Самарқандда давом этаётган БМТнинг Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш бўйича конвенцияси иштирокчилари конференциясининг 14-йиғилиши (CMS COP14) қатнашчилари бугун янгидан барпо этилаётган “COP14 яшил жамоат парки”да дарахт кўчатлари ўтқаздилар.
Жамоат парки учун Самарқанд туманидаги Янгижой маҳалласи ҳудудидан 4,5 гектар ер майдони ажратилган. Бу ерда 2,5 минг тупдан ортиқ дарахт кўчатлари ўтқазилиши билан бирга шахмат бурчаги, чой павильони, велойўлак ташкил этилмоқда.

– Жамоат паркида ландшафт дизайни асосида “СОР” сўзи акс эттирилади ва бу ушбу боғнинг қачон, нима мақсадда ташкил этилгани рамзи бўлади, – дейди Ўзбекистон экологичя, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов. – Биз бу ерда ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш бўйича конвенцияга ва Самарқандда ўтказилган йиғилишга доир маълумотларни жойлаштирамиз. Махсус бурчаклар ташкил этилади ва бу парк "CMS COP14" даврида ташкил этилган боғ сифатида тарихда қолади.
Паркда турли хил дарахт кўчатлари, жумладан шумтол, заранг, япон сафораси, қрим қарағайи экилиши режалаштирилган.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари