Жиззах шаҳридаги “Zafaron Hotel” анжуманлар залида вилоятда чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантиришга қаратилган мулоқот, матбуот анжумани ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар учун медиа-тур ташкил этилди.
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ташаббуси билан ўтказилган тадбир соҳага йўналтирилган йирик халқаро инвестиция лойиҳасининг амалий натижаларини жамоатчиликка етказишга қаратилди.
Матбуот анжуманида Франция тараққиёт агентлиги (AFD) иштирокида амалга оширилаётган, чорвачилик соҳасини халқаро стандартлар асосида ривожлантиришни кўзда тутувчи инвестиция дастурининг асосий йўналишлари тақдим этилди. Ушбу лойиҳа озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, замонавий технологияларни жорий этиш ва аҳоли бандлигини оширишга хизмат қилмоқда.
— Биз учун ушбу лойиҳанинг энг муҳим жиҳати — фақат молия киритиш эмас, балки маҳаллий тизимни барқарор ишлайдиган даражага олиб чиқишдир, — деди Франция тараққиёт агентлигининг Жиззах вилоятидаги вакили Абдуҳамид Мусурмонов. — Ветеринария, қайта ишлаш, аёллар тадбиркорлиги ва рақамли мониторинг ягона занжир сифатида қаралмоқда. Шу боис натижалар ҳам комплекс тус олмоқда.
Таъкидланганидек, лойиҳа доирасида умумий маблағ ҳажми 147,1 миллион еврога тенг бўлиб, у 2022–2026 йилларга мўлжалланган. Дастур нафақат чорва моллари сонини кўпайтириш, балки соҳада қўшилган қиймат занжирини шакллантириш, қайта ишлаш ва экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган.
Лойиҳа натижалари аниқ рақамларда ҳам ўз аксини топган: 3085 та янги иш ўрни яратилган, 825 нафар аёл иш билан таъминланган, 1256 нафар ветеринар мутахассис малакасини оширган, 321 та сублойиҳа молиялаштирилган. Шу билан бирга, иштирокчилар учун 40 фоизгача грант маблағлари ажратилган.
Абдуҳамид Мусурмоновнинг таъкидлашича, аёллар бандлиги лойиҳанинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади:
— Қишлоқ ҳудудларида аёлларнинг иқтисодий фаоллиги ошмас экан, барқарор ривожланишга эришиб бўлмайди. Бир аёл тадбиркор — бу оила, маҳалла ва ҳудуд иқтисодиётига таъсир қиладиган куч, — деди у.
Инновацион ёндашув сифатида ветеринария соҳасида “VIS Monitoring” онлайн тизими жорий этилган. У орқали ҳайвонлар орасидаги касалликлар реал вақт режимида назорат қилиниб, эпизоотик хавфларга тезкор жавоб бериш механизми шакллантирилган. Бу тизим касалликларнинг олдини олишда муҳим омил сифатида баҳоланмоқда.
[gallery-27487]
Матбуот анжуманидан сўнг иштирокчилар учун Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида жойлашган “Чақмоқ” фермер хўжалигига медиа-тур ташкил этилди. У ерда замонавий чорва иншоотлари, сут ва гўшт етиштириш, қайта ишлаш жараёнлари ҳамда “яшил” технологияларнинг амалда қўлланилаётгани намойиш этилди.
Мутахассислар фикрича, мазкур лойиҳа Ўзбекистонда чорвачиликни инновацион, барқарор ва рақобатбардош соҳага айлантиришга қаратилган энг йирик халқаро дастурлардан бири бўлиб, унинг натижалари ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётида узоқ муддатли самара беради.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА