English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
COVID-19: Ўзбекистонда коронавирусга қарши кураш тажрибаси ва муаммолар
12:35 / 2021-07-22

COVID -19 пандемияси бугунги кунда бутун дунёни катта ташвишга солмоқда ва аҳоли саломатлиги учун хавотир уйғотаётган долзарб муаммоларидан бирилигича қолмоқда. Ҳозирда дунё давлатлари коронавирус пандемиясининг навбатдаги тўлқини билан курашмоқда.

2021 йилнинг 20 июль ҳолатига кўра, дунёнинг 191 (220) давлатида жами коронавирусга чалинганлар сони 192 278 086 нафарни ташкил этди, улардан 174 963 344 нафари соғайган, 4 133 988 нафар бемор вафот этган, 81 719 (0,7 фоиз) нафар беморлар оғир аҳволда қолмоқда. Охирги сутка ичида +48 909 янги касаллик ҳолати қайд этилиб, +8 283 нафар беморлар ушбу касалликдан вафот этди.

Ҳозирда коронавирус пандемиясига чалинганлар сони бўйича АҚШ (35 081 719), Ҳиндистон (31 216 337), Бразилия (19 419 741), Россия (6 006 536), Франция (5 890 062), Туркия (5 546 166), Буюк Британия (5 519 602), Аргентина (4 784 219), Колумбия (4 668 750) ва Италия (4 293 083) каби давлатлар етакчилик қилмоқда.

Афсуски, ушбу офат бизнинг юртимизни ҳам четлаб ўтмади. Шу вазиятда давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилган оқилона давлат сиёсати натижасида пандемия даврини катта иқтисодий-ижтимоий йўқотишларсиз ўтказмоқдамиз.

Пандемиянинг биринчи кунидан бошлаб давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев бошчилигида мамлакатимизда COVID-19нинг тарқалишини олдини олиш ва унинг мамлакат иқтисодиётига таъсирини юмшатишга қаратилган 10 дан ортиқ норматив ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Жумладан, «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармон;

«Коронавирус пандемиясини юмшатиш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва саломатлигини сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармон;

«Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияни ташкил этиш тўғрисида»ги фармойиши;

Вазирлар Маҳкамасининг «Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори;

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Коронавирус инфекциясини ташхислаш, даволаш ва олдини олиш бўйича захира мутахассисларни тайёрлаш тўғрисида»ги буйруғи;

«Халқаро стандартлар асосида ишлаб чиқилган COVID-19 бўйича миллий қўлланмани тиббиёт амалиётига жорий этилишини янада жадаллаштириш ҳақида»ги буйруқлари республикамизда коронавирус инфекциясининг тарқалишини олдини олиш бўйича чора-тадбирларни самарали ташкил этишга ёрдам берди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 январдаги «Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияни ташкил этиш тўғрисида»ги Ф-5537-сонли фармойиши асосида коронавирус инфекциясини юртимизга кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш, қулай санитария-эпидемиологик муҳитни таъминлаш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида Республика махсус комиссияси ташкил этилди.

Коронавирус пандемияси салбий оқибатларини олдини олиш, республикада санитария-эпидемиологик барқарорликни таъминлаш ҳамда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш борасида қуйидаги ишлар амалга оширилди.

I. Пандемия эрта босқичларида амалга оширилган ишлар:

республика бўйлаб кучайтирилган карантин чекловлари жорий этилди;

мактабгача, умумтаълим ҳамда олий таълим муассасалари фаолияти масофавий тарзда олиб борилди;

халқаро ҳамда маҳаллий авиа ва темир йўл қатновлари фаолияти тўхтатилди;

республика ҳудудига кириб келган, шунингдек, коронавирус аниқланган шахслар билан мулоқотда бўлганлар 14 кун давомида карантин марказларида бўлди;

барча оммавий (спорт, маданий) тадбирлар, тўй маросимлари тўхтатилди;

санитар-карантин пунктлари фаолияти кучайтирилди;

ҳар бир ҳудудда мослаштирилган карантин зоналари ташкил этилди ва хориждаги фуқароларимиз чартер рейслар билан республикага олиб келиниб, карантин зоналарида 14 кун давомида карантинга олинди. Уларнинг барчасидан лаборатор таҳлиллар олиниб, касаллик аниқланганлар махсус шифохоналарга даволанишга юборилди;

махсус ковид-поликлиникалар, мобил бригадалар, 1003- Call-centerлар ташкил этилди;

Шу билан бир қаторда, қисқа муддатда Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида 22 минг ўринли «Карантин маркази» янгидан барпо этилди. Шунингдек, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида жами 7 085 ўринли карантин марказлари қурилиб битказилди.

II. Пандемия даврида тиббиёт муассасаларига 2020 йилда 3 та МСКТ, 56 та рентген, 2303 та функционал кровать, 1 минг 450 та СИПАП, 3 минг 300 та кислород концентратор, 2040 та ИВЛ, 55 та ПЗР, 12,5 мингта кардиомонитор, шунингдек, бюджет ҳисобидан 72 млрд. сўмлик 500 та ИВЛ, 90 та кардиомонитор, 10 та ПЗР аппарати ва бошқа жиҳозлар етказиб берилди. Шунингдек, мурувват ёрдами орқали 1 минг 512 та болалар СИПАПи, 300 та ИВЛ, 2 минг 507 та кислород концентратори ва бошқа жиҳозлар етказиб берилди.

Беморларга жойида сифатли лаборатор хизматни ташкил қилиш мақсадида 11 турдаги анализаторлар ва сарфлов воситалари билан бирга харид қилинди. Хусусан, 10 та биохимик анализатор, 10 та иммунофермент анализатор, 10 та гематологик анализатор, 30 та қонни қуюлувчанлик кўрсаткичлари анализатори, 20 та яримавтоматик коагулометр ва бошқа анализаторлар келтирилиб, тақсимотга асосан жойларга етказиб берилди.

Бундан ташқари, Хитойнинг «Хенан Костар» компанияси билан тузилган шартномага асосан 20 та гематологик аппарати, 17 та рақамли портатив рентген аппарати, 1000 та кислород концентратори, 200 та кардиомонитор, 206 та шприцли насос, 8400 та пульсоксиметр келтирилиб, ҳудудий тиббий муассасаларга етказилди.

III. Дори-дармон таъминоти бўйича амалга оширилган ишлар:

Коронавирус касаллигини олдини олиш ва инфекция аниқланган беморларни ўз вақтида даволаш мақсадида инқирозга қарши кураш жамғармасидан зарур маблағлар ажратилиб, энг зарур бўлган 49 турдаги дори воситалари захираси яратилди ва узлуксиз равишда жойларга етказиб берилди.

Коронавирусни даволашда энг юқори самарага эга бўлган Фавипиравир ҳамда Ремдесевир дори воситалари, ПСР-тестлар, индивидуал ҳимоя воситалари, дезинфекцион моддалар ишлаб чиқарилиши маҳаллийлаштирилди.

800 мингга яқин тўплам дори қутилари (COVID-BOX, аптечкалар) ҳудудларга етказиб берилди.

IV. Тиббиёт ходимларини рағбатлантириш бўйича амалга оширилган ишлар:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 мартдаги «Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4652-сон қарори бўйича тиббиёт, ва бошқа ходимларга ҳар 14 кунлик фаолият даври учун қўшимча маблағлар тўлаб берилиши белгиланган. Мазкур қарор асосида врач ходимларга, врач-лаборантларга — 25 млн. сўм; ўрта тиббиёт ходимлари, ҳамшира-лаборантларга — 15 млн. сўм; кичик тиббиёт ходимларига — 10 млн. сўм; бошқа ходимларга — 5 млн. сўм маблағлар тўлаб берилди. Ҳозирда тиббиёт ходимларига 14 кунлик фаолияти учун тўланадиган махсус тўловлар тўлаш муддатини 30 кунга узайтириш орқали бюджет маблағларини тежашга эришилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 23 июлдаги ПФ-6032-сон ва 2020 йил 27 августдаги ПФ-6052-сон Фармонлари асосида Коронавирус пандемиясига қарши курашишда фидойилик кўрсатган 300 нафардан ортиқ тиббиёт ходимлари Давлат мукофотлари билан тақдирланди

V. Шифохоналарда даволаш ишларини амалга ошириш бўйича бажарилган ишлар:

Коронавирус инфекцияси пандемиясининг юқори чўққиси даврида республикамизда жами 159 та муассасада 25 минг 200 та шифо ўринлари, шу жумладан 2 минг 500 та реанимацион ўринлар ташкил этилди.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қисқа муддатларда Тошкент вилояти Зангиота туманида Коронавирус беморларини даволаш учун 3600 ўринли махсус шифохона қуриб битказилди ва замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланиб, фойдаланишга топширилди.

Худди шундай махсус шифохоналар Нукус, Самарқанд шаҳарлари ҳамда Термиз ва Поп туманларида барпо этилди.

Бундан ташқари, қўшимча равишда 58 та саралаш-тақсимлаш марказларида 15 мингта ўрин, шу жумладан 1225 та реанимация ўринлари ташкил этилди.

Бугунги кунга қадар коронавирус беморларини даволаш ишларига Хитой, Россия, Корея, Туркия ва Германия давлатларидан келган 140 дан ортиқ мутахассислар иштирок этишди.

Ўзбекистонда бирламчи тиббий-санитария ёрдами фаолияти шундай ташкил этилдики, бунда тиббий ёрдамга муҳтож бўлган ҳар бир киши тиббий ходимни уйига чақириб, уйда барча тиббий муолажаларни амалга оширилди. Aгар коронавирусга шубҳа қилинган беморни касалхонага ётқизиш зарурияти бўлса, махсус гуруҳ чақирилиб, бемор госпитализация қилинди ва бепул даволанди.

