Бухоро вилояти Вобкент қишлоқ хўжалиги тармоқлари қаторида чорвачиликни ривожлантириш, қорамол бош сонини кўпайтириш, наслини яхшилаш ҳисобига маҳсулдорлигини ошириш, халқимиз дастурхонига маҳаллий шароитда ишлаб чиқарилган сифатли ва арзон чорва маҳсулотларини узлуксиз етказиш каби муҳим лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Туманда бугунга келиб бевосита чорвачиликка ихтисослашган жами 36 та қорамолчилик, шундан 10 та наслчилик йўналишидаги фермер хўжалиги ва оилавий корхона фаолият юритиб келмоқда.

Чорва йўналишида “Заҳро юлдузи” ва “Муҳаммадали Аюбхон” фермер хўжаликларида умумий қиймати 30 миллиард 600 миллион сўмга молиялаштирилган лойиҳани айтиш мумкин. Икки хўжалик чет элдан “сментал”, “голштейн” зотли наслдор қорамолдан 600 бош харид қилмоқда. Бу лойиҳа туфайли хўжаликларда қўшимча 20 кишининг моддий манфаатдорлиги таъминланади. Ҳозирда мазкур хўжаликларда бўрдоқичилик ва сут етиштириш йўналишларида боқилаётган қорамоллар учун етарли озуқа захирасини яратиш, талаб ва эҳтиёжга яраша чорва озуқаси экиб етиштириладиган қўшимча экин ери олишга эътибор қаратилмоқда.
Хўжаликларда парваришланаётган наслдор моллар учун туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими томонидан малакали ветеринария сервис хизматлари кўрсатиш бўйича ҳудуддаги 12 та ветеринария хизмати кўрсатиш участкаси фаолияти йўлга қўйилган. Мазкур ветеринария участкалари томонидан ветеринария хизмати кўрсатиб келинаётгани баробарида чет элдан келтирилаётган наслдор қорамол уруғларидан сунъий қочириш ишлари олиб борилаётгани ҳам соҳа ривожига бўлган эътибордан далолат.

Кўлодина маҳалласида фаолият юритаётган Шуҳрат Сапоев бундан 5 йил олдин 33 миллион кредит олиб беш бош қора мол олиб ишни бошлаган. У оиласи билан бирга қорамол боқиб, орзу-ҳавасларини рўёбини кўрмоқда.
– Ёшлигимдан чорвачиликка қўйган меҳрим туфайли кам бўлмадим, –дейди Шуҳрат Сапоев. – Шу кунларда парваришлаётган қорамол сони 20 бошга етган. Бундан йил давомида қўлга киритадиган даромадимизни чамаласак, 150 миллион сўмдан кам эмас. Ҳозирда чорва моллари озуқаси учун экин ерини кенгайтириб, фаолиятимизни жонлантиряпмиз. Бир гектар боғимиз ҳам бор. Шу билан бирга, уйимизда парранда боқиб, тухум ва парҳезбоп гўшт етиштиришга ҳам эътибор қаратяпмиз.

Дарҳақиқат, чорвачилик бу маҳсулдорлик, даромад, қолаверса, фаровонлик гаровидир. Жорий йил бошидан туманда барча тоифадаги хўжаликларда қорамол бош сони 122 минг бошга етиб, шундан соғин сигир сони 38 минг, қўй ва эчки сони 123 минг, парранда сони эса 319 минг 800 бошга ўсишга эришилган. Худди шундай, ҳудудда қорамол гўшти ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 4 минг тоннани, сут ишлаб чиқариш ҳажми эса 20 минг тоннадан зиёдни ташкил этаётгани халқимиз дастурхони тўкинлигини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракат натижаси, албатта.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.