Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
COVID-19 даврида ва пандемиядан кейин Омбудсманнинг ўрни
11:55 / 2021-04-07

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Таиланд Қироллиги Омбудсмани томонидан ташкил этилган “COVID-19 даврида ва пандемиядан кейин Омбудсманнинг ўрни” мавзусидаги халқаро вебинарда видео мурожаат билан иштирок этди.

Анжуманда, шунингдек, Халқаро Омбудсманлар Институти раҳбарлари, дунёнинг турли қитъаларидан бир қатор давлатлар Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилларнинг ҳам маърузалари тингланди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) матбуот хизмати томонидан тақдим қилинган маълумотга кўра, мамлакатимиз вакили (Омбудсман) ўз мурожаатида давлатимиз раҳбари томонидан юртимизда коронавирус инфекциясига қарши курашиш юзасидан олиб борилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар юзасидан маълумот берди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг юртимизга коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олишга қаратилган фармойиши қабул қилингани, «Саховат ва кўмак» жамғармаси ташкил этилиб, “Темир дафтар” тизими жорий этилгани таъкидланди.

Шу билан бирга Шавкат Мирзиёевнинг Парламентга йўллаган Мурожаатномасида ҳамда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурида белгиланган Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) зиммасидаги вазифалар бўйича ҳам сўз юритилди.

Тадбирда хорижий давлатларнинг пандемия шароитида фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасидаги фаолияти ўрганилди. Хусусан, фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш, карантин қоидаларига риоя этиш, малакали тиббий ёрдам кўрсатиш соҳасидаги тажрибаси юзасидан фикрлар билдирилди.

Пандемия жараёнида Омбудсман институтларига электрон мурожаатлар сони ошгани маълум бўлди. Масалан, инсон ҳуқуқлари бўйича кўплаб вакилларнинг веб-сайтида COVID-19 бўлими очилган. Пандемия билан боғлиқ мурожаатлар фақат шу устун орқали қайд этилиб, мониторинг қилиб борилади.

Вебинарда пандемия билан боғлиқ маълумотларни фуқароларга етказишда очиқликни таъминлаш, инқирозга тушиб қолмаслигини таъминлаш мақсадида хусусий корхоналарни қўллаб-қувватлаш учун давлат томонидан имтиёзли кредит ажратиш, меҳнат самарадорлигини ошириш мақсадида ходимлар учун махсус (пандемия шароитида қандай меҳнат фаолиятини олиб боришни ўргатувчи) қўлланма ишлаб чиқиш, фуқаролар жамоатчилик хизматидан фойдаланишида ҳеч қандай тўсиқ бўлмаслигига эришиш, Омбудсман ва бошқа ташкилотлар меҳнат фаолиятига кўмак беришда волонтёрларни жалб этишни йўлга қўйиш таклифи билдирилди.

 

Муҳайё Тошқораева, ЎзА