Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалига Осиё тараққиёт банкининг халқаро консультантлари — Леонард Леунг , Паоло Манунт ҳамда Уильям Уиллис ташриф буюришди.
Меҳмонлар филиал раҳбарияти билан учрашув ўтказиб, Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ҳамда Осиё тараққиёт банки ҳамкорлигида тайёрланаётган “Иқлим ўзгаришида мослашувчан чорвачиликни барқарор ривожлантириш” лойиҳасининг мазмун-моҳияти ва истиқболли йўналишлари ҳақида фикр алмашдилар.

Мазкур лойиҳа мамлакат чорвачилик тармоғини модернизация қилиш, қишлоқ аҳолиси фаровонлигини ошириш ҳамда иқлим ўзгаришига мослашувчан ишлаб чиқариш тизимини шакллантиришга хизмат қилиши таъкидланди. Шунингдек, чорва молларининг маҳсулдорлигини ошириш, озуқа базасини мустаҳкамлаш, инфратузилмани яхшилаш ҳамда ҳайвонлар саломатлиги билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш режалаштирилган.

Шундан сўнг, халқаро консультантлар филиалнинг профессор-ўқитувчилари билан мулоқот ўтказиб, илмий-амалий йўналишдаги фаолият, кадрлар тайёрлаш сифати ва рақамли технологияларни жорий этиш масалаларини муҳокама қилдилар. Учрашув давомида аёл ўқитувчилар учун малака ошириш курсларини ташкил этиш ва улар орқали фермер хўжаликларида замонавий тажрибаларни татбиқ этиш бўйича таклифлар илгари сурилди.
Меҳмонлар филиалнинг илмий салоҳияти, ўқув жараёнлари ва лаборатория инфратузилмаси билан танишиб, мавжуд имкониятларни ижобий баҳоладилар.
Учрашув якунида томонлар илмий-амалий ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма лойиҳалар устида ишлаш ва чорвачилик соҳасида инновацион ташаббусларни амалга ошириш бўйича келишиб олдилар.
Довуд Абибуллаев, ЎзА