Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Чустда чигит экишга старт берилди
15:35 / 2024-03-18

ФОТОРЕПОРТАЖ

Баҳорнинг ҳар дақиқаси ғанимат. Айниқса, қишлоқ хўжалигида ерни тезроқ экишга тайёрлаш, маҳаллий ўғит жамғариш, сув йўлларини тартибга келтириш каби долзарб вазифаларни тез фурсатда ва сифатли бажариш зарур.  

Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов ушбу йўналишдаги агротехник тадбирлар ижроси билан танишиш мақсадида Чуст туманига борди.

Жараёнда Зарафшон ММТП ҳудудидаги “Чуст Зарафшон файз”  фермер хўжалигида баҳорги қишлоқ хўжалиги ишларининг бориши ўрганилди. Шунингдек, Зарафшон маҳалласидаги аҳоли хонадонларида томорқадан фойдаланиш ҳолати кўздан кечирилди.

[gallery-16477]

Вилоят раҳбари озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, бунда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришнинг муҳимлигини таъкидлаб, миришкор чустликларнинг бугунги ишларини эътироф этган ҳолда, айрим камчиликларни бартараф этиш юзасидан масъулларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берди.  

Вилояти ҳокими тумандаги ўрганишлари давомида Норхўжаев номидаги ММТП ҳудудида жойлашган “Нуриддинбой Эъзозбек” фермер хўжалиги даласида бўлди. Шу ерда жонлиқ сўйилиб, туман нуронийлари, жамоатчилик иштирокида чигит экишга оқ фотиҳа берилди.  

Шунингдек, вилоят раҳбари бошчилигидаги ишчи гуруҳ Шоён маҳалласи ҳудудидаги аҳоли хонадонларига кириб, томорқадан фойдаланиш ҳолати билан танишди.

Шундан сўнг, вилоят ҳокими “Машъал” ММТП ҳудудида жойлашган “Чуст Иброҳимшоҳ” фермер хўжалигида ғалла майдонларини инновацион усулда суғориш жараёнини кўздан кечирди. Шу ҳудуддаги Қайирма маҳалласида хонадонлар томорқаси билан танишиб, ердан самарали фойдаланиш бўйича кўрсатмалар берди.

Таъкидлаш жоиз, Чуст туманида жорий йил ҳосили учун 10046 гектар майдонда ғалла парваришланмоқда. Ғаллани озиқлантириш, замонавий технологиялар орқали суғоришни ташкил этиш каби масалаларга эътибор қаратилди.  

Шунингдек, бу йил туман бўйича 3845 гектар майдонга чигит экилади. Вилоят раҳбари фермер хўжаликларида амалга оширилаётган ишларни кўздан кечирди. Жараённи тез ва сифатли ўтказиш, бунда техникалардан самарали фойдаланиш борасида мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берди.  

 

Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА