Бухоро вилояти Шофиркон тумани марказидан 110 километр олисда, бепоён Қизилқум чўли бағрида жойлашган “Чуруқ” овулидаги 43 та хонадонда жами 283 нафар киши яшайди. Чуруқликлар асосан чорвачилик ва йилқичилик билан шуғулланади.
Қардош қозоқ миллатига мансуб юртдошларимизнинг ўй-фикри, муаммолари, яшаш тарзи доимий эътибор марказида.

Янги йил байрами олдидан ҳудудга вилоят ҳокими Ботир Зариповнинг ташрифи ҳам моҳиятан овулликлар кўнглини кўтариш, қолаверса, мавжуд муаммоларни ҳал этиш чораларини кўришга қаратилганлиги билан аҳамиятли бўлди.

Ташриф доирасида туман ҳокимлиги томонидан чуруқликлар учун байрам дастурхони ёзилди. Янги йилга бағишлаб концерт дастури ташкил этилди. Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими Ботир Зарипов йиғилганларни байрам билан қутлади. Ўзининг энг эзгу тилакларини билдирди. Болажонларга байрам совғалари улашилди. Шундан сўнг вилоят раҳбари овул аҳолисининг муаммоларига қулоқ тутди.


Овул нуронийлари кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликдан мамнун эканликларини билдириб, Президентимизга миннатдорлик изҳор этди. Шундан сўнг овулдаги 39-умумтаълим мактабининг шарт-шароитлари ўрганилди. Байрам олдидан арзонлаштирилган ярмарка ташкил этилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.