Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
COVID-19: Қалбаки дори-дармонларнинг ноқонуний савдоси авж олмоқда
12:01 / 2020-07-14

Бошқаларнинг кулфатидан бойлик орттиришга уриниш ҳамма вақт ва ҳамма жамиятда бўлган.


Бошқаларнинг кулфатидан бойлик орттиришга уриниш ҳамма вақт ва ҳамма жамиятда бўлган. Ачинарлиси, бундай кимсалар одамларнинг қўрқуви, ишончсизлиги, эртанги кунга ҳадик билан қараши, қолаверса, мамлакатда қонун устуворлигининг мустаҳкам эмаслигидан фойдаланади. Жиноятчилар пул, бойлик илинжида одамларнинг қадрини, соғлиғини сотишга уринади.

БМТнинг гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси яқинда эълон қилган маърузада COVID-19 пандемияси шароитида қалбаки дори-дармонлар ва тиббий муолажа воситалари савдоси авж олаётганини таъкидлади. Маъруза билан танишар экансиз, ҳақиқатан ҳам пандемия инсоният учун янги-янги муаммоларни келтириб чиқараётганига гувоҳ бўласиз.

Ҳозир COVID-19га қарши кураш учун дори-дармон ва тиббий жиҳозларга бўлган талаб кескин ошган. Бу эса, бозор қалбаки маҳсулотларга тўлиб кетишига сабаб бўлмоқда. Носоз ҳарорат ўлчагичлардан тортиб, қўлбола усулда тайёрланган дори-дармонлар ва сифатсиз сунъий шамоллатиш ускуналаригача сотилмоқда.

БМТ бошқармаси маърузасида айтилишича, трансмиллий жиноий гуруҳлар тиббий материаллар ва дори-дармонлар танқислигидан унумли фойдаланиш пайида бўлмоқда. Улар мураккаб вазиятга тушиб қолган одамларнинг руҳиятини, нимага эҳтиёжи борлигини тезда англаб бундан ўз манфаати йўлида фойдаланмоқда. Қолаверса, жиноий гуруҳлар қонунчиликдаги кемтикларни топиб ва жазоланишдан қўрқмай ҳаракат қилаяпти.

БМТ бошқармаси қалбаки тиббий маҳсулотлар билан савдо қилиш бутун дунёда ортиб бораётганига ишончли далилларни келтиради. Масалан, ҳозир Аргентина қонун ҳимоячилари лицензияга эга бўлмасдан ниқоб, дезинфекцияловчи воситалар ва шахсий ҳимоя учун зарур буюмлар ишлаб чиқараётган компаниянинг фаолияти устидан текширув олиб бормоқда.

Апрель ойида Словения ҳукумати Босния ва Герцеговинадаги компанияга уч миллион дона ниқоб учун гаров сифатида 300 минг евро ўтказган, аммо ҳалигача бирорта ниқоб олмаган. Энди берилган пул қайтмаслиги шубҳасиз.

Март ойида Германия соғлиқни сақлаш ташкилотлари Швейцария ва Германия фирмалари билан ниқоб етказиб бериш бўйича 15 миллион евролик шартнома имзолаган. Маълум бўлишича, ушбу фирмаларнинг веб-сайтлари Испаниядаги қонуний тарзда ишлаётган компания веб-сайтининг қалбаки нусхаси экан.

Яна бир мисол: Нигерия ҳукумати мамлакатда хлорохиннинг йирик партияси пайдо бўлганини қайд этди. Бу эса қалбаки дори-дармонлар ишлаб чиқарилаётганига ишорадир.

Россияда ҳам коронавирус пандемиясидан бойлик орттирмоқчи бўлган жиноий гуруҳлар анча фаоллашгани кузатилмоқда. Яқинда бу ерда сифатсиз ёки қалбаки сунъий ҳаво бериш ускуналарини етказиб бериш билан боғлиқ фирибгарлик жиноятлари устидан суриштирувлар бошланди. Худди шундай воқеалар Буюк Британия, Босния ва Герцеговинада ҳам қайд этилган.

Яқинда Таиландда 3 минг 300 дона ишламайдиган термометр қўлга олинди. Ушбу қалбаки маҳсулотлар учта давлат орқали мамлакатга кириб келган.

COVID-19 билан боғлиқ жиноий ишлар АҚШда ҳам тез-тез учрамоқда. Америкалик истеъмолчилар йилнинг биринчи чорагида 13,4 миллион долларга чув тушган.

Буюк Британияда март ойининг ўзида онлайн-фирибгарлик бўйича 2 мингта жиноий иш қайд қилинди. Улар сафида контрабанда товарлари билан савдо қиладиган 471 та «дўкон» ҳам бор.

Товламачилар ҳатто, ҳали мавжуд бўлмаган вакцинани ҳам сотишга ҳаракат қилишмоқда. Яқинда АҚШда COVID-19га қарши ҳали ишлаб чиқарилмаган вакцинани реклама қилаётган веб-сайт аниқлангани шов-шувга сабаб бўлди.

«COVID-19 пандемиясидан фойдаланмоқчи бўлган жиноятчилар аҳолининг қўрқувини манипуляция қилиб ҳамда дори-дармон ва шахсий ҳимоя воситаларига талаб ортганидан фойдаланиб, одамларнинг ҳаёти ва соғлиғини хавф остига қўймоқда, – дейди БМТ гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ижрочи директори Гада Вали.

Унинг таъкидлашича, трансмиллий жиноий гуруҳлар қонунчилик ва назорат соҳасидаги камчиликлардан фойдаланиб қалбаки ёки сифатсиз тиббий маҳсулотлар савдоси билан шуғулланмоқда. Шунинг учун мамлакатларга қонун устуворлиги устидан назоратни мустаҳкамлаш, жиноятчиликка қарши кураш тизимини такомиллаштиришга кўмак бериш лозим. Шунингдек, у мазкур йўналишда ҳамкорликни кенгайтириш ва жамоатчиликни хабардор қилиб бориш ҳам муҳим масалалардан бири эканини қайд этди.

Дарвоқе, жиноятчилар «рақамли алдовлардан» фойдаланиш имкониятини ҳам қўлдан чиқармаяпти. Булар фишинг, онлайн-фирибгарлик, тадбиркорларнинг электрон почталарини бузиб кириш, харидорларни ишонтириш учун қонуний иш олиб бораётган компанияларнинг веб-сайтларига ҳужум қилиш кабилардир. Таъкидлаш жоизки, бу жиноятларнинг барчасига пандемия ваҳимаси қўл келмоқда.

Бошқарма экспертларининг огоҳлантиришича, COVID-19га қарши вакцина пайдо бўлгандан кейин жиноятчиларнинг ҳаракати яна ўзгаради. Улар вакцина контрабандасини, улардан ҳимоя қилувчи воситаларнинг ноқонуний савдосини авж олдиради. Шунингдек, бошқарманинг фикрича, келгусида коронавирусга қарши сафарбар этилган инфратузулмаларга, жумладан, дори-дармонлар ва материаллар харидига киберҳужумлар ҳам тўхтамайди.

Хуллас, маърузада таъкидланганидек, бу каби жиноятларга қарши туриш учун ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар базасини мустаҳкамлаш ҳозирги куннинг долзарб вазифаси бўлиб қолмоқда. Қолаверса, қалбаки тиббий воситаларни жиноий йўл билан ишлаб чиқариш ва хуфёна сотишга қарши курашда глобал миқёсда келишилган ёндашув зарур эканини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда.