French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Чорвачилик жадал ривожлантирилади
20:14 / 2024-09-19

Президент топшириғи амалда

Давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан Наманган вилоятининг Поп туманида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолининг бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш мақсадида 5 минг бош  эчки ва 10 минг бош зотдор қўй олиб келинади.

Бу ҳақида Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқовнинг Поп туманининг олис ва тоғли ҳудудлари саналган Чоркесар, Маданият, Бунёдкор, Имон ота маҳаллаларида чорвачиликни ривожлантириш борасида аҳоли ва масъуллар билан учрашувда маълум қилди.  

[gallery-19361]

Жараёнда тегишли мутасаддилар томонидан ҳам табиати, ҳам шароити қулай бўлган ушбу ҳудудларда аҳоли учун оилавий тадбиркорлик дастури доирасида имтиёзли кредит асосида эчкичиликни ривожлантириш бўйича керакли тавсиялар берилди. Бу орқали ҳудуддаги 1,5 минг хонадонда чорвани кўпайтириш, эчкичилик хўжаликларини ташкил этиш ишлари олиб борилади.  

– Чоркесар ва Маданият қишлоқларининг ангор эчкилари-ю жун маҳсулотлари довруғи дунёга кетган, – деди мулоқотда вилоят раҳбари. – Бу эзгу анъаналарни тиклайдиган вақт келди. Наманганда эчкичиликни саноат даражасига олиб чиқиш учун жиддий ҳаракат бошлаганмиз.  

Вилоят ҳокими бошчилигидаги Ишчи гуруҳ ўрганишларида Маданият маҳалласида яшовчи Сабохон ая Мирзаабдуллаева хонадонида бўлди.

Эчки тивитидан тўқилаётган кийим-кечакларга талаб катта. Кўпдан буён жун маҳсулотларидан кийим-кечак тўқиб, даромад топаётган тоғли хонадон соҳибаси ўз меҳнати билан уч нафар фарзандни вояга етказиб, уйли-жойли қилди.  

Аянинг айтишича, ҳар бир тўқиган маҳсулотнинг донасидан 100 минг сўм даромад қолади, маҳалладошлар билан кунига ўндан ортиқ маҳсулот тайёрланади. Энг асосийси, бу иш мавсум танламайди, доимий харидоргир.  

Вилоят ҳокими қўй-эчкилар сонини кескин кўпайтириб, жундан маҳсулот тўқиб, даромад топишни оммалаштириш, шу билан биргаликда, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича зарурий чора-тадбирларни кўриш юзасидан топшириқлар берди.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.