"The Indian times" нашрининг маълум қилишича, Ҳиндистонда пандемия даври бошлангандан жорий йилнинг май ойига қадар коронавирус туфайли журналистларнинг 350 га яқин ўлими қайд этилган. Тасдиқланмаган маълумотлар батафсил ўрганилса бу кўрсаткич ўзгариши ҳам мумкин.
Ушбу маълумотлар асосан 2020 йил 1 апрельдан 2021 йил 19 майгача бўлган даврда кузатилган. Карантин даврида бир нечта давлатлар оммавий ахборот воситалари ходимларини энг муҳим касб эгалари сафида ҳисоблаб, эмлаш жараёнида уларни биринчи ўринга қўйди.
Бу борада Ҳиндистонда Олий судга мурожаатлар ҳам йўлланилди, унга кўра вафот этган журналистларнинг оила аъзолари муносиб эътиборда бўлиши бўйича кўрсатмалар сўралган.
Унда айтилишича, ўтган йилнинг апрель ойидан бошлаб COVID-19 туфайли журналистларнинг ўлими бўйича тадқиқотлар давом этмоқда ва бунда уларни даволашда тиббий муассасаларнинг етишмаслиги тўғрисида аниқ маълумотлар топилган. Мурожаатда шу боис ҳукуматдан пандемия пайтида хусусий ва давлат касалхоналарида журналистларга бепул даволаниши имконияти берилиши ҳамда муолажа тўловларини қоплаш учун ҳукумат кўрсатмаси сўралган.