Бухоро вилояти Жондор тумани марказидан 13 километр узоқликдаги “Чорзона” маҳалла фуқаролар йиғинида 17-сонли маданият маркази қайта чирой очди. Туман ҳокимлиги ва ҳомийлар томонидан 1,7 миллиард сўм маблағ ажратилди.Бино қурилишида пудратчи “Иброҳим Нодирабегим юлдузи” МЧЖ ишчи-мутахассислари жонбозлик кўрсатди. Иншоотни фойдаланишга топшириш тадбирида вилоят ҳамда туман мутасаддилари, жамоатчилик вакиллари, меҳнат фахрийлари, ёшлар иштирок этди.
Тадбирда сўз олган вилоят ҳокимининг ўринбосари Ботир Шаҳриёров барчани табриклади. Мазкур маданият марказининг ҳудуд аҳолиси маънавий-маърифий ҳаётини юксалтириш, айниқса, санъат ва мусиқага, бадиий ижодга қизиқиши бўлган ёшларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашдаги аҳамияти хусусида тўхталди.



Шундан сўнг алвон лента қирқилиб, йиғилганлар маданият марказида яратилган шарт-шароит билан яқиндан танишди. Мусиқа ва санъатга ошуфта баркамол авлод учун марказда анъанавий хонандалик, рақс, драма, миллий чолғу асбоблари, доирачилар тўгараклари, қизлар учун қўл меҳнати тўгараклари фаолияти йўлга қўйилмоқда. Маскан ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, ижодий тўгараклар фаолиятини ривожлантириш ва миллий қадриятларни тарғиб этишга хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.