Тошкент вилояти Оҳангарон туманида “Ўзбекистон Республикасида чорвачилик ва унинг тармоқларини ривожлантириш бўйича қарорлар билан белгилаб берилган имтиёзлар” мавзусида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.
Тадбирда туман ҳокими Баҳром Норқобилов, Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси вакиллари, "Ўзнаслчилик" корхонаси масъуллари. Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институти, Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий ишлаб чиқариш маркази олимлари, соҳавий мутахассислар ҳамда чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этди.

Семинарни туман ҳокими Б.Норқобилов очиб, мамлакатимизда чорвачилик тармоғини модернизация қилиш, наслчилик базасини мустаҳкамлаш, юқори маҳсулдор чорва зотларини кўпайтириш ҳамда соҳада тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида қабул қилинган қарорлар ва яратилаётган имтиёзлар ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.
Таъкидланганидек, соҳада илмий ёндашувни кучайтириш, инновацион технологияларни жорий этиш ва халқаро тажрибани ўрганиш орқали кутилган маҳсулдорликни ошириш бугунги куннинг устувор вазифаларидан ҳисобланади.

Семинар давомида олимлар ва мутахассислар томонидан турли долзарб мавзуларда маърузалар тингланди. Жумладан, чорвачилик тармоқларини ривожлантиришда илмий ёндашувнинг аҳамияти, наслчилик ишларини такомиллаштириш, сунъий уруғлантириш технологияларини кенг жорий этиш, хориждан наслли молларни олиб келиш ва уларни маҳаллий шароитга мослаштириш, хорижий молиявий институтлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Хусусан, Оҳангаронда жорий йил учун умумий қиймати 848 миллиард сўмлик 59 та лойиҳа режалаштирилган бўлиб, унинг ҳисобидан четдан наслли 6 минг 350 бош қорамол ва 2 минг 961 бош қўй ҳамда 816 минг бош наслли парранда олиб келинади. Шу билан бирга, қорамолчиликда 5,6 миллиард сўмлик 19 та, қўйчиликда 26 миллиард сўмлик 20 та, йилқичиликда 3 миллиард сўмлик 2 та, паррандачиликда 812 миллиард сўмлик 6 та, балиқчиликда 1 млрд. сўмлик 1 та, асаларичиликда 660 миллион сўмлик 10 та, сут маҳсулотини қайта ишлаш бўйича 550 миллион сўмлик 1 та лойиҳа шакллантирилган ва йил якунига ишга туширилади.

Мутахассислар томонидан фермерлар учун амалий тавсиялар берилди, соҳада учраётган муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан фикр алмашилди.
— Олимлар билан мулоқотда фаолиятимизга оид кўплаб янгиликларни билиб олдик. Айниқса, наслчиликни тўғри йўлга қўйиш, халқаро молия ташкилотлари маблағлари ҳисобидан имтиёзли кредитлар асосида янги лойиҳаларни амалга ошириш мумкинлиги менга жуда манзур бўлди. Шу бўйича биз каби чорвадорларга яратилган қулайликлардан тўғри фойдаланиш зарур. Ҳозир бизнинг хўжалигимизда 400 бош қўй парвариш қилиняпти. Келгусида қўшимча тармоқларни ишга тушириш режамизда бор. Бу жараёнда соҳадаги илмий ва халқаро тажрибалар қўл келади, — дейди "Отахон" фермер хўжалиги раҳбари Абдужаббор Аҳмедов.

Тадбир доирасида иштирокчилар “Agro Eko Farm” МЧЖ чорвачилик комплекси фаолияти билан яқиндан танишди. Бўрдоқичиликка ихтисослашган мазкур комплексда бугунги кунда 400 бошдан ортиқ қорамол ва 2 минг 800 бош қўй парваришланмоқда. Комплексда замонавий парвариш усуллари жорий этилган бўлиб, 15 та янги иш ўрни яратилгани аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Семинарни кенг ёритиш мақсадида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди. Журналистлар комплекснинг иш жараёни, яратилган шароитлар ва қўлланилаётган технологиялар билан танишиб, мутахассислардан батафсил маълумотлар олдилар.
Мазкур илмий-амалий семинар чорвачилик соҳасида илмий ютуқларни амалиёт билан уйғунлаштириш, фермерларнинг билим ва кўникмаларини ошириш ҳамда тармоқни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
А. Мусаев, ЎзА