Мамлакатимиз чорвачилиги ва ветеринария соҳасида жорий йилда амалга оширилган салмоқли ишлар қишлоқ хўжалигида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасидир.
Соҳани модернизация қилиш, маҳсулдорликни ошириш, наслчилик базасини кучайтириш бўйича сезиларли жадаллик кузатилди. Энг аввало, умумий қиймати 5,6 триллион сўмлик 1 минг 85 та лойиҳанинг амалга оширилгани соҳанинг иқтисодий ҳаётида кейинги босқичларни белгилаб беради. Ушбу лойиҳалар доирасида 217 минг бош қорамол ва 281 минг бош қўй-эчкининг четдан олиб келингани мамлакатда юқори маҳсулдор зотларга бўлган эҳтиёж қанчалик катта эканини кўрсатади. Шунингдек, импорт орқали келган зотлар кейинги йилларда маҳсулдорлик ва генетик сифатни оширишда муҳим аҳамиятга эга.
Наслчиликда амалга оширилган ишлар эса 2025 йил натижаларининг энг муҳим қисмини ташкил этади. Икки миллион уч юз минг бош сигир ва тананинг сунъий уруғлантирилиши натижасида яхшиланган насл улуши 75 фоизга етди. Бу рақам статистик кўрсаткичдек кўринса-да, амалда маҳсулдорлик динамикаси, озуқа самарадорлиги, сут ва гўшт сифатининг барқарор ўсиши каби кўплаб омилларни белгилайди.
Бу билан бирга, Қорақалпоғистонда эмбрион тайёрлаш ва кўчириш бўйича “in vitro” лабораторияларининг ишга туширилгани Ўзбекистонда чорва генетикасини саноат миқёсида бошқариш имконияти ортаётганини англатади. Бу лабораториялар натижаси тез эмас, лекин стратегик аҳамияти жуда баланд. Улар маҳсулдор зотларни ўзимизда шакллантириш ва кўпайтириш, четдан тайёр зот харидига боғлиқликни камайтиришга хизмат қилади.
Соҳадаги яна бир муҳим тенденция — бозор иштирокчиларининг кўпайишидир. Тугаётган йилда чорвачилик билан шуғулланувчи субъектлар сони 19 минг 158 тага етди. Бу 2020 йилга нисбатан сезиларли ўсишдир. Бозорга янги иштирокчилар кириб келаётгани иқтисодий имкониятлар кенгаяётганини, соҳанинг хусусий сектор учун жозибадор эканини кўрсатади. Айниқса, балиқчилик ва паррандачилик субъектларининг катта улуши озиқ-овқат хавфсизлиги стратегияси қулай йўналишда бораётганини англатади.
Озуқа базасини мустаҳкамлаш борасида ҳам жиддий ўзгаришлар амалга оширилди. 470 минг гектардан ортиқ хашак майдони шакллантирилди, шундан 165,5 минг гектари беда ҳисобланади. Пахта ва ғалла майдонларининг 10 фоизига беда экилиши ер айланмаси ва тупроқ унумдорлиги нуқтаи назаридан муҳим қадам. Бутун соҳанинг барқарорлиги эса айнан озуқа базасига боғлиқ эканини ҳисобга олсак, бу рақамлар 2025 йилнинг энг аҳамиятли натижалари қаторига киради.
Йил якуни бўйича эришилган натижалар ҳам барқарор ўсишни тасдиқлади: 3 миллион 54 минг тонна гўшт, 13 миллион тонна сут ва 9,2 миллиард дона тухум етиштирилди. Бу кўрсаткичлар йиллик ўсиш 3–4 фоиз атрофида эканини кўрсатса-да, бозор кенгаяётгани, субъектлар сони кўпаётгани ва генетика сифатининг ошиши инобатга олинса, бу ўсиш келаси йилларда яна юқори суръатда давом этиши кутилмоқда.
– Янги йил учун белгиланган вазифалар ўтган йилларда бошланган ислоҳотларнинг навбатдаги босқичига ўтишни назарда тутади, – дейди Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Жабборов. – Келгуси йилда 5,5 триллион сўмлик 1 минг 500 та лойиҳа амалга оширилиши кутилмоқда. Бунда 400 минг бош чорва яратилиши ва 25 мингга яқин иш ўрни очилиши режалаштирилган. Энг катта ўзгаришлардан бири Тошкент вилоятида янги Наслчилик илмий-ишлаб чиқариш марказининг ташкил этилишидир. Бу марказда 4,5 миллион доза буқа уруғи, 1 миллион доза қўчқор уруғи ва 20 минг доза от уруғи ишлаб чиқарилиши режалаштирилган. Шу билан бирга, 10 минг донали эмбрион лабораториясининг ишга туширилиши жаҳон стандартлари даражасида фермерчиликни генетик янгилаш босқичига олиб чиқади.
Келгуси йилда мингта сут йиғиш шохобчасини яратиш ва аҳоли хонадонларини кооперация тизимига интеграция қилиш режаси эса майда хўжаликларни ягона бозор механизмига улаш имконини беради. Бу маҳсулот сифати, гигиена ва бозор барқарорлиги учун улкан қадам ҳисобланади. Шунингдек, 315 миллион долларлик халқаро кредитларни жалб қилиш режаси ҳам соҳанинг технология ва инфратузилма жиҳатидан юқори даражага кўтарилишига хизмат қилади.
Умуман олганда, 2026 йилда белгиланган режалар соҳани технологик ва генетик жиҳатдан янги босқичга кўтаришга қаратилган. Эришилаётган натижалар ва қўйилган мақсадлар мамлакат чорвачилиги учун муҳим аҳамиятга эга.
ЎзА