Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Чорвадор: “Нўноқ мутахассис бўлиб ўзини ҳам, одамларни ҳам қийнагунча кўзи ўткир чорвадор бўлсин”
14:40 / 2022-04-10

Аллоҳнинг инояти билан қиш чилласида тушмаган ёмғиру қорлар қир-адирларни, Тахтақарачаю Қамчиқ довонларидаги йўлларни кўкламнинг биринчи кунлариданоқ нишонга олди.

Осмон булутга тўлди,   кун қоронғулашиб чунонам ёмғир ёғдики, баъзи жойларда қор кўчди,  қияликлардан тупроқ силжиб йўлларни тўсиб қўйди. Автомашинада водийдан пойтахтга  келаётган автомашиналар довондаги ёғингарчилик туфайли овораю сарсон бўлганини айтмайсизми. Бундай ҳолат анча йиллардан бери кузатилмаган ва қишлоқ оқсоқолларининг айтишларича табиатда нимаики ўзгаришлар юз бераётган бўлса ҳаммаси Яратганнинг инояти, вой-дод дейишга асло ҳожат йўқ. Чунки ёғингарчилик керак, жуда керак эди. Сув омборлару қир адирлар, тоғлар қорга, сувга интиқ эди. Она ер  Гоби  чўлларида қолган  монгол чўпонлари сингари чанқаган, жуда чанқаган эди. Ҳатто  мартнинг дастлабки кунларида одамлар Аллоҳдан сув сўраб, жонлиқ сўйиб, ариқ бўйларида қозонлар осиб, дуолар қилиб  дарвишона маросимларини  ўтказишга киришган эди. Кўпнинг дуоси, чўпонларнинг кўз ёши жалага айланди, ариқлару кўчалар бўтана  бўлиб оқди, оқмоқда, қир-адирларда автомашиналар ҳам юролмайдиган бўлиб қолди.
–Яйловлар қуриб кетяпти, намлик йўқлигидан қирларда фақат  тош кўзга ташланади, қурғоқчилик юз берса   чорванинг ҳоли нима кечаркин, деган ўйда юрган эдик. Ёмғирли кунлар бошлангач кўнгил ёришиб кетди, аммо тошқинлар энди ҳавотирга солмоқда.  Нима бўлганда ҳам чорвадорга қийин, уни доимо муаммолар чулғаб туради,– дейди Оҳангарон туманидаги Овжазсой қирларида чорвачилик ортидан қадр топаётган мулкдор, “Асли Жумагул чорвадори” фермер хўжалиги раҳбари  Олим Мансуров.–  Бизнинг аждодлар мана шу қирларда қўй боқиб тирикчилик қилган. Отамнинг оталари  жуда катта бой ўтган, шўролар давлати уни бой бўлгани сабабли молларини тортиб олиб ўзини сургун қилган. Яратганнинг инояти билан замон буткул ўзгарди, айниқса  Шавкат Миромонович Президент бўлгач, элни эзгуликка йўллайдиган тадбиркор кишиларга йўл очилди. Давлат тадбиркор учун барча имконни яратиб бермоқда. Чунки  бизнес давлат хазинасини бойитадиган манба. Агар шу қирларда моллару  қўй-қўзилар боқилмаса чўлистондан фарқи қолмайди. Ҳар қандай жой одам билан, меҳнаткаш кишилар билан обод. Машаққат чеккан, ёзу қишнинг чилласига, иссиқ-совуғига чидаган кишигина юксалликка эришади, бой бўлади. Ростини айтсам бундан 17 йил аввал 300 бош қўйим бор эди. Жониворларни кўпайтиришга астойдил интилдим. Уч ўғлим Дилшод, Бекзод ва Шерзодлар ёнимда кўмакдош бўлди. Айни чоғда ҳам улар менга  энг яқин ёрдамчи. Эчкиларим 1 минг 100 бошдан, қўйлар 550 бошдан ошди, ихтиёримизда 500 гектар яйлов, 20 гектардан ортиқ суғориладиган ер бор.
Олим Мансуровнинг айтишича, ўғиллар институтда ўқишни исташмади. “Ота  бизга қўйни, эчкиларни кўрсатинг, чўпонлик қиламиз, шу касбдан қулайи йўқ” дейишди. Бу гапга ота йўқ демади, нўноқ мутахассис бўлиб ўзини ҳам, одамларни ҳам қийнагунча кўзи ўткир  чорвадор бўлсин, деди, ёшларни ёнига олди. Мансуровнинг икки қизи эса институтда ўқияпти, муаллим бўлишади. Уларнинг билим олаётгани, зеҳни ўткирлигидан ота хурсанд. Бахтли бўлишсин, Аллоҳ доимо қўлласин, дейди.

