Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Чорвачиликда замонавий тажрибалар самараси
13:47 / 2022-12-02

Тошкент вилоятида мавжуд чорва молларининг зотини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада хорижий давлатлардан жами 2 минг 533 бош наслли қорамол, 25 минг 570 бош қўй, 1 минг 7 бош эчки, 16 бош от, 797 минг 361 бош бир кунлик жўжа, 2 миллион 642 минг 280 дона наслли тухумлар четдан олиб келинган. Барча чорва ҳайвонлари белгиланган тартибда давлат реестрига киритилиб, рўйхатга олинган. Қолаверса, вилоятда мавжуд 213 та наслчилик хўжаликлари томонидан шу кунгача қорамол, қўй-эчкилар, жўжа, тухум, қуён ва асалари оилалари фермер хўжаликлари ва аҳоли хонадонларига шартнома асосида етказиб берилмоқда.

Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ ва Бўстонлиқ туманларида ташкил этилган пресс-турда шулар ҳақида батафсил маълумот берилди. Журналистлар чорвачилик хўжаликлари фаолияти ва наслчилик ишлари бўйича амалга оширилаётган ишлар  билан таништирилди.  

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси томонидан ташкил этилган тадбир Юқори Чирчиқ туманидаги “Эргаш ота” МЧЖга қарашли фермер хўжалиги билан танишишдан бошланди.  

1997 йилда ташкил этилган мазкур чорвачилик комплексида Голштин зотли 1 минг 150 бош қорамол парваришланмоқда. Бу ерда 50 нафардан зиёд маҳаллий аҳоли ишламоқда. Чорва озуқасини яратиш учун 425 гектар сувли ер майдони ажратилган. Хўжаликда “Гидропоника” усулидаги сифатли озуқа тайёрлаш технологияси йўлга қўйилган. Хўжалик томонидан йилига 150 дан 200 бошгача наслли мол ва ўртача 1400 тонна сут маҳсулотлари ички бозор учун етказиб берилмоқда.  

Навбатдаги манзил Бўстонлиқ тумани бўлди. Ҳозир ҳудудда балиқчилик ва паррандачиликни ривожлантириш борасида ўзига хос тажриба тўпланган. Хусусан, “Думалоқ” МФЙ ҳудудидаги "Sharq Baligi" корхонаси ўтган йили фаолият бошлаган. Бу ерда интенсив усулда форель балиғи етиштирилмоқда. Бунинг учун 20 та махсус сув ҳовузлари ташкил этилган. Корхона йилига 450-500 тонна балиқ маҳсулотини ишлаб чиқариш қувватига эга.  

Бўстонлиқ тумани Ғазалкент маҳалласидаги “Тошкентбалиқсаноат” МЧЖ фаолияти  иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. 2022 йилда ташкил этилган  корхонада форель балиқлари садок усулида етиштирилмоқда. Умумий садоклар сони 12 тани ташкил қилиб, ҳар бир садокда 2-2,5 тонна балиқ етиштириш имконияти мавжуд. Корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 400-450 тоннани ташкил этади.  

Пресс-тур давомида журналистлар мутахассислар билан суҳбатлашди. Мавзу бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.  

 

 

А.Мусаев, ЎзА.