Учқудуқ тумани вилоят марказидан қарийб 330 километр олисда жойлашган бўлиб, аҳолининг асосий қисми чорвачилик билан шуғулланади. Туманда чорвачилик йўналишида жами 120 та субъект фаолият кўрсатаётган бўлса, шундан 98 таси қўйчилик, 5 таси қорамолчилик, 6 таси йилқичилик, 7 таси туячилик, 2 таси паррандачилик ва яна шунчаси балиқчилик йўналишларига тўғри келади.
Мавжуд субъектларда жами 1 минг 202 бош йирик шохли мол, шундан 507 бош сигир, 68 минг 897 бош майда шохли мол, 1 минг 382 бош от, 870 бош туя ва 3 минг 390 бош парранда парвариш қилинмоқда.
– Сифатли гўшт ва сут маҳсулотлари етиштириш эътиборда, – дейди “Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Зулфия Бобоева. – Айни пайтда Инспекция туман бўлими томонидан соҳани янада ривожлантириш, амалга оширилаётган чора-тадбирлар ижросини таъминлаш мақсадида қатор назорат тадбирлари ўтказиб келинмоқда. Шунингдек, чорвачилик йўналиши юзасидан фармон ва қарорлар мазмун-моҳияти юзасидан профилактик тадбирлар ҳам ўтказилиб, қонунчиликка киритилаётган ўзгариш ва қўшимчалар тўғрисида маълумотлар берилмоқда.
Жорий йил ўтган даври мобайнида чорвачиликда наслчилик ишлари тўғрисидаги ва бошқа норматив ҳужжатларга риоя этилиши устидан Инспекция туман бўлими томонидан жами 91 та назорат тадбири ўтказилган.
– Тадбирлар давомида 92 та қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйилгани аниқланди, – дейди “Ўзагроинспекция” туман бўлими катта инспектори Феруз Бойназаров. – Хусусан, шундан 74 таси қўйчилик, 5 таси қорамолчилик, 6 таси йилқичилик, 7 таси туячилик йўналишларида аниқланган хато ва камчиликлардан иборат. Аниқланган камчиликлар юзасидан огоҳлантириш хатлари, бажарилиши шарт бўлган ёзма кўрсатмалар берилди. Шунингдек, қонун бузилишини бартараф этиш учун тегишли ташкилот ва ҳокимликларга 5 та тақдимнома киритилди.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 сентябрдаги “Ҳайвонларни идентификация қилиш, уларни ҳисобга олиш, ҳисобдан чиқариш ва сақлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган низом бандларида кўрсатилган талаблар бажарилиши юзасидан инспекциянинг туман бўлими томонидан берилган ёзма кўрсатмаларга риоя қилмаган тегишли ташкилотларнинг чорва бўйича масъул икки нафар ходимига нисбатан тўпланган материаллар қонуний қарор қабул қилиш учун туман судига юборилган.
А.Бўриев, ЎзА