Вилоятимиз ҳокими ҳам туман ҳокими ҳам тадбиркорга қайишадиган одамлар. Улар ҳар бир йиғилишда ташкилот раҳбарларига муаммони судраб юрмаслик керак, жойида ҳал қилинг, қонун талабига мосми, ишни битириш керак, дейишади. Шунга қарамай баъзан кўриниб турган ва бир неча бор айтилган иш қолиб кетаяпти. Масалан, ўзимни хўжалигимда. Ҳар йили  қиш мавсуми  ва қўзилаш даврида чорвани бир қисмини ёғингарчиликлардан пана қилишда қийналиб қоляпмиз. Гап мана шу бир пайтлар  совхоздан қолиб кетган иккита ферма биносини  тиклаш ва қайта  қуриш устида боряпти. Қурилишга руҳсат сўраб кадастр идорасига ҳам туман ҳокмига ҳам бир неча бор мурожаат қилдим. Натижа йўқ. Аслида менга қурилиш ашёлари ҳам моддий кўмак ҳам керак эмас. Биргина фермани тиклаш учун кадастр идорасининг  руҳсати керак. Ўзбошимчалик билан қуриб олсам эртага бузинг дейишлари аниқ. Икки карра харажат қилмай деб кадастр идорасидан кўмак сўраяпман. Ҳозирча дардимни ҳеч ким эшитмаяпти,– дейди  Олим Мансуров.–  Айни чоғда эчки ва қўйлар  жунига ҳам харидор йўқ. Бу табиий жунни   қандай қилиб  кимга сотамиз, қайта ишлаш учун кимга мурожаат қилиш керак, ҳозирча бу масала ҳам ҳал этилгани йўқ. Агар мана шундай муаммолар тезкорлик билан ечимини топса  чорва бош сонини шу йилнинг ўзидаёқ бир ярим бараварга кўпайтириш мумкин. Ахир қўйлару эчкилар туғаяпти. 
Жониворга ўз боласидек меҳр берадиган  чўпоннинг  қўйларию эчкилари эгиз болалаши ҳам ҳеч кимга сир эмас. Вилоят “Чорванасл” худудий марказининг тумандаги вакили билан фермернинг  отарларида бўлдик. У тилга олган ва кадастрнинг бир варақ қоғозига маҳтал бўлиб қурилиши тўхтаб турган жойни ҳам кўрдик. Минг афсус, бизда ҳамон тўрачилик, сансалорлик ҳукмрон. Кадастр идораси ўз вакилини шу қирга жўнатса, Олим ака давлат хизматчиси учун қонун доирасидаги пулни ҳам тўлайди, ҳатто у меҳмон шарафига эчки ё қўй сўяди.  Бу  танти фермернинг эътирофи.
5 километр узоқликдаги қўшни қишлоқдан фермасию  қир бағридаги янги уйига элекр сими тортиб  келиш учун Ангрен шаҳридаги хонадонини таваккал қилиб  сотган  Олим аканинг шижоати, чорвани кўпайтиришга астойдил бел боғлаганию унинг камтарлиги  бизни ҳайратга солди. 
–10 метрга 30 метрлик  қилиб иккита  ферма ва айвонлар қурсам, мана шундай ёғин-сочинли кунларда эчкилару совлиқлар ҳам туғилган қўзилар ҳам  бошпанага эга бўларди.  Елкамдан тоғ ағдарилгандек бўларди. Насиб этса мана сиз эшитдингиз, шу баҳона катталар эшитиб муаммони ҳал этишар.  Ҳозир эса  чорвадор бўлиб шу ерларга эгалик қилаётганимдан хурсандман. Акс ҳолда сиз билан кўришмасдик. Ва мен  боболаримнинг руҳини шод қилиб меҳнат қиляпман, деб  айта олмасдим.

Абдунаби Алиқулов, 
журналист  
ЎзА