Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Чоштепада янги уйлар қурилмоқда
16:32 / 2018-12-21

Бугун пойтахтимизнинг Сергели туманида қурилиш кранлари шунчалик кўпки, худди дарахтзорга ўхшайди.


Бугун пойтахтимизнинг Сергели туманида қурилиш кранлари шунчалик кўпки, худди дарахтзорга ўхшайди. Бу бунёдкорлик ишлари кўламидан, шиддатидан.

photo5253815987919235490.jpg

Жумладан, “Чоштепа” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ҳам кўп қаватли уй бунёд этилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев янги уй-жойларни бориб кўрди.

Бу ерда 27 гектар ер майдонида янги қурилиш технологиялари асосида жами 3 минг 696 хонадонли 66 та кўп қаватли уй қурилмоқда.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2017 йилдан бошлаб мамлакатимизнинг барча шаҳарларида турар жойга муҳтож оилалар учун арзон ва ҳар томонлама қулай уй-жойлар қурилиши бошланган. Аҳоли учун ҳар томонлама қулай бўлган бу каби арзон уйлар охирги 20-25 йил давомида Тошкент шаҳрида бирорта ҳам барпо этилмаган. Шаҳарларда қурилган уйлар ҳам асосан қиммат тижорат уйлари бўлиб, бу уйларни ижтимоий ҳимояга муҳтож ва бюджетдан маош оладиган оилалар олиш имкониятига эга бўлмаган.

Хусусан, 2017 йилда пойтахтимизда жами 5 минг 532 хонадонли 151 та уй фойдаланишга топширилган. Сергели туманида 4 минг 284 хонадонли 102 та арзон уйлар бунёд этилган. Шунингдек, 2 минг 444 хонадонли 75 та тижорт уйлари қурилган.

Жорий йилда пойтахтимизда барча манбалар ҳисобидан 11 минг 400 хонадонли 258 та кўп қаватли уйлар қурилди. Жумладан, уй-жойга муҳтож оилалар учун Сергели туманида 4 минг 992 хонадонли 120 та, Чоштепа маҳалласида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар учун 1 минг 176 хонадонли 21 та, собиқ Чинни заводи ҳудудида 324 хонадонли 7 та, Яшнобод тумани Олмос маҳалласида ҳарбийлар учун 900 хонадонли 30 та кўп қаватли арзон уй барпо этилди.

Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг июль ойида Чоштепа маҳалласига ташриф буюриб, қурилиш жараёни билан танишган, уйларнинг мустаҳкам ва пишиқлигига, уларни қуришда замонавий, янги ва самарадор технологиялардан фойдаланилаётганига алоҳида эътибор қаратган, мутасаддиларга бунёдкорлик ишларини ўз вақтида ва сифатли якунлаш бўйича топшириқлар берган эди.

Қайд этиш лозимки, Чоштепа маҳалласида қурилаётган уйлар маҳаллий бюджетга прогнозга нисбатан қўшимча тушумлар ҳамда ҳомийлар маблағлари ҳисобига барпо этилаётгани билан аҳамиятлидир. Уйлар Тошкент шаҳар ҳокимлиги тасарруфида бўлиб уй-жойга муҳтож оилалар ва ногиронларга вақтинча яшаб туриш учун ва кейинчалик имтиёзли кредит расмийлаштирган ҳолда хусусий мулк сифатида бериш белгиланган.

Ўтган давр мобайнида бу ерда кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди. 1 минг 176 хонадонга мўлжалланган 21 та уй тайёр ҳолатга келтирилди. Ҳар бир уй 7 қаватдан ва 2 та кириш йўлагидан иборат бўлиб, 56 хонадондан ташкил топган. 

Аҳамиятли томони, Туркиянинг инновацион технологиялари асосида бинонинг ташқи деворлари энергия тежамкор материаллар билан қопланган. Бу уйларни қишда иссиқ, ёзда салқин бўлишини таъминлайди.

Президентимиз ушбу уйлардан бирини кириб кўрди. Қурилиш соҳасида янги тизим яратилганини, бу аҳолини уйли қилиш билан бирга кўплаб иш ўринлари ҳам очаётганини таъкидлади.

Мавзеда маҳалла гузари ҳам бунёд этилган бўлиб, унда маҳалла раиси ва маслаҳатчилари хоналари, уй-жой мулкдорлари ширкати, профилактика инспектори хонаси, кутубхона фаолият юритади.

Шавкат Мирзиёев туманнинг 8-даҳаси ёнида қуриладиган уйлар участкасида ҳам бўлди. Бу ерда 27 та 9 қавтли турар жой барпо этилади, яна кўплаб оилалар уй билан таъминланади.

photo5253815987919235491.jpg

photo5253815987919235492.jpg

photo5253815987919235493.jpg

photo5253815987919235494.jpg