2021 йилнинг 20 июль ҳолатига кўра, Республикамизда эса жами касалланганлар сони 121 329 нафарни, соғайганлар 116 009 нафарни, вафот этганлар эса 810 нафар кишини ташкил этмоқда.

Ушбу рақамларни бошқа мамлакатларники билан солиштирганда, инфекцияни юқтирганлар сони ва ўлим даражаси анча пастлигини Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида қабул қилинган тезкор ва самарали қарорлар, шунингдек, инфекция тарқалишининг олдини олиш ҳамда назорат қилиш бўйича олиб борилган кенг кўламли чора-тадбирлар натижаси эканлигини ҳамда республикамиз фуқароларининг соғлиғини ҳимоя қилиш учун соғлиқни сақлаш тизими ходимлари томонидан барча имкониятни ишга солинаётганлигидан далолат беради.

Бунинг натижасида вируснинг тарқалишини жиловлаш, шунингдек, пандемиянинг ижтимоий-иқтисодий, жумладан аҳолининг энг эҳтиёжманд қатламлари учун оқибатларни юмшатишга эришилди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, мамлакатмизда жуда катта куч сарфлаб, кўп саъй-ҳаракатлар, халқимизнинг кўмаги, сабр-тоқати билан бу офат жиловлаб турилибди.

Ҳозирги кунда пандемия шароитида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, иқтисодий барқарорлигини таъминлаш мақсадида жорий этилган карантин чекловлари юмшатилиб, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳалари фаолияти тўлиқ тикланди.

Шу билан бирга, олий таълим соҳасидан ташқари мактабгача, умумтаълим муассасалар фаолияти босқичма-босқич йўлга қўйилди.

Халқаро ҳамда маҳаллий авиа ва темир йўл қатновлари йўлга қўйилди, шунингдек, кўнгилочар объектлар ва диний ташкилотлар фаолияти, тўй маросимларига (иштирокчилар сони ва ўтказиш вақтини чегараланган ҳолда) рухсат берилди. Аммо ҳозирги кунда аҳолининг маълум контингенти ўртасида карантин талабаларига эътиборсизлик кузатилмоқда, яъни тиббий ниқобсиз юриш ёки ниқобни тўғри тақмаслик ҳолатлари, тўй-ҳашамларда, турли тадбирларда иштирокчилар сонининг кўплиги, зарурат бўлмаганда ҳам жамоа бўлиб йиғилиш, натижада ижтимоий масофага риоя этмаслик ҳолатлари ва бошқалар.

Виждонан гапирадиган бўлсак ҳеч биримиз карантин қоидаларига қатъий амал қилмаяпмиз. Мисол учун оддий тиббий ниқоб тақиш қоидаларига риоя қилишни олсак. Ким шу қоидани тўғри бажаряпти? Ҳар 2 соатда ниқобни алмаштириб турибмизми? Бир марта ишлатилиши лозим бўлган ниқобларни «кўп марталик» қилиб тақмаяпмизми? Чўнтагимизда олиб юриб, эл кўзи учун ниқобни тақмаяпмизми? Ёки ижтимоий масофани сақлаш масаласи. Тўй-ҳашамларни қандай ўтказяпмиз? Меҳмондорчиликларимиз кўпайиб кетмадими? Аччиқ тажрибамиз шунчалик тез эсдан чиқдими? Буларнинг барчаси аҳоли ўртасида касалликнинг яна тарқалишига сабаб бўлмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги сўнгги бир кунда Ўзбекистонда коронавирус аниқланганлар сони 700 нафарга, пневмония қайд этилганлар сони эса 500 нафарга яқинлиги ҳақида хабар берди. Пандемия бошидан бери бу ўрнатилган антирекордимизга ўзимиз сабабчи эмасмизми?

Аҳоли ўртасида касалликни камайтириш учун манбани эрта аниқлаш, яъни юқори нафас йўлларининг яллиғланиш аломатлари (иситма, йўтал, грипп) бўлганларни эрта касалхонага ётқизиш, эҳтиёт чораларини кўриш (тиббий ниқоб тақиш, нафас олиш ва қўл гигиенаси, шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланиш), ижтимоий масофани сақлаш ва соғлом турмуш тарзига риоя қилиш бўйича тадбирларни талаб даражасида бажариш лозим. Ҳурматли Ватандошлар! Бу хавф бутун дунёда бутунлай бартараф этилмас экан, хотиржамликка берилишга асло ҳаққимиз йўқ.

Барчамиз зийраклик ва эҳтиёткорлик билан оддий карантин қоидаларига, яъни тиббий ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш, шахсий гигиена қоидаларига тўлиқ амал қилишимиз лозим. Мустаҳкам интизом, қатъий ирода, юксак маънавий жасорат, мардонавор бирдамлик, Яратганнинг инояти ила Биз бутун ХАЛҚИМИЗ билан коронавирус балосини албатта енгамиз!

Алишер ШОДМОНОВ, 

Тошкент тиббиёт академияси ректори