“Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, LTD” МЧЖ компанияси томонидан 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ташкил этилган “Oʼzbekistonda Yangi yil Promo-aksiyasi 2020» Промо-акцияси доирасида кўплаб қимматбаҳо совринлар ўйналган ҳамда унда миллионлаб истеъмолчилар иштирок этган ва совринларни қўлга киритган.
Бироқ бу каби акцияларнинг ўтказилиши билан боғлиқ жараёнлар ва ютуқларни ўз эгаларига топширилишида истеъмолчиларнинг манфаати бузилмаяптими, деган савол юзага келмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига компания томонидан ўтказилган Промо-акцияда бош соврин ҳисобланган “NISSAN SYLPHY” автомобилларидан бирининг ғолибига айланган фуқаро Сайфиддин Норматов мурожаат қилган. 2021 йил 14 январь куни “ZOʼR TV” телеканалидаги жонли эфирда у томонидан ўйналган “DIP440NR” прома кодли қопқоқ ғолиб деб топилгани, эфирда у билан телефон орқали боғланишганлигини ҳамда “NISSAN SYLPHY” автомобилини қўлга киритганлигини маълум қилишган.
Аммо, ҳозирда белгиланган тартибда расмийлаштирилган “DIP440NR” прома кодли қопқоғи вояга етмаган фарзанди томонидан чиқиндига ташлаб юборилганлиги сабабли, унга ютуқ сифатида чиққан “NISSAN SYLPHY” автомобили компания томонидан берилмаётганлигини билдирган.
Фуқаро Сайфиддин Норматов ва унинг турмуш ўртоғи ҳарбий бўлиб, айнан 14 январда акция ғолибига айланиши уларнинг бахтиёрлигини икки карра оширган.
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси мазкур ҳолат бўйича компания раҳбариятига расмий мурожаат қилиб, фуқаро Сайфиддин Норматовга ютуқли совринни топширилишида амалий ёрдам сўраган. Лекин компания расмийлари ютуқ топширилиши учун албатта “DIP440NR” прома кодли қопқоқ компанияга топширилишини сўрашган.
Шундан сўнг, Федерация фуқаронинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш мақсадида Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судига даъво аризаси киритган.
Мазкур даъво аризаси суд томонидан кўриб чиқилиб, жорий йилнинг 1 июлида Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судининг қарорига асосан, фуқаро С.Норматовни “Oʼzbekistonda Yangi yil Promo-aksiyasi 2020» Промо-акцияси доирасида ўтказилган акция ғолиби сифатида эътироф этиш ҳамда «Nissan Sylphy» русумли автомобилни даъвогарга топшириш мажбурияти «Coca-Cola Uzbekistan, LTD» МЧЖ компанияси зиммасига юклатилган.
Аммо, ҳануз “Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, LTD” МЧЖ компанияси фуқаронинг ютуғини топширмасдан келмоқда. Компания масъулларига қилинган қўнғироқлар эса жавобсиз қолмоқда.
Компания катта эҳтимол билан ютуқни бермаслик учун суднинг қарори устидан аппеляция шикояти бериш тараддудида бўлиши мумкин.
“Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, LTD” МЧЖ компанияси томонидан Марказий Осиёдаги энг йирик истеъмолчи бозорига эга бўлган давлатда Промо-акцияни ўтказилиши компаниянинг имижига ижобий таъсир кўрсатган.
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Халқаро истеъмолчилар ташкилоти (Consumers International)нинг тўлақонли аъзоси сифатида “Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, LTD” МЧЖ компанияси томонидан ўтказилган Промо-акция ишини юқори баҳолайди.
Бугунги кунда ютуқли прома кодли қопқоқ фуқаро томонидан йўқотилган. Аммо, ушбу ютуқли прома кодли қопқоқ мазкур фуқаронинг номига расмийлаштирилган. Ундан бегона шахслар фойдалана олмайди. Шунингдек, ютуқли прома кодли қопқоқни бошқа шахс топиб олиб ютуқни олиш имкониятига эга эмас.
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ушбу ҳолатни ўрганиб чиқиб, халқаро умумэътироф этилган нормалар ва қадриятларга таянган ҳолда, инсон, унинг шаъни ва қадр қимматини олий даражадаги масала сифатида тан олиб, фуқаро Норматов Сайфиддинга промо-акция ғолиби сифатида “NISSAN SYLPHY” автомобилини топширилишини мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайди.
Агарда шу ҳолат Ғарб мамлакатларининг бирида содир бўлгандами, ўзини ҳурмат қилган компания дарҳол, ҳеч қандай баҳоналарсиз ютуқни ўз эгасига топширган бўлар эди. Нима ҳам дер эдик, “Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, LTD” МЧЖ компаниясига инсоф берсин.
Маълумот учун, бугунги кунда “Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, LTD” МЧЖнинг 57% давлат улушини Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги бошқариб келмоқда.