Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Чуст туманига инновацион лойиҳалар учун 7,1 миллиард сўм маблағ ажратилди
11:22 / 2021-04-29

1 минг 200 нафар беморга хизмат кўрсатадиган онкологик касалликларни диагноз қилиш бўйича инновацион скрининг хизматининг йўлга қўйилгани нафақат туман, балки вилоят аҳли учун катта туҳфа бўлди.

Бу Наманган вилояти Чуст туманида “Ҳудудларни инновацион ривожлантириш бўйича Чуст тажрибаси, ҳудудий илмий-инновацион салоҳият, эришилган натижалар ва истиқболли режалар таҳлили” мавзусидаги ҳудудий форумда қайд этилди.  

Инновацион ривожланиш вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган форумда Наманган вилояти олий таълим муассасалари ректорлари, проректорлар, илмий ходимлар, профессор-ўқитувчилар иштирок этмоқда.  

Чуст туманини инновацион ҳудудга айлантириш лойиҳаси доирасида амалга ошириладиган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан 7,1 миллиард сўм маблағ ажратилган. Ҳудудий олий таълим ва илмий ташкилотлар томонидан янги ишланмаларни тижоратлаштиришга тайёрлаш бўйича ишлаб чиқилган 9 лойиҳа 4,7 миллиард сўмга молиялаштирилди.

– Президентимизнинг 2016 йил 30 декабрда фан дарғалари билан учрашуви илм-фанда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бошланиши бўлди, – деди форумда инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов. – Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 18-19 февраль кунлари Наманган вилоятига ташрифи давомида Чуст туманини инновацион ҳудудга айлантириш бўйича топшириқлари эса мана шу заминга илм-фан натижаларини олиб киришимиз учун кенг имконият яратди. Маълумки, илм-фан катта маблағ ва вақтни талаб этади, битта олим етишиб чиқиши учун камида 10-15 йил керак. Тадқиқотлар олиб бориш учун катта-катта лабораториялар зарур. Ташкил этилаётган инновацион ҳудудлар, хусусан Чуст туманида олимларнинг йиллар давомида амалга оширган тадқиқотлари натижалари – тайёр илмий ишланмалар халқимизга етказиб берилади.

– Инновацияга эътибор бу, аввало, ёшларга, хусусан илм-фанга бўлган эътибордир, – деди Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов. – Чунки Чуст тумани инновацион ҳудуд номини олиши баробарида, ёшларнинг инновацион лойиҳалари амалга татбиқ этилади. Бу туман учун катта ютуқ. Мазкур форум бунинг бошланиши. Халқаро доирадаги форумларни ҳам Чустда ўтказиш мақсадимиз бор. Муҳими, бундай тадбирлардан кейин ёшларнинг илм-фанга қизиқиши ортиши билан бирга бандлиги таъминланади.  

Туманда “Инновацион тупроқ клиникаси” мобиль лабораториясини ташкил этиш учун 884 миллион сўм йўналтирилди. Шунингдек, Чуст шаҳрини бепул Wi-Fi (интернет) билан таъминлашга 500 миллион сўм ҳамда туманнинг олис ҳудудларида жойлашган 10 мактабда интернетсиз ишлайдиган инновацион кутубхона ташкил этиш лойиҳасига 150 миллион сўм маблағ ажратилди.

Туманда Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармасининг 907 миллион сўм маблағлари ҳисобидан 1,2 минг нафар касалга хизмат кўрсатадиган онкологик касалликларни диагноз қилиш бўйича инновацион скрининг хизматининг йўлга қўйилиши саратон касаллигининг олдини олиш, эрта аниқлаш ва даволаш чораларини кўришга қаратилган. Мазкур хизмат вазирлик ҳузуридаги Илғор технологиялар марказида акселератордан ўтган стартап лойиҳа бўлиб, у наманганлик ёш олима Шоҳиста Рустамова томонидан яратилган.

Жорий йил якунигача Чуст шаҳрида кичик инновацион технологияларга ўқитиш ва улардан фойдаланишга ўргатувчи инновацион бизнес-акселератор ташкил этилади. Акселератор ёшларда муҳандислик кўникмаларини шакллантириш ва инновацион фаолиятга бўлган қизиқишни уйғотиш, уларнинг ахборот технологиялар бўйича билим олиши ва иш билан таъминланиши, шунингдек, ҳудуднинг ижтимоий ҳолатини яхшилашга хизмат қилади.

Форум доирасида соҳага оид 30 дан ортиқ инновацион лойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтди.

Назокат Абдуқундузова,  

Инновацион ривожланиш вазирлиги  

Ахборот хизмати раҳбари.