Ҳаммасига пандемия айбдор!

ЖССТ томонидан яқинда чоп этилган “Жаҳон соғлиқни сақлаш статистикаси” йиллик ҳисоботида сўнгги йиллар жаҳон миқёсида соғлиқни сақлаш соҳаси асосий кўрсаткичлари бўйича турғунлик кузатилаётгани айтилган. Қолаверса, ҳужжат муаллифлари сўнгги пайтда юқумли бўлмаган касалликлар хавфи ва иқлим ўзгаришининг салбий таъсири ҳам ортиб бораётганидан огоҳлантирган.
2022 йилгача эълон қилинган маълумотлар “CОVID-19”нинг соғлиқни сақлаш соҳасига таъсири, шунингдек, аҳоли саломатлиги билан боғлиқ Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлидаги тараққиётга оид ҳолатдан гувоҳлик беради.
Маълум бўлишича, пандемия инсоният ҳаёти давомийлигига сезиларли салбий таъсир этган, жами 337 миллион йиллик инсон ҳаётини нобуд қилган. Бундан ташқари бор куч коронавирусга қарши курашга йўналтирилгани сабабли, тиббиёт билан боғлиқ кўплаб масалалар иккинчи даражага тушиб қолди ёки бошқа муаммоларга аввалгидек эътибор берилмади, Бу муайян кўрсаткичлар турғунлашишига олиб келди.
2000 йилдан бошлаб дунёда она ва бола саломатлиги бўйича ижобий тенденция кузатилаётган эди. ОИТС, сил, безгак каби юқумли касалликлар камайиб, юқумли бўлмаган хасталиклар, жароҳатдан бевақт ўлим юў бериши хавфи ҳам пасая бошлаганди. Натижада 2019 йилга келиб глобал умр кўриш давомийлиги 2000 йилдаги 67 ёшдан 73 ёшга чиқди.

Юқумли ва юқумли бўлмаган касалликлар хавфи ортмоқда!
Афсуски, пандемия безгак ва сил касаллиги ўсиш тенденциясини кучайтирди. Масалан, силни камайтириш нуқтаи назаридан, ЖССТ 2015-2021 йиллар учун сил касаллигини тугатиш стратегиясида 2025 йилга белгиланган марранинг, атиги, бешдан бири босиб ўтилди. Пандемия даврида “эътиборсиз қолган тропик касалликлар”дан даволаниш кўрсаткичи ҳам ортга кетди.
Ҳисобот муаллифлари юқумли бўлмаган хасталиклардан ўлим сони барқарор ўсаётганини таъкидламоқда. Бугунги кунда сайёрамиздаги ўлим ҳолатининг тўртдан уч қисми шундай касалликларга тўғри келади.
– Жаҳон соғлиқни сақлаш статистикаси ЖССТнинг дунё саломатлиги бўйича йиллик текширувидир, – дейди ЖССТ Бош директори доктор Тедрос Адханом Гебрейесус. – Ҳисобот инсон ҳаёти, соғлиқни сақлаш тизими, иқтисодиёт, турмуш воситалари ва жамиятга катта зарар етказадиган юқумли бўлмаган касалликлар таҳдиди хусусида аниқ маълумот беради. Агар ҳозирги тенденция давом этса, аср ўрталарига келиб, юқумли бўлмаган касалликлар дунё бўйлаб барча ўлим ҳолатининг, қарийб, 86 фоизини ташкил этиши тахмин қилинмоқда. Бошқача айтганда, ўша даврга бориб, ҳар йили 77 миллион киши шундай хасталикдан вафот этади. Бу 2019 йилга нисбатан мутлақ кўрсаткичда, деярли, 90 фоиз кўпдир.
Инвестицияни кўпайтириш зарурати
Ҳисоботда касалланиш ва ўлим билан боғлиқ кўплаб рақамлар камайиши секинлашгани қайд этилган. Масалан, Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасидаги тегишли кўрсаткичга эришиш учун 2021-2030 йиллар оралиғида глобал оналар ўлими коэффиценти йилига 11,6 фоиз камайиши керак.
ЖССТ экспертлари таъкидлашича, чекиш, спиртли ичимлик истеъмол қилиш, тоза ичимлик суви етишмаслиги ва аксил санитария каби омиллар билан боғлиқ хавф камайган бўлса-да, тараққиёт кўнгилдагидек эмас. Ҳаво ифлосланиши юқорилигича қолмоқда.
Мутахассислар семириш муаммосини ҳам ташвиш билан таъкидлаган. Аҳолининг асосий тиббий хизматдан фойдаланиш шароитини яхшилаш суръати секинлашган. 2030 йилга қадар умумий соғлиқни сақлашни таъминлаш имкони чекланган.
“CОVID-19 пандемияси тараққиёт кафолатланмаганини тасдиқловчи муҳим эслатма”, дея огоҳлантиради ЖССТ Бош директори ёрдамчиси доктор Самира Асма.

“2030 йилгача барқарор ривожланиш кун тартибига риоя қилиш бўйича барча мамлакатларда ижобий натижага эришиш учун қатъий ва биргаликда ҳаракат қилишимиз керак”, дейди у. Қолаверса, ЖССТ барча соҳалар каби соғлиқни сақлаш тизимига инвестицияни сезиларли даражада ошириш зарурлигини таъкидлайди.
Бу галги ҳисобот аввал кузатилмаган яна бир жиҳати билан аҳамиятли. Ҳужжатда илк бор акс этган иқлим ўзгариши ва саломатлик махсус бўлими, муаллифлар таъкидлашича, энди йиллик ҳисоботнинг мажбурий қисмига айланади. Бинобарин, вақтида берилган ишончли ва алоҳида маълумот тараққиётни кузатиш, миллий ва глобал соғлиқни сақлаш сиёсатини яхшилаш учун жуда муҳим.
С.Раҳимов, ЎзА