English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
COVID-19: қийинчиликлар ҳали олдинда
17:30 / 2020-09-19

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти COVID-19 туфайли октябр-ноябрь ойлари ўлим ҳолатлари кўпайишини таъкидламоқда.


Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти COVID-19 туфайли октябр-ноябрь ойлари ўлим ҳолатлари кўпайишини таъкидламоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Европада коронавирус туфайли октябрь-ноябрь ойларида ўлим ҳолатлари кўпаяди, деб маълум қилди Франс-Пресс агентлиги ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси директори Ханса Клюге берган маълумотга асосланиб.

«Вазият кескинлашади. Октябрь-ноябрь ойларида ўлим ҳолатлари кўпайганини кузатамиз», – деган Клюге. Агентлик берган хабарда таъкидланишича, ўлимларнинг кўпайишига Европада пандемиянинг янги тўлқини сабаб бўлади.

Бу ЖССТ мутахассисларининг келгуси ойларга берган башорати, холос. Аммо ҳозир сайёрамизда пандемия билан боғлиқ вазият қандай? Жаҳон оммавий ахборот воситалари тарқатаётган маълумотларга қараганда, дунё бўйича коронавирус билан боғлиқ юзага келган ҳозирги вазият яхши эмас. Аниқроғи, вазият яна кескинлашмоқда. Масалан, ЖССТ сўнгги кунларда касалликнинг рекорд даражада қайд этилаётганини маълум қилди.

Аввал хавотир билан тилга олинаётган иккинчи тўлқин ҳақиқатга айланяпти. Масалан, Австрия билан Чехия иккинчи тўлқин ҳақида аллақачон бонг уришни бошлади. Исроил дунёда биринчилардан бўлиб қаттиқ карантин чораларига қайтганини маълум қилди, мамлакатда фақат ҳаётий зарур бўлган ишлаб чиқариш объектларидан ташқари барча корхоналар ёпилди, сайр қилиш ҳам чекланди.

Ҳозирча бошқа мамлакатлар раҳбарлари қайтадан карантин чораларини қўлламасликка ҳаракат қилмоқда. БМТ экспертлари халқаро ҳамжамиятни эпидемияга қарши самарали кураш олиб бориш учун тизимли равишда ишларни қайта кўриб чиқишга чақирмоқда.

Айни пайтда дунё пандемиянинг иккинчи тўлқини келаётгани ҳақида гапира бошлади. Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти бош котиби Хосе Анхел Гуррианинг таъкидлашича, агар иккинчи тўлқин келса дунё ЯИМда йўқотиш 7,5 фоизга етади.

Дарвоқе, ушбу статистика қанчалик кўнгилни хира қилмасин, кўп мамлакатлар иккинчи тўлқин ҳали келмаганига ва эҳтимол умуман, келмаслигига умид билдирмоқда.

«Биз ҳеч қандай иккинчи тўлқин бўлмаслигига умид қиламиз. Иккинчи тўлқин атрофида жуда кўп миш-мишлар ва фаразлар айланмоқда», – деди Рособрнадзор раҳбари Анзор Музаев журналистлар билан учрашувда.

Аммо, Австрия ва Чехия ҳукумати мамлакатга иккинчи тўлқин келганини расман эълон қилди.

Эрон Президенти Ҳасан Руҳонийнинг маълум қилишича, коронавирус тарқалишининг иккинчи тўлқини мамлакатга июннинг ўрталарида келган эди.

Шундай бир шароитда миллий иқтисодиётни ёпиш керакми, аҳолини қаттиқ карантинга қайтариш шартми, деган савол ўртага чиқмоқда. Қолаверса, кўпгина мамлакатларда ҳали ҳам биринчи тўлқинда жорий қилинган чеклов чоралари ҳали давом этмоқда. Нима бўлганда ҳам, кузатиш мумкинки, қатор давлатларда чекловлар яна қайта жорий этилмоқда.

Кескин чеклов чораларига дунёда биринчи бўлиб Исроил қайтганини маълум қилди. 18 сентябрдан бошлаб мактаблар, кафе ва ресторанлар, ҳаётий зарур маҳсулотлар ишлаб чиқариш билан шуғулланаётган объектлардан ташқари барча корхоналар уч ҳафтага ёпилиши эълон қилинди. Аҳоли уйини 500 метрдан узоққа тарк эта олмайди. Уйдан чиқиш ҳам фақат спорт билан шуғулланиш учун рухсат этилади. Бир хонада ўн кишидан ортиқ тўпланиш мумкин эмас.

Исроил ҳукумати бундай қарорга келиши осон бўлмади. Карантин жорий қилиш масаласини муҳокама қилиш бўйича ҳукумат мажлиси нақ етти соатга чўзилди.

«Ушбу қадам барчамиз учун оғриқли», – деди Бош вазир Биньямин Нетаньяху. Қолаверса, у карантин чоралари 10 октябрдан кейин яна чўзилиши мумкинлигини ҳам ҳисобдан чиқармади.

Хитой Юннан провинциясида ҳарбий ҳолат эълон қилди

Юннан провинцияси ҳукумати Мянмага чегарадош саккизта округ ва 25 та уездда коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун ҳарбий ҳолат эълон қилди. Бу ҳақда «Пэнпай» газетаси вилоятдаги коронавирусга қарши кураш бўйича ишчи гуруҳ раҳбарлари маълумотларига асосланиб ёзди.

Ишчи гуруҳнинг ёзишича, «коронавирус тарқалишига қарши кескин курашиш учун тезкор равишда ҳарбий ҳолат жорий қилиш керак».

Карантиннинг ҳам ўзига яраша муаммолари ошкор бўлмоқда. Масалан, пандемия натижасида яккаланиш тартиби ва масофадан таълим олиш Россияда ўқувчиларнинг 80 фоизида руҳий ноқулайлик кузатилган бўлса, 40 фоиз ўқувчида руҳий зўриқиш пайдо бўлган.

Бу шунчаки гап эмас, балки Россия соғлиқни сақлаш вазирлигининг болалар саломатлиги миллий тиббий тадқиқот маркази ўтказган сўров натижаларидир, деб хабар қилди ТАСС агентлиги. Ушбу онлайн сўров Россиянинг 79 та ҳудудида ўтказилган бўлиб, унда 29 минг 779 нафар мактаб ўқувчиси иштирок этган.

Сўров натижаларига кўра, «83,8 фоиз ўқувчиларда ноқулай руҳий ҳолат қайд этилган. 42,2 фоиз ўқувчида руҳий зўриқиш, 26,8 фоизида бош оғриғи синдроми, 55,8 фоизида уйқу бузилиши қайд этилган. Ҳар беш ўқувчининг бири яккаланиш чидаб бўлмас ҳолат эканини айтган».

Болаларнинг ҳар кунги фойдаланадиган нарсаси асосан смартфон бўлиб қолган. Чунки ўқувчилар айнан ушбу қурулмадан масофадан таълим олишда фойдаланмоқда. Шубҳасиз, буларнинг барчаси болаларнинг соғлиғига зиён келтиради, дейилади хабарда.

Италияда мактаб ўқувчилари ва ўқитувчиларига парта етишмаяпти. Европанинг бирорта мамлакатида мактаблар Италиядагидек узоқ муддатга ёпилган эмас. Бу мамлакатда пандемияни жиловлаш учун барча ўқув муассасалари февралда ёпилган эди. 14 сентябрда мактаблар очилиши ҳақида маълум қилинганди, лекин кўплаб мактаблар ҳали ҳам очилгани йўқ.

“Frankfurter Allgemeine Zeitung” газетасининг ёзишича, Италияда болаларга бир кишилик парта етишмаяпти, ўқитувчиларнинг коронавирусга қарши тест топшириши эса ҳали ниҳоясига етгани йўқ. Рим шаҳридаги мактабларда парталарни кўчага ўрнатиш режалаштирилмоқда. Мақсад болалар ижтимоий масофани сақлаган ҳолда дарсда қатнашсин.

Буюк Британияда эса аҳолига қўшнилари ҳақида маълумот етказиш сўралмоқда.

Британиянинг жиноятчилик ва полиция ишлари бўйича вазири Кит Малтхаус фуқаролардан агар қўшни уйда олти нафардан кўп киши тўпланадиган бўлса полицияга қўнғироқ қилишни сўраган.

Британияда коронавирус туфайли «Олти киши қоидаси» жорий қилинди. Тартибни бузганларга 100 фунт стерлинг жарима белгиланган.

COVID-19га қарши вакцина ҳаммага етадими?

Ҳиндистоннинг вакцина ишлаб чиқариш бўйича энг йирик компанияси раҳбари Адар Пунавалланинг фикрича COVID-19га қарши қўлланиладиган вакцина танқислиги камида 2024 йилгача чўзилади.

«Сайёрамизда барча вакцина олиши учун тўрт йилдан беш йилгача вақт ўтади», – деди Пунавалла “Financial Times” газетасига берган интервьюсида.

Унинг қўшимча қилишича, барча одамни вакцина билан таъминлаш учун 15 миллиард доза керак бўлади.

Вакцина пандемияга якун ясайдими?

ЖССТнинг Европадаги ваколатхонасидан маълум қилинишича, коронавирусга қарши ишлаб чиқилаётган вакциналар пандемияга якун ясамайди. Бундан ташқари, ташкилот вакиллари вакциналар барча гуруҳдаги аҳоли учун бирдек самарали бўлишига ҳам шубҳа билдирмоқда, деб ёзади “Daily Star”.

«Мен ҳар доим вакцина пандемияга якун ясаши ҳақида эшитиб келяпман, афсуски ундай эмас! Биз ҳатто вакцина барча гуруҳдаги одамларга бирдек фойда беришини ҳам билмаймиз. Пандемиянинг тугаши биз пандемия билан бирга яшашга кўниккан дақиқадан бошланади. Буларнинг барчаси ўзимизга боғлиқ ва умидларимиз ҳам шундан», – дейди ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клюге.

Интернет материаллари асосида
Саидмурод Раҳимов тайёрлади,