Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Чуст инновацион ҳудудга айланиши учун 7,1 миллиард сўм йўналтирилади
10:29 / 2021-04-30

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 18-19 февраль кунлари Наманган вилоятига ташрифи чоғида Чуст туманини инновацион ҳудудга айлантириш бўйича тегишли топшириқ белгиланган эди.

Жорий йил 1 апрель куни давлатимиз раҳбарининг "Илмий ва инновацион фаолиятни ривожлантириш бўйича давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги фармони қабул қилинди.

Мазкур фармон билан Чуст тумани ҳокимлиги бошқарув аппаратида туман ҳокимининг инновацияларни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозими жорий этилди.

Ҳужжатга кўра, Чуст туманини инновацион ҳудудга айлантириш лойиҳаси доирасида амалга ошириладиган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан жами 7 миллиард 100 миллион сўм маблағ ажратилган.

Ҳудудий олий таълим ва илмий ташкилотлар томонидан янги ишланмаларни тижоратлаштиришга тайёрлаш бўйича ишлаб чиқилган жами 9 та лойиҳага 4 миллиард 700 миллион сўм маблағ молиялаштирилди.  

Туманда "Инновацион тупроқ клиникаси" мобиль лабораториясини ташкил этиш учун 884 миллион сўм маблағ сарфланади.  

Шунингдек, Чуст шаҳрини бепул Wi-Fi (интернет) билан таъминлашга 500 миллион сўм ҳамда туманда ташкил этиладиган онкологик касалликларни скрининг қилиш инновацион марказини ташкил этишга 907 миллион сўм, олис ҳудудларда жойлашган 10 та мактабда интернетсиз ишлайдиган инновацион кутубхона ташкил этиш лойиҳасига 150 миллион сўм маблағ ажратилди.  

Шундан келиб чиққан ҳолда туман маданият марказида "Ҳудудларни инновацион ривожлантириш бўйича Чуст тажрибаси, ҳудудий илмий-инновацион салоҳият, эришилган натижалар ва истиқболли режалар таҳлили" мавзусида ҳудудий форум бўлиб ўтди.  

Унда Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов, Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов иштирок этди.  

Форум доирасида соҳага оид 30 дан ортиқ инновацион лойиҳанинг тақдимоти бўлиб ўтди.

– Инновацияга эътибор бу аввало ёшларга, хусусан илм-фанга бўлган эътибордир, – деди Шавкат Абдураззоқов. – Чунки Чуст тумани инновацион ҳудуд номини олиши баробарида, ёшларнинг инновацион лойиҳалари амалга татбиқ этилади. Бу аввало, туман кўрсаткичи учун ҳам бир катта ютуқ. Мазкур форум бошланиши. Халқаро доирадаги форумларни ҳам ўтказиш мақсадимиз бор. Бу ўз навбатида ёшлар бандлигини таъминлашда катта аҳамиятга эгадир.

[gallery-2218]

Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА