Мамлакатимизда “COVID-19” инфекциясининг олдини олишга қаратилган саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бермоқда.
Аммо бу зиммамиздаги вазифалар қамровини камайтирмайди. Зеро касаллик бизни бутунлай тарк этгани йўқ. Ҳудудларимизда касаллар бор экан бизни янада огоҳ ва ҳушёр бўлишга даъват этади. Карантин қоидалари юмшатилган, аммо у бутунлай бекор қилинмаган.
Дунёда ушбу касалликка қарши иммунизация, яъни эмлаш орқали ҳудудларда эпидемиологик осойишталикни сақлаб қолиш мумкинлиги айтилмоқда. Мамлакатимизда ҳам “COVID-19” инфекциясига қарши эмлаш жараёнларига тайёргарлик тадбирлари бошланди.
Сирдарё вилоятида коронавирус инфекциясига қарши эмлаш ишларига тайёргарлик қай даражада? Унда нималарга эътибор қаратилаяпти? Иммунизация аҳоли соғлиғини сақлашда қандай аҳамият касб этади? Бу каби саволлар барчани бирдай қизиқтираётгани табиий. Бу амалиёт илк бор ўтказилаётгани учун кимдадир хавотир, кимдадир қўрқув уйғотмоқда.
Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармалари, маҳаллий ҳокимликлар ва бошқа мутасадди ташкилотлар вакиллари томонидан “COVID-19” инфекциясига қарши иммунизация қилиш жараёнларига тайёргарлик кўрилмоқда.
Вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси ва шаҳар, туман тиббиёт бирлашмаларининг “Коронавирус инфекциясига қарши эмлаш жараёнларини мувофиқлаштирувчи, узлуксиз фаолият кўрсатадиган штаб”лари ташкил этилди. Штаблар таркибига малакали тиббиёт мутахассислари бириктирилди.
Эмлаш тадбирларига вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, унинг қуйи тизимидаги туман, шаҳар тиббиёт бирлашмалари, умумий амалиёт шифокори ва тиббиёт ҳамширалари, вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси, туман, шаҳар бўлимларидан мутахассислар жалб этилди. Олиб борилаётган тадбирлар ҳақида бошқарманинг штабига кунлик маълумотлар бериб борилиши йўлга қўйилди. Барча шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими бошлиқларига “COVID-19” коронавирус инфекциясига қарши эмлаш жараёнига тайёргарлик кўриш ва штаб фаолиятини ташкил этиш учун алоҳида хоналар ажратилди.
Вакцинани татбиқ этишда аҳоли, айниқса ота-оналар, тиббиёт соҳаси шифокорлари, ўқитувчилар ва бошқа соҳа ходимларининг муносабатларини ўрганиш мақсадида тарғибот-ташвиқот ишлари йўлга қўйилди. Ҳар бир эмлаш бригадасига автотранспорт воситалари бириктирилди. Эмлаш пунктларида тез ёрдам кўрсатадиган тиббиёт ходимлари рўйхати тузилган.
– “Хавфсиз иммунизация”ни ташкил этиш жараёнида қатнашадиган шифокор, вакцинатор ва уларнинг дублёрлари малакасини ошириш учун ўқув семинарлари ташкил этиб борилмоқда, – дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик билан ишлаш бўлими раҳбари Ғулом Норматов. – Маҳаллий ҳокимликлар, имом хатиблар, маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари ва мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида “Хавфсиз иммунизация”, “COVID-19” га қарши вакцинанинг аҳамияти”, “Эмлаш аҳоли саломатлиги учун муҳим жараён”, “Исломда эмлаш тақиқланмайди” каби мавзуларда давра суҳбатлари ўтказилмоқда. Эмлашнинг аҳамияти, хавфсизлиги ва аҳоли саломатлигини асрашдаги аҳамияти бўйича батафсил маълумот берилаётир.
А.Қаюмов, ЎзА