминан 70 фоизи у ёки бошқа кўринишда касалликни бошидан ўтказади, бу эса жамоавий иммунитет ҳосил бўлишига олиб келади.

Биринчиликда гап кўпми?

Оммавий ахборот воситаларида тарқалаётган хабарларни ўқир экансиз, ушбу савол кўпларни безовта қилаётганига гувоҳ бўласиз. Бундан бир ҳафта аввал Буюк Британиянинг киберхавфсизлик миллий маркази АҚШ ва Канада фармкомпаниялар ва вакцина яратиш билан шуғулланаётган олимларнинг маълумотлар базасига хакерлик ҳужумлари уюштирилаётганини аниқлаш устида иш олиб бораётганини маълум қилди. Бу билан улар вакцина яратиш билан шуғулланаётган илмий марказларни ҳушёрликка чақирди. Демак, вакцина энг биринчи қайси мамлакатда яратилишида гап кўп.

Дарвоқе, яқинда Германия ҳукумати ҳам вакцина яратиш марказига киберҳужум ҳозирча уюштирилмаганини маълум қилиб, вазият назорат остида эканини ва доим Лондон билан алоқада бўлишини таъкидлади.

Вакцина қачон ва қандай тақсимланади?

Одамлар коронавирусга қарши вакцинани фақат 2021 йилнинг биринчи ярмидан бошлаб ола бошлайди, деди ЖССТнинг соғлиқни сақлаш бўйича фавқулодда вазиятлар дастури директори Майкл Раян. Унинг таъкидлашича, вакцина ишлаб чиқаришда муваффақиятлар қайд этилаётганига қарамай, препаратни олиш муддатига реал қараш лозим.

У, шунингдек, ЖССТ вакцина билан барчани таъминлаш ҳақида бош қотираётганини айтиб, «вакцина фақат бойлар учун эмас, қашшоқлар учун ҳам эмас, улар ҳамма учун», – дея таъкидлади.

Кўриниб турибдики, ЖССТ раҳбарияти вакцинани қайси давлат биринчи яратмасин, қайси компания биринчи бўлиб ишлаб чиқармасин, у дунё аҳолисининг умумий мулки бўлиши ва ҳаммага адолат билан тақсимланиши кераклигини таъкидламоқда. Нафсиламбрни айтганда, шундай бўлиши ҳам керак.

Интернет материаллари асосида
Саидмурод Раҳимов тайёрлади.