Мамлакатимизда чорвачилик соҳасини ривожлантиришга қаратилган тизимли ишлар изчиллик билан амалга оширилмоқда. Жумладан, аҳоли хонадонларидаги чорва молларининг наслини яхшилаш орқали гўшт ва сут маҳсулотларига бўлган ички талабни қондиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу мақсадда Боёвут туманида Сирдарё вилоят ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси ташаббуси билан ўқув-амалий семинар ташкил этилди. Унда вилоятнинг турли ҳудудларидан чорвачилик соҳасида фаолият олиб бораётган фермер хўжаликлари раҳбарлари ва ветеринария мутахассислари иштирок этишди.
– Бугунги семинар-тренинг доирасида чорва молларини сунъий уруғлантириш, идентификация ва рақамлаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Тадбирнинг асосий мақсади аҳолини сифатли гўшт ва сут маҳсулотлари билан таъминлаш, фуқаролар даромадини ошириш ҳамда турмуш фаровонлигини юксалтиришдир, – деди Сирдарё вилоят ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Илҳом Махатов.
Семинарда асосий эътибор қорамоллар маҳсулдорлигини ошириш, наслли қорамоллар сонини кўпайтириш ва соҳада замонавий ёндашувларни татбиқ этиш масалаларига қаратилди. Соҳа мутахассислари томонидан сунъий уруғлантиришнинг афзалликлари бўйича батафсил маълумот берилди. Бу усул қорамол зотини яхшилаш, маҳсулдорликни ошириш ҳамда турли хасталикларга қарши самарали муҳофазани таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Шунингдек, шунга ўхшаш ўқув-амалий семинарлар Гулистон туманида ҳам ўтказилди. Мулоқотлар чоғида мутахассислар томонидан қорамолларни тўғри парваришлаш, уларнинг соғломлигини таъминлаш ва юқори маҳсулдорликка эришишга оид амалий тавсиялар берилди. Хонаки чорва молларининг наслини сунъий уруғлантириш орқали яхшилаш зарурлиги кенг тушунтирилди.
– Бугунги семинар нафақат чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари, балки аҳоли вакиллари учун ҳам жуда фойдали бўлди. Чорвачилик ва наслчиликни ривожлантириш юзасидан кўплаб амалий ғоялар ва тавсияларга эга бўлдик, – деди боёвутлик фермер Бахтиёр Эшбўриев.
[gallery-23396]
Мазкур тадбирлар нафақат чорвачилик соҳасини ривожлантириш, балки вилоятда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, фермерлар ва аҳолининг иқтисодий барқарорлигини таъминлашга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятли бўлди.
Ғулом Примов, Шаҳриёр Ортиқбоев (сурат),
ЎзА мухбирлари