Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Чжоу Мэн: Ўзбекистон инвестиция киритиш учун жуда қулай давлат
23:42 / 2024-05-26

Хитой Халқ Республикаси иқтисодиёти юксак даражада ривожланган, айниқса ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, машинасозлик каби соҳалар тараққий этган дунёдаги қудратли давлатлардан бири. 

Ушбу мамлакатнинг Шинжон-Уйғур автоном районидаги Хоргос шаҳарчаси бўйлаб Марказий Осиё давлатларидан келган журналистлар учун ташкил этилган экскурсия давомида бунга яна бир бор гувоҳ бўлдик.

Бир неча обеъкт – музей, ишлаб чиқариш корхоналари, чегарадан ўтиш жойида бўлган ҳамкасбларимиз ўзгача таассурот олишди. Боиси, ҳар бир манзил замонавий технология билан жиҳозланган, иш энг илғор тажриба асосида йўлга қўйилган. Кузатиб, шундай хулосага келдимки, бу ерда ҳар бир ходим – раҳбардан оддий ишчигача, ҳамма қилаётган ишига чуқур масъулият билан ёндашади, тартиб, интизомга қатъий амал қилади, белгиланган вазифани виждонан бажаради. Чин диёри шу даражада ривожланиши хитой халқининг айни фазилатлари туфайли бўлса, ажабмас.

Пресс-тур давомида “Xinjiang Natural Fragranse Agrecultural Science and Technology Co. Ltd” фаолияти билан ҳам танишдик. 2021 йил ташкил этилган мазкур компания стевия уруғини етиштириш, экиш, бирламчи ва чуқур қайта ишлаш билан шуғулланади. Экспортга йўналтирилган юқори технологияли корхонада ўсимлик нави кўпайтирилади, шу йўналишда тадқиқот олиб борилади, табиий, фойдали маҳсулот ишлаб чиқарилади. Ўн турдаги маҳсулотнинг 40 фоизи ички бозорга, қолгани экспортга чиқади. Стевиядан инсулин ишлаб чикариш қуввати бўйича компания дунёда учинчи ўринда туради. Жами 7 минг гектар жойда ўстирилаётган ўсимликдан йиллига 18 минг тонна маҳсулот тайёрланади. Стевия кўчатидан олинадиган шакар юз фоиз табиий, оддий шакардан фарқи – таркибида қўшимча калория йўқ. Бинобарин, шакарнинг зарарли томони айнан таркибида мавжуд концентратлар билан боғлиқ. Яъни, ширинлик кишини семиртиради, ҳазм жараёнини қийинлаштиради. Шунинг учун ҳам мутахассислар шакарни кўп истеъмол қилмасликни тавсия этади. Айтишларича, стевия шакари безарар, ҳатто қандли дибет хасталигига чалинганлар учун фойдали ҳам экан.

“Xinjiang Natural Fragranse Agrecultural Science and Technology Co. Ltd” компанияси бош директори Чжоу Мэнни суҳбатга чорлаганимизда, “Ўзбекистонданмисиз?” дея сўради ва мамлакатимиз ҳақида жуда илиқ фикр билдирди:

-Ўзбекистонга кўп борганман, мамлакатингиз менда яхши таассурот қолдирган. Ери унумдор, иқлими мўътадил юртнинг улкан бозори, айниқса инвесторлар учун яратилган қулай шароит менга маъқул келган. Халқингиз меҳнаткаш, ҳалол. Яқин келажакда Ўзбекистонда компания филиалини очиб, стевия ўстиришни йўлга қўймоқчимиз. Қўшимча калориясиз шакар ўзбек халқи учун жуда зарур. Ҳамкорлик натижасида сифатли маҳсулот ишлаб чикариб, нафақат ички бозорни таъминлаш, балки қўшни мамлакатларга экспорт қилиш ҳам мумкин. Кўплаб ўзбек тадбиркор дўстларим билан гаплашиб, фикр алмашиб тураман. Самарқанд, Бухоро, Хива сингари шаҳарларга тез-тезбориб тураман, тарихингиз, маданиятингизни ҳурмат қилман. Саёҳатдан маънавий озуқа оламан. Бир сўз билан айтганда, диёрингиз ҳамкорлик қилиш, сармоя киритиш учун жуда қулай. Шу имкониятдан фойдаланмоқчиман.

Шинжон-Уйғур автоном райони бўйлаб саёҳатимиз давомида хитойликлардан мамлакатимиз ҳақида кўп ижобий фикр эшитдик. Айниқса, ишбилармон доира вакиллари республикамизни илиқ таърифлаб, ҳамкорлик бўйича режалари ҳақида сўзлаб беришди. Демак, айни мавзудаги мақолаларимиз давом этади.

Гўзал Сатторова, ЎзА

Хитой, Шинжон-Уйғур автоном